Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Каттақўрғон туманида аҳоли билан мулоқотлар ташкил қилинди

 
 

Бугун, 2022 йил 08 июн куни навбатдаги сайёр йиғилиш Каттақўрғон туманида ташкил қилинди. Тумандаги мавжуд 31 та масжид имом-хатибларива ноиблар ҳамроҳлигида вилоятдаги 16 та шаҳар ва туман бош имом хатибларива 15 нафар иқтидорли имом-хатиблар тумандаги 31 та маҳаллаларга тарқалиб, жойларда аҳолининг кам таъминланган ва нотинч оилалар хонадонига ташриф буюрди. Шунингдек, маҳалла марказларида уюшмаган ёшлар билан суҳбатлар ташкил қилинди. Ҳар бир маҳалладаги фуқаролар сони, ижтимоий ҳолати ва муаммолари таҳлил қилинди. Шу билан бир қаторда вилоят ишчи гуруҳи Каттақўрғон туманидаги 31 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга “Тинчлик қадри”, “Ёшлар келажагимиз”, “Оилангизни асранг”, “Ёт ғояларга алданманг” мавзуларида маърузалар қилдилар ҳамда уларнинг муаммо ва таклифларини тингладилар.Иш жараёнидаги ҳолатлар ишчи гуруҳ томонидан далолатнома асосида хатланди.

Ушбу тадбир давомида умумий ўрганилган хонадонлар ва ўтказилган учрашувлар сони қуйидагини ташкил қилди:

  • Имом-хатиблар ташриф буюрган маҳаллалар сони: 31 та. Шундан 12 тасидамуаммолар борлиги аниқланди ва барчаси ижрога йўналтирилди;
  • Кам таъминланган оилаларга ташриф: 130 та. Барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Ногиронлиги бор ва касалманд 19 нафар фуқаролар ҳолидан хабар олинди. Шундан барчасига моддий ёрдам кўрсатилди.
  • Нотинч оилаларга ташриф: 9 та. Шундан 6 та оиладаги келишмовчиликлар ислоҳ қилинди. 3 нафари ўтказилган тушунтиришлардан ўзларига тегишли хулосалар чиқарди;
  • Ичкиликка ружу қўйган 5 нафар фуқаро билан суҳбат ўтказилди. Буларнинг барчаси қилаётган ишларининг оқибатларини тўғри тушуниб етганлигини айтиб ўтди;
  • Қўшниси билан низолашган 2 та оиланинг ўртаси ислоҳ қилинди;
  • ЖИЭМда, қидирувда бўлган ва ИҲМ бўлган жами 35 нафар фуқароларнинг хонадонларида бўлиб, улар ва оила аъзолари билан суҳбат ўтказилди. Шундан Уларнинг барчасиЮртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотларидан ғоят мамнун эканликларини айтиб ўтди;
  • Узоқ муддатга хорижга бориб келган 6 нафар шахслар билан ҳамда хозирда хорижда юрганларнинг 4 нафарининг оила аъзолари билан учрашиб, уларга зарур кўрсатма ва маслаҳатлар берилди. Шуларнинг барчаси мутаассиб фикрда эмаслиги маълум бўлди.
  • Уюшмаган ёшлар билан 31 та МФЙда йиғилиш ўтказилди. Унда 400 нафарга яқин уюшмаган ёшларнинг иштироки таъминланди.
  • Тумандаги 31 та масжидда Пешин намозини ўқиб, йиғилган намозхонларга долзарб мавзуларда маъруза қилинди. Унда 3000 нафардан ортиқ намозхонлар иштирок этишди.
  • Юқорида айтиб ўтилган хонадонларга кўрсатилган жами моддий ёрдам миқдори: 28 млн сўмни ташкил қилди.
  • Вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов Каттақўрғон туманидаги “Қаландархон” жоме масжидида туманда расмий фаолият олиб бораётган маҳалла муллолари ва отинойилар билан фаолиятларини янада такомиллаштириш юзасидан давра суҳбати ўтказди. Шундан сўнг, мазкур масжидда жамоатга Пешин намозини ўқиб бердилар ва намоздан сўнг жамоатга бугунги кундаги долзарб масалалар юзасидан мазмунли маъруза қилиб бердилар.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

 


Киритилган вақти: 08/06/2022 20:06;   Кўрилганлиги: 448
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/kattaqorgon-tumanida-aholi-bilan-muloqotlar-tashkil-qilindi
Чоп этилган вақт: 30/04/2024 10:43
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг