Аллоҳнинг наздида меҳнати қадрлироқ, заҳматига мукофотлари кўпроқ инсонлар
Орамизда шундай касб эгалари борки, машаққатли меҳнатлари қаҳрамонликка лойиқ бўлса-да, уларнинг қадрига етмаймиз. Заҳматли меҳнатларига паст назар билан қараймиз, гоҳида камситамиз. Гўёки улар бажараётган иш таҳқир, ҳақорат… Аммо англамаймизки, Аллоҳнинг наздида биздан кўра уларнинг меҳнати қадрлироқ, заҳматига мукофотлари кўпроқ.
Бугун Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва бир гуруҳ имомлар меҳнати “кўз илғамас” меҳнаткаш, фидойи инсонлар ҳолидан хабар олди. Ҳомий ва эҳсонпарвар кишилар томонидан берилган тиббиёт ниқоблари ва совғалар Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг ободонлаштириш бошқармасида хизмат қилаётган ишчи-хизматчиларга топширилди. “Бу арзимас совғалар оз бўлсада ишчи-ходимларга моддий кўмак бўлсин, деймиз. Катта-катта мукофот, ажр ва савобларни эса Аллоҳ таолонинг Ўзи ато қилади иншааллоҳ. Азизлар, бу инсонларнинг меҳнатларини қадрига етайлик. Ҳозирги вазият ҳаммамизга ойдек равшан. Шундай ҳолатда ҳам шаҳримизнинг ҳар бир қарич жойини тозалаб, ораста ҳолга келтираётган, ўзларининг ушбу саъй - ҳаракатлари самарасида биз яшаб турган масканга файз-барака зиёда бўлишига сабаб бўладиган касб эгаларига ўз миннатдорчилигимизни билдирайлик. Зеро, озода жойда хотиржамлик бўлади, бало-қазо нари кетади”, деди вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов.
ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги ахборот хизмати
Киритилган вақти: 25/03/2020 15:13; Кўрилганлиги: 1586
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:03