Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Малайзия телевиденияси орқали юртимизнинг зиёрат туризми имкониятлари ҳақида маълумот берилди

 
 

Хабар берганимиздек, ҳозирда юртимизнинг зиёрат туризми имкониятларини намойиш қилиш мақсадида Малайзияда бўлиб турган делегациямиз вакиллари қатор тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.

Делегация таркибида тарғибот ишларида фаол қатнашаётган Самарқанд вилояти бош имом хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Малайзия 1-телеканали орқали юртимиз, унинг бой тарихи, алломалари ва бугунги кундаги мавжуд ҳолатлар хусусида интервью берди. Зиёрат туризми имкониятлари бўйича маълумотлар бериб ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “muslim.uz” расмий веп портали хабар беришича 14 декабрь куни Ўзбекистон делегацияси 3100 сайёҳлик агентликларини ўз ичига олган “МАТТА” уюшмасида учрашув ўтказган.

Ушбу юрт аҳолисида Ўзбекистонга саёҳат қилиш ва қадимий обидаларни зиёрат қилишга қизиқиш катта экани маълум қилинган. Шунингдек, музокараларда умра сафарига отланганларнинг маълум қисмини Ўзбекистан орқали боришини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилган.

“МАТТА” Малайзия туризм ва саёҳат агентликлари ассоциацияси бўлиб, 3100 дан ортиқ аъзолари бор. Бош идораси Куала-Лумпурда жойлашган бўлиб, Малайзиянинг бошқа минтақаларида ҳам бўлимларига эга.

Ташкилотнинг асосий мақсади Малайзиядаги сайёҳлик ташкилотларининг манфаатларига хизмат қилишдир.

Музокаралар якунида вакилларимиз хорижлик ҳамкорларимизга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари томонидан тақдим этилган совғаларни топширган эдилар.

Маълумки, вакилларимизнинг Малайзия ҳукуматига қарашли “Табунг ҳажи” жамғармаси вакиллари билан ўтказган тадбирлари самарали ўтгани маълум қилинган эди. Ушбу жамғарма Малайзияда ҳаж зиёрати масалалари билан шуғулланади.

Делегациямиз ташрифи давом этмоқда ва сайтимиз орқали ташриф тафсилотларини ёритиб борамиз.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 16/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 1974
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/malayziya-televideniyasi-orqali-yurtimizning-ziyorat-turizmi-imkoniyatlari-haqida-malumot-berildi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 21:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг