ҲАНБАЛИЙЛИК
Мазҳаб асочиси Имом Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбалдир. Олим Бағдод шаҳрида милодий 780-йилда таваллуд топиб, 855 йили вафот этган. Имом Ҳанбалнинг фаолияти даврига келиб, илм-фаннинг барча соҳалари ўзининг энг юқори босқичларига кўтарилди. Айниқса, Бағдод шаҳри дунёнинг етакчи илм марказига айланиб улгурди. Куфа, Басра, Макка, Мадина, Яман, Шом, Жазоир каби ўнлаб шаҳарларга сафар қилиб, бошқа мазҳаб вакилларининг юзлаб устозларидан таҳсил олди.
Имом Ҳанбал Қуръон, сунна, саҳобийлар сўзлари, ижмога асосий этибор қаратиб, саҳобий қавлларини қиёсдан устун қўяди. Имом Ҳанбал асос солган ҳанбалийлик мазҳаби асосан VIII аср охири ва IX аср ўрталарида тарқалса-да, фақат маълум ҳудудлар билангина чекланиб қолди. Унинг тарафдорлари Макка,Мадина ва бошқа араб мамлакатларида учрайди. Имом Ҳанбалнинг “Муснад” номли китобига жами қирқ мингдан зиёд ҳадислар киритилган.
Мана азизлар! Қисқача бўлса ҳам энг асосий тўртта фиқҳий мазҳаблар ҳақида тушунчага эга бўлдик. Бу тўрт фиқҳий мазҳабнинг ташкил топиши пайғамбаримиз (алайҳис-салом)дан кейин икки аср орасида ниҳоясига етди. Улур орасида баъзи бир-биридан фарқли жиҳатларнинг бўлиши табиий. Лекин, уларнинг барчаси мужтаҳид фақиҳ бўлганлари учун барча мусулмонлар уларнинг мазҳабларини ҳақиқий, деб тан оладилар. Лекин инсон ҳар бир ишда бу мазҳабларнинг фақат биттасигагина эргашиши мумкин, яъни бир масалада у мазҳабга, бошқасида бу мазҳабга амал қилиши дуруст эмас.
Муаллиф: З.Эшонқулов – ЎМИ Самарқанд вилоят вакили, вилоят бош имом хатиби (манбалар асосида)
Киритилган вақти: 17/10/2019 16:54; Кўрилганлиги: 1659
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 02:39