СамДУ талабалари Президент билан Японияда учрашди
18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Японияга расмий ташрифи доирасида ўзбекистонлик талаба-ёшлар билан учрашди.
Эътирофли жиҳати, Нагоя университетида таҳсил олаётган 30 нафар истеъдодли ҳамюртларимиз орасида Самарқанд давлат университетидан ўқишга юборилган икки нафар талаба ҳам бор.
Японияда ўқишини давом эттираётган самарқандлик талабаларнинг Ш.Мирзиёев билан учрашуви таассуротлари ҳақида сўрадик.
Нодир ХУШВАҚТОВ, СамДУнинг тарихшунослик ва манбашунослик кафедраси мустақил тадқиқотчиси:
- Биз таҳсил олаётган Нагоя Япониянинг илм-фан ва саноати ривожланган тарихий шаҳарларидан бири ҳисобланади. Ушбу шаҳарда Президентимизни кутиб олишга муносиб ҳозирлик кўрилди. Деярли барча кўчаларда Япония ва Ўзбекистон байроқлари ҳилпиради. Маҳаллий вақт билан соат 13:00 атрофида давлатимиз раҳбари Нагоя университетида кутиб олинди. Шавкат Миромонович билан учрашувимиз ниҳоятда ҳаяжонли кечди. Президентимиз ҳар биримиздан ҳол сўраб, самимий суҳбатлашди. Биз, ёшлар билан чексиз фахрланишини айтди. Энг сўнгги русумдаги ноутбуклар совға қилар экан, яхши ўқиб, етук мутахассис бўлиб етишишимизга ишонч билдирди. Ўз навбатида, биз ҳам Президентимизга юксак эътибор учун миннатдорчилик билдирдик ва халқимизнинг ишончини қозонишга ваъда бердик.
Шаҳбоз САБРИЕВ, СамДУнинг амалий математика факультети талабаси:
- Нагоя университетида информатика йўналиши бўйича таҳсилимни давом эттиряпман. Президентимиз билан узоқ кунчиқар юртда дийдорлашганимиз биз, ўзбекистонлик ёшларга янада куч ва жўшқинлик бағишлади. Бу нуфузли даргоҳ билан янги тузилган шартнома асосида касб ўрганишга, билим олишга ваъда бердик. Етук мутахассис бўлиб, Ватанимиз равнақига ҳисса қўшиш йўлида Президент, халқ ишончини оқлашимизни айтдик. Келажакда ўқишимни Нагоя университети магистратураси, кейин докторантурасида давом эттириш ниятим борлигини билдирдим.
Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ суҳбатлашди.
Манба: Zarnews.uz
Киритилган вақти: 19/12/2019 13:59; Кўрилганлиги: 1101
Чоп этилган вақт: 11/09/2024 19:31