Инсон қадри — меҳр ва саховат билан юксалади

Инсон қалбига энг яқин йўл — меҳр, эътибор ва эзгу муомаладан бошланади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни ўзаро меҳр-оқибатли, ҳамжиҳат ва бир-бирига мададкор бўлишга чақирган. Расулуллоҳ ﷺ эса муҳтожларга ёрдам бериш, беморлар ҳолидан хабар олиш, етим ва эҳтиёжмандларнинг кўнглини кўтаришни энг савобли амаллардан бири сифатида таълим берганлар. Шу боис халқимиз асрлар давомида меҳр-мурувват, саховат ва инсон қадрини улуғлашни ҳаётининг ажралмас қисмига айлантириб келмоқда.
Ана шу юксак қадриятларни ҳаётга янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2026 йил 21 июль куни Самарқанд вилояти Пахтачи туманида кенг қамровли маънавий-маърифий ҳамда хайр-саховат тадбирлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, шаҳар ва туман бош имом-хатиблари, «Ҳаж–2026» зиёратчилари, маҳалла фаоллари ва нуронийлар иштирок этдилар.
Тадбирлар аввалида ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган ҳамда боқувчисини йўқотган оилалар хонадонларига ташриф буюрилиб, уларнинг ҳолидан хабар олинди. Эҳтиёжмандларга моддий кўмаклар кўрсатилиб, самимий суҳбатлар орқали маънавий далда берилди. Шунингдек, беморлар зиёрат қилиниб, уларнинг тезроқ шифо топишлари тилаб дуолар қилинди. Зеро, инсон дардига шерик бўлиш, муҳтожнинг юрагига умид ва ишонч бағишлаш Ислом ахлоқининг энг улуғ фазилатларидандир.
Шундан сўнг туманнинг барча жоме масжидларида пешин намозидан кейин маънавий-маърифий учрашувлар ташкил этилди. Унда меҳр-оқибат, бағрикенглик, қўни-қўшничилик ришталарини мустаҳкамлаш, оила муқаддаслиги, ёшларни миллий ва диний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, Ватанга муҳаббат ва жамиятда ҳамжиҳатликни асраш каби долзарб мавзулар атрофлича ёритилди.
Учрашувлар якунида юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг бардавом бўлиши, халқимиз фаровонлиги, Янги Ўзбекистон тараққиёти ҳамда юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик туйғулари янада мустаҳкамланиши ҳақига хайрли дуолар қилинди.
Бундай эзгу ташаббуслар инсон қадрини улуғлаш, жамиятда меҳр-мурувват муҳитини мустаҳкамлаш ва халқимиз ўртасида бирдамлик ҳамда ўзаро ҳурматни янада юксалтиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.





ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 21/07/2026 19:03; Кўрилганлиги: 27
Чоп этилган вақт: 22/07/2026 01:31





















