Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Хабарлар

АҲЛИ ИЛМ СУҲБАТИ

 
 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги таълим муассасаларида амалга оширилаётган таълим-тарбиявий ишларнинг мақсади ислом дини асосларини пухта ўзлаштирган, инсонпарварлик, халқпарварлик ва Ватанга садоқат руҳида тарбияланган, ўрганган илмларига амал қиладиган, дунё ва минтақада юз бераётган туб ижтимоий-сиёсий ва дин билан боғлиқ мураккаб жараёнлар моҳиятини теран идрок этадиган етук мутахассис сифатида тайёрлашдан иборат.

Шу нуқтаи назардан, “2017 йил – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да Тошкент ислом институтида ҳам талабаларнинг касбий маҳорати бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, муомала маданияти ва ўз касбига бўлган масъулиятини янада ошириш мақсадида республикадаги уламолар ва тажрибали имом-хатиблар билан очиқ мулоқот, давра суҳбати ва учрашувлар ташкил этилмоқда.

Ана шундай учрашувлардан бир жорий йилнинг 16 май куниТошкент ислом институтида бўлиб ўтди. Институт ўқитувчи ва талабалари иштирокида ўтказилган мазкур тадбирда ЎМИнинг Самарқанд вилояти вакили Зайниддин домла Эшонқулов ва Бухородаги “Чор Бакр” жоме масжиди имом-хатиби Азизхўжа домла Иноятов қатнашдилар.

Аҳли илм билан юзма-юз мулоқотнинг ўзи ҳам бир дарс, катта сабоқ ҳисобланади. Ҳакимлар инсон танасидаги барча хасталикларни турли дорилар ва шифобахш гиёҳлар билан даволаш мумкину, аммо қалбдаги иллатларни фақат илм аҳлининг, маърифат эгаларининг суҳбати, панд-насиҳатларигина тўғрилай олади дейишади. Зеро, Умар (розияллоҳу анҳу)нинг: “Эй Аллоҳим, мени яхши кишилар билан бирга жонимни олгин, ёмонлар орасида қолдирмагин! Мени яхши инсонларга рўбарў қилгин”, - дея дуо қилганлари ҳадис китобларида ривоят қилинган (Имом Бухорий ривоят қилган).

Самимий руҳда бошланган учрашувда дастлаб сўз навбати Зайниддин домлага берилди. Нотиқ ўз чиқишида талабаларга илм ўрганиш йўлида собитқадам бўлиш, холисона ёндашиш лозимлиги, илмдан мақсад фақат Аллоҳ таолонинг розилиги бўлиши кераклиги, нохолис мақсадлардан ҳамиша йироқлашиш зарурлиги ҳақида кенг изоҳлар асосида гўзал насиҳатлар қилди.

Шундан сўнг Азизхўжа домла тадбир қатнашчиларига “Толиби илмларга тавсиялар” мавзусида маьрифий суҳбат ўтказди. Уламо илм ўрганиш учун зарур қоидалар, услублар ҳақида гапириб, бу борада ўзларининг ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашди.

Устозлар томонидан айтилган ушбу ўгит ва тавсиялар илм ўрганиш йўлидаги барча толиби илмлар учун ҳозир ҳам, келгуси ҳаётларида ҳам улкан дарс ва амал дастури ўлароқ фақат ва фақат уларнинг иш-фаолиятларида доимо ғалабага эришишларига хизмат қилади. Бинобарин, ушбу насиҳатлар динимиз кўрсатмалари, устозларнинг йиллар мобайнида орттирган беқиёс тажрибалари маҳсулидир.

Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳи) айтганларидек: “Жоҳиллар даврасидан йироқлашиб, олимлар томон интилиш, билмаганини улардан сўраб, насиҳатларига қулоқ тутиш кишини улуғликка элтувчи энг яқин йўлдир”.

Тадбир ниҳоясида ташриф буюрган устозлар институт жамоаси, хусусан, устозлар ва талабаларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилдилар.

манба: www.buxoriy.uz


Киритилган вақти: 17/05/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2761
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/news/ahli-ilm-suhbati
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 02:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг