Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Тадбирлар

Самарқанддан 229 киши Ҳаж зиёратига жўнаб кетди

 
 

Вилоятимиздан Муқаддас Ҳаж сафарига отланган зиёратчиларнинг 229 кишидан иборат дастлабки гуруҳи бугун эрта тонгдан “Самарқанд” халқаро аэропорти орқали Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрига жўнаб кетди.

– Ўзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан биридай ҳис қиляпман, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи 65 ёшли онахон З.Исматова. – Шундай дориломон кунларга етказганига шукр. Тўрт нафар фарзандни уйли-жойли қилиб, 12 набира ва 4 эваранинг бувиси сифатида Ҳаж зиёратига йўл олдим. Бир умрлик орзуйим амалга ошадиган бўлди.  

Бўлажак ҳожилар учун вилоят ҳокимлиги томонидан "Регал Палас" меҳмонхонасида зиёфат уюштирилди. Ҳожилардан юртимиз ҳақига, юртбошимиз ҳақига дуои-хайрлар қилишини сўраб, Уларни соғ-саломат ибодатларни қилиб, юртимизга қайтиб келишларини Яратган тилаб қолдилар.

Аэропортда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Ҳамидов ва Самарқанд вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов зиёратчиларни кузатиб қўйди.

Куннинг иккинчи ярмида ҳожиларимиз Мадина шаҳрига соғ-саломат етиб келдилар. Вилоятимиз Ҳожилари Мадинадаги "Пулман Замзам" меҳмонхонасига жойлашиб, зиёратни масжиди набавийдан бошладилар.

Зиёратчиларнинг 230 кишидан иборат кейинги гуруҳи жорий йилнинг 28 июль куни Ҳаж сафарига йўл олади.

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги


Киритилган вақти: 26/07/2019 11:27;   Кўрилганлиги: 1528
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/press/events/samarqanddan-haj-ziyoratiga-jonab-ketdi
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 09:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг