Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Саховат ва бағрикенглик — миллат кўзгуси

 
 

Динимиз инсонпарварлик ва эзгуликка чорлайдиган буюк қадриятларни ўзида мужассам этган. Ана шундай улуғ амаллардан бири — эҳтиёжмандлар ҳолидан хабар олиш, қалби озорланган инсонларга тасалли бериш, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган оилаларга меҳр-мурувват кўрсатишдир. Бу нафақат савобли амал, балки жамият барқарорлиги ва аҳиллигини таъминловчи муҳим омил ҳамдир.

Жорий йилнинг 28 апрель куни Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида ана шу эзгу мақсадларга қаратилган сайёр йиғилиш бўлиб ўтди. Унда Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2025» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ҳамда нуроний отахон-онахонлар иштирок этдилар.

Сайёр йиғилиш давомида тумандаги кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга амалий ёрдам ва маънавий кўмак кўрсатилди. Беморлар зиёрат қилиниб, уларнинг кўнгли кўтарилди, дуо ва илиқ сўзлар билан қўллаб-қувватланди. Зеро, инсон қалбига меҳр улашиш — энг катта саховатдир.

Шунингдек, турли ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган ёки носоғлом турмуш тарзига берилиб кетган айрим шахслар билан яккама-якка тарбиявий суҳбатлар ўтказилди. Уларда ҳаётга тўғри муносабатни шакллантириш, маънавий уйғонишга чорлаш, оила ва жамият олдидаги масъулиятни ҳис этиш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Самимий мулоқот ва ҳаётий мисоллар орқали уларга тўғри йўл кўрсатишга ҳаракат қилинди.

Сайёр йиғилиш якунида тумандаги масжидларда пешин намозидан сўнг имом-хатиблар томонидан мазмунли маънавий-маърифий маърузалар қилинди. Уларда меҳр-мурувват, бағрикенглик, ўзаро ҳурмат ва жамиятда соғлом муҳитни шакллантириш каби масалалар кенг ёритилди. Шу билан бирга, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва ёшларимизнинг порлоқ келажаги учун хайрли дуолар қилинди.

Бундай эзгу тадбирлар жамиятда меҳр-оқибатни мустаҳкамлаш, инсон қадрини улуғлаш ва бир-биримизга нисбатан масъулият ҳиссини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Чунки меҳр-мурувват бор жойда — барқарорлик, тотувлик ва барака бўлади.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати


Киритилган вақти: 28/04/2026 17:00;   Кўрилганлиги: 43
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/saxovat-va-bagrikenglik-millat-kozgusi
Чоп этилган вақт: 29/04/2026 17:53
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг