АЛЛОҲНИНГ БАЙТЛАРИДАН ЯНА БИРИ ОБОД ЭТИЛДИ!
Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бугунги кунда юртимизда мўъмин-мусулмонлар талабидан келиб чиқиб, кўплаб масжидлар барпо этилмоқда ва эски бинолар ўрнига замонавий, шаҳарсозлик талаблари асосида янги бинолари қад кўтармоқда.
Бугун 2021 йил 11 май куни Тайлоқ туманидаги “Ястепа” жоме масжидининг янги биносини очилиш маросими бўлиб ўтди. Мазкур масжиднинг эски биноси анча йиллар олдин қурилган бўлиб, яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди.
Сўнги йилларда мамлакатимизда олиб борилаётган хайрли ишлар самараси ўлароқ Рамазон ҳайити байрами арафасида бу масжиднинг янги биноси қуриб битказилди.
Янгидан бунёд этилган масжиднинг очилиш маросимида Ўзбекистон мусулмонлар идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар домла Ҳалилов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов ва ўринбосари Ёқубжон домла Мансуровлар иштирок этдилар.
Сўнги пайтда жоме биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолганини, жамоат сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётганини айтиб намозхонлар ва маҳалла фаолларининг хохиш-истаги ила туман имом-хатиблиги 2018 йилнинг иккинчи чорагида масжидни қайта қуриш бўйича таклиф билан чиққан эди. Бу таклифни Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Самарқанд вилояти вакиллиги қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг қурилиш жараёнлари бошлаб юборилган эди. Аллоҳга беҳисоб шукроналар бўлсинки, бугун мазкур масжиднинг янги, замонавий ва намозхонлар учун барча қулайликларга эга биноси қуриб битказилди - дейди вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов.
Шундан сўнг, сўзга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими масъул ходими Искандар домла Ҳалилов чиқиб, аввало бу муқаддас Аллоҳнинг байтининг очилиш маросими билан туман аҳолисини ва барча жамоатни муборакбод этди. Шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг Самарқанд аҳлига хусусан Тайлоқ тумани “Ястепа” жоме масжиди жамоатига йўллаган саломларини етказди.
Шунинг билан бир қаторда бу хайрли ишлар Муфтий ҳазратларининг йўловчилар, қолаверса зиёрат туризми доирасида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ибодатларини адо этиб олишлари учун йўл бўйидаги масжидларда барча қулайликлар яратиш бўйича тавсия ва топшириқларига асосан мазкур масжидда кенг кўламли ишлар амалга оширилиши режалаштирилганини ва бугун мана шундай шароитларга эга масжид биноси қад рослаганини айтиб, бундай хайрли тадбир муносабати билан муфтий ҳазратларининг табрикларини тадбир иштирокчиларига етказди.
Тадбир сўнгида аввало масжидни бунёд этилишида ўз ҳиссасини қўшганлар ва хусусан бундай хайрли ишларнинг бошида турган юртбошимиз Ш.Мирзиёев ва мутасаддилар ҳақига дуолар қилинди. Бу ўз навбатида Рамазон ҳайити олдидан туман аҳолисига байрамона тухфа бўлди.
ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати
Киритилган вақти: 11/05/2021 16:04; Кўрилганлиги: 824
Чоп этилган вақт: 18/04/2024 01:33