Муфтий ҳазратлари Тошкент вилоятига ташриф буюрдилар
Сўнгги йилларда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган улкан ислоҳотлар ва бу хайрли ишларнинг натижаларини ҳар қадамда учратишимиз, кузатишимиз мумкин.
Ана шундай ислоҳотлар билан яқиндан танишиш, имом-хатиблар билан учрашиб, улар билан суҳбатлашиш мақсадида бугун, 2021 йил 3 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров Тошкент вилоятига ташриф буюрдилар.
Тошкент вилояти маданият марказида ўтказилган, одатдагидек, Қуръони карим тиловати билан бошланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаровнинг муфтий бўлиб сайланганларидан сўнг вилоятларга илк ташрифларини Тошкент вилоятидан бошлашларида ҳам рамзий маъно бор, албатта. Чунки бу ҳудуд пойтахтга яқинлиги, обод масжидлари кўплиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Йиғилиш аввалида Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домла Раупов Нуриддин домлани масъулиятли лавозимга сайланганлари билан самимий табриклаб, муфтий ҳазратнинг хайрли ишларида улкан муваффақиятлар тилади ҳамда жорий йилда имом-хатиблар билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар ҳақидаги ҳисоботни ўқиб эшиттирди.
Сўнгра имом-хатибларнинг иш самарадорлигини ошириш ва уларга тавсиялар бериш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ҳазратлари сўзга чиқиб, диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида тўхталдилар.
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Масжидлар бўлими мудири Муҳиддин ҳам сўзга чиқиб, ўзининг таклиф ва тавсияларини билдирди.
Тадбирда муфтий ҳазратлари Тошкент вилояти бош имом-хатиби Жасурбек домланинг динимиз равнақи йўлида олиб бораётган хайрли ишларини муносиб рағбатлантиб, ташаккурнома билан тақдирладилар.
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг даврий нашрлари – “Ҳидоят” ва “Мўминалар” журналлари ҳамда “Ислом нури” газетасига 2022 йил учун обунани уюшқоқлик билан ташкил этиш масаласи муҳокама қилинди.
Тадбир сўнгида мазкур нашрларга 2021 йил учун обунани энг кўп ташкил этган туманлар ва шаҳарлар бош имом-хатиблари “Шамсуддинхон Бобохонов” нашриёт-матбаа ижодий уйининг совғалари билан тақдирландилар.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 03/11/2021 15:48; Кўрилганлиги: 991
Чоп этилган вақт: 20/09/2025 14:43