Анжуман иштирокчилари Самарқандни зиёрат қилишди
2017 йилнинг 20 октябрь куни юртимиз бўйлаб давом этаётган “Ислом ҳамжиҳатлиги Ўзбекистон – Озарбайжон мисолида” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция иштирокчилари Самарқандда бўлдилар.
Меҳмонлар темирйўл вокзалида вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакиллиги томонидан алоҳида эҳтимом билан кутиб олинди.
Нуфузли меҳмонлар “Регистон плаза” меҳмонхонасига жойлашди ва уларга вилоят ҳокимлигининг алоҳида кортежи хизмат қилди.
Вилоят сафари Имом Бухорий ҳазратларининг қабрини зиёратидан бошланди. Қабр олдида Қуръон тиловат қилинди ва дуога қўл очилди.
Ташриф жума кунига тўғри келгани муносабати билан меҳмонлар муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари бошчилигида Имом Бухорий масжидида жума намозини ўқидилар. Ибодат муфтий ҳазратлари томонидан адо этиб берилди. Намоз ниҳоялангач, муфтий ҳазратлари йиғилганларга меҳмонларни таништириб, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш ва тинчликни асраш йўлида бўлиб ўтаётган конференция аҳамияти ҳақида сўзлаб бердилар. Икки давлат ўртасидаги алоқалар доимий бўлиши, ҳамжиҳатлик зиёда бўлиб, тинчлигимиз барқарор бўлишини сўраб дуолар қилдилар.
Кетиш олдидан зиёратгоҳ саҳнида бир пиёла чой устида қисқа суҳбат бўлиб ўтди ва меҳмонлар вилоятимиз ноз-неъматларидан тановвул қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов қабри зиёрати меҳмонларда ўзгача таассурот қолдирди. Таомилга кўра Қуръон тиловат қилингач, мартабали меҳмонлар марҳум юртбошимиз дафн этилган ҳудудда барпо этилаётган ёдгорлик мажмуаси билан яқиндан танишдилар. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари асосида такомиллаштирилаётган мажмуада олиб борилаётган ишлар Ислом Каримов хатирасига муносиб тарзда бўлгани меҳмонлар томонидан эътироф этилди.
Ташриф давомида Ҳазрати Донёр мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Гўри Амир мақбараси ва Регистон майдони зиёрат қилинди. Сиёб бозорига ҳам ташриф буюрилиб ширинликлар ва эсдалик совғалари харид қилинди.
Шунинг билан уларнинг Самарқанд шаҳридаги диққатга сазовор жойлар бўйлаб уюштирган зиёратлари якунланди.
Меҳмонхонада кечки овқатдан сўнг яна бир бор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси О.Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов, Кавказ мусулмонлари идораси раиси, МДҲ Динлараро кенгаши ҳамраиси – Шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода ушбу анжуман бутун дунё томонидан эътироф этилгани, келгусида унинг самарасидан нафақат икки давлат, балки бутун дунё аҳли баҳраманд бўлишини таъкидлаб ўтдилар.
21 октябр куни анжуман иштирокчилари темирйўл вокзалидан «Афросиёб» тезюрар поездига ўтириб Бухоро вилоятига жўнаб кетдилар.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги
Киритилган вақти: 21/10/2017 00:00; Кўрилганлиги: 2558
Чоп этилган вақт: 07/12/2024 22:33