Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

САМАРҚАНД ЗАМОНАВИЙ ИССИҚЛИК ХИЗМАТЛАРИ ВА ИССИҚ СУВ ТИЗИМЛАРИ БИЛАН ТАЪМИНЛАНАДИ

 
 

Энергосамарадорликни ошириш ва марказлаштирилган иссиқлик таъминоти модернизацияси" лойиҳаси шарофати билан Ўзбекистоннинг беш шаҳрида яшовчи 240 мингдан зиёд киши иссиқлик хизматлари ва иссиқ сув таъминоти бўйича сифатли хизматлардан фойдаланиш имконига эга бўлади.

Лойиҳа Халқаро тараққиёт ассоциацияси (Жаҳон банки тузилмасидаги ташкилот)нинг 140 миллион АҚШ доллари миқдоридаги кредити ҳисобига молиялаштирилади.

Ўзбекистонда қишки мавсум шароитларида барқарор иссиқлик таъминоти фуқаролар фаровонлиги, шунингдек атроф-муҳитни ифлослантириш билан боғлиқ хавфларнинг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва хавфсизлиги учун муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қўлланаётган марказлаштирилган иссиқлик таъминоти объектларининг катта қисми 1950-1970-йилларда эксплуатацияга киритилган. Бироқ кўп йиллар давомида иссиқлик таъминоти секторига етарлича эътибор қаратилмай келинган. Ўзбекистоннинг қатор шаҳарларида иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти сифати ёмонлашган, уларнинг баъзиларида эса бундай хизматлардан фойдаланишнинг умуман имкони қолмаган. Шундай экан, уй хўжаликлари кўмир ва газ печлари каби соғлиқ учун зарарли, ишончсиз, хавли ва қимматбаҳо иситиш воситаларига мурожаат қилишларига тўғри келади.

Мамлакатнинг баъзи ҳудудларидаги мактабгача таълим муассасалари кузги-қишки мавсумда иссиқлик билан таъминланмай, болалар ривожланиши учун муносиб шароит яратилмай қолмоқда.

Бундан ташқари, совет иттифоқи даврида қурилган марказлаштирилган иссиқлик таъминоти корхоналари бугунга келиб қатор сабабларга кўра яроқсиз аҳволда. Хусусан, иссиқлик энергияси учун тарифлар уни ишлаб чиқаришга кетган барча харажатларни қопламайди, аҳолига тақдим этилган хизматлар учун пул йиғиш даражаси паст экани кузатилмоқда. Шу билан бирга, магистрал ва тақсимловчи тармоқларда иссиқлик ва иссиқ сув йўқолиши юқори даражада, сектор корхоналарида бошқарув самарадорлиги паст, тегишли инфратузилма модернизацияси ва таъмирлови учун капитал етишмайди.

"Коммунал хизматларни тақдим этишни яхшилаш ҳукуматнинг бутун мамлакат бўйлаб фуқаролар турмуш даражасини оширишга йўналтирилган асосий устувор мақсадларидан биридир. Совуқ қиш ойларида уйлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар иссиқлик билан таъминланиши ҳаётий муҳим аҳамиятга эга", - деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Хидеки Мори лойиҳанинг Бухородаги тақдимотида. - Лойиҳа мамлакатнинг йирик шаҳарлар марказларидаги марказлаштирилган иссиқлик таъминоти хизматларини модернизациялаш ва яхшилашга ёрдам беради. Жаҳон банки Уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (УКХВ) ва тегишли ҳудудий ҳукуматлар билан ҳамкорликдан хурсанд".

"Энергосамарадорликни ошириш ва марказлаштирилган иссиқлик таъминоти модернизацияси" лойиҳаси Андижон, Бухоро, Чирчиқ, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларидаги кўп қаватли уйларда яшовчи 240 мингдан зиёд аҳоли учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматларини яхшилайди. Лойиҳа доирасидаги тадбирлар натижасида 2 мингдан ортиқ ижтимоий инфратузилма объекти, жумладан, болалар боғчалари, мактаблар, шифохоналар ва оилавий поликлиникалар замонавий иссиқлик хизматлари ва иссиқ сув тизимлари билан таъминланади.

Мазкур лойиҳа юқорида номлари қайд этилган шаҳарларда Ўзбекистонда биринчи марта қўлланаётган замонавий марказлаштирилган иссиқлик таъминоти моделини татбиқ қилиш имконини беради. Бу иссиқлик таъминоти энергосамарадорлигини сезиларли даражада оширади. Лойиҳа шунингдек сектор корхоналарининг янада самарали ва иқтисодий барқарор фаолиятини таъминлаш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани яхшилашга туртки беради.

Бухородаги лойиҳа тақдимотидан кейин УКХВ, маҳаллий коммунал хизматлар вакиллари ва Жаҳон банкининг лойиҳа жамоаси шаҳарнинг марказий қозонхонаси ва ижтимоий инфратузилма объектларида бўлишди ва уларнинг ҳозирги ҳолатини баҳолашди. 7 ноябрь куни Чирчиққа ҳам мана шундай танишув ташрифи амалга оширилган эди.

Бухорода Жаҳон банки вакиллари вилоят ҳокими Ўктам Барноев билан ишчи учрашув ўтказишди. Томонлар лойиҳа доирасида айни дамда Бухоро шаҳри, Олот ва Қоракўл туманларида амалга оширилаётган сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантиришга оид икки томонлама ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишди. Бундан ташқари, Жаҳон банки вилоят раҳбариятини лойиҳа доирасида келгусида амалга ошириладиган тадбирлардан хабардор қилди.

Жаҳон банки Ўзбекистонда ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш мақсадида умумий қиймати 3,3 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 18 лойиҳани ҳаётга татбиқ қилмоқда. Ушбу лойиҳалар макроиқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва сув ресурсларини бошқариш, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария, энергетика, транспорт ва шаҳар хўжалигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Улар Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.

Манба: www.zarnews.uz


Киритилган вақти: 10/11/2018 00:00;   Кўрилганлиги: 1539
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/samarqand-zamonaviy-issiqlik-xizmatlari-va-issiq-suv-tizimlari-bilan-taminlanadi
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 10:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг