Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

Бухоро шаҳрида I Халқаро Зиёрат-туризми Форуми ўз ишини бошлади

 
 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан жорий йилнинг 21 — 23 февраль кунлари Бухоро ва Самарқандда I Халқаро “Зиёрат-туризми” Форуми бўлиб ўтиши белгиланган эди. Кеча 21 феврал куни дастурга кўра, форумга таклиф этилган меҳмонлар Бухоронинг диққатга сазовор масканлари ва зиёрат туризми объектлари, жумладан Баҳоуддин Нақшбандий мемориал мажмуасини томоша қилдилар. Шундан кейин форумининг VIP-иштирокчилари ва бошқа бир қанча ташкилотлар вакиллари билан маҳаллий ва хорижий ОАВ учун матбуот анжуманлари бўлиб ўтди. Форумда иштирок этиш учун 34та давлатдан 120 нафарга яқин вакил ташриф буюргани анжуманда айтиб ўтилди. Зиёрат туризми бўйича илк халқаро форумда ислом дунёсининг нуфузли халқаро ташкилоти, тегишли идоралар, дин уламолари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятлардаги бош имом хатиблари, олий ўқув юртлари, сайёҳлик маъмуриятлари, илмий-академик доиралар, зиёрат туризми бўйича туристик компаниялар вакилларидан иборат хорижий меҳмонлар, шунингдек, маҳаллий ОАВ вакиллари ва туроператорлар иштирок этмоқда.

Форум Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан Бухоро вилояти ҳокимияти, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди, Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда UNESCO ва UNWTO кўмаги остида “Ўзбекистон ҳаво йўллари” билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Бугун 22 феврал куни Зиёрат туризми бўйича илк халқаро форумнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов, Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Улуғбек Қосимхўжаев, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев, Туркия дин ишлари қўмитаси раиси ўринбосари Осман Тирасчи, Деҳли бош масжиди имоми Саид Бухорий, Россия муфтийлар кенгаши раиси биринчи ўринбосари Рушан Аббасов, Индонезиядаги Ўзбекистон сайёҳлик бренди элчиси Эко Шри Маргианти, Миср Вакиллар палатасининг Ижтимоий бирдамлик, оила ва ногиронлар қўмита раиси Абдулҳадий Ал-Касабий ва бошқалар сўзга чиқишлари кутилмоқда.

Форум доирасида Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилояти ҳокимияти, Ўзбекистон Руспубликаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси ва форумнинг бошқа иштирокчилари билан бирга “Ўзбекистонни зиёрат-туризмининг марказларидан бири сифатида эътироф этиш тўғрисида”ги Бухоро декларациясини имзолаш маросими бўлиб ўтиши ва бир қанча халқаро сайёҳлик уюшмалари ва фондлар ўртасида Ҳамкорлик меморандумини имзолаш режалаштирилган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакиллиги


Киритилган вақти: 22/02/2019 00:00;   Кўрилганлиги: 1318
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/buxoro-shahrida-i-xalqaro-ziyorat-turizmi-forumi-oz-ishini-boshladi
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 10:17
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг