БУГУН: ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КУН
Давлат байроғи мамлакат мустақиллигини белгиловчи тимсоллардан биридир. У давлатнинг тузумини, халқнинг менталитетини, иқтисодий асосларини ва бошқа муҳим белгиларини англатади.
Давлатимиз байроғи мустақиллигимиз рамзидир. Байроғимиз давлат идора ва ташкилотлари, ҳарбий қисмларда ҳилпираб турибди. Қуролли Кучларимиз сафига чақирилган, ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган ёшларимиз давлатимиз байроғи пойида Ватанни кўз қорачиғидай асраш, уни ўз шаъни ва номусидай муносиб ҳимоя қилишга қасамёд қилади.
Мана, йигирма етти йилдирки, миллий байроғимиз халқаро миқёсда мамлакатимиз обрў-эътиборини, юртдошларимиз қалбида Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим восита бўлиб хизмат қилмоқда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида ҳилпираб турган байроқлар орасида Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи ҳам борлиги қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини жўш урдиради. Шу юрт, шу муқаддас замин фарзанди эканимиздан фахрланамиз.
Ватанимиз байроғи бугун ҳам халқимиз қалбида ватанпарварлик оловини ёқиб, уларни белни янада маҳкам боғлашга, миллатни эрк ва озодлик туғи остида бирлашишга чақираётгани, даъват қилаётгани айни ҳақиқат. Ватанимиз истиқболи билан боғлиқ эзгу орзуларимиз, келажакка бўлган комил ишончимиз байроғимиз тимсолида жилоланади, десак асло муболаға бўлмайди.
Манба: zarnews.uz
Киритилган вақти: 18/11/2018 00:00; Кўрилганлиги: 1484
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:08