Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

УЛУҒ АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ БЕБАҲО БОЙЛИГИМИЗ

 
 

Шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг Тошкент шаҳрида ўтказилган 43-сессиясини катта қизиқиш ва эҳтиром билан кузатдик. Муқаддас ислом қадриятларини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, мусулмон халқлари ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, ташкилотга аъзо мамлакатлар халқларининг фаровонлигига кўмаклашишдек эзгу мақсадга йўналтирилгани, азим пойтахтимиз анжуманга мезбонлик қилгани қалбимизга ғурур бағишлади.

«Таълим ва маърифат – тинчлик ва бунёдкорлик сари йўл!» шиори сессиянинг асосий ғояси бўлди. Айнан таълим ва маърифат башарият фаровонлигининг асосий омилларидан ҳисобланади, инсонларни эзгуликка даъват этади, саховатли, сабр-қаноатли бўлишга ундайди. Муқаддас ислом динимиз бизларни шундай бўлишга, тўғри ва ҳалол яшашга, инсонларга меҳрли бўлишга даъват этади.

Юртимиз улуғ алломалар, буюк инсонлар етишиб чиққани билан дунёга машҳур. Айниқса, ислом оламида Қуръони каримни ёд этиб, тафсир қилган, ақида илмида ном қозонган алломаларнинг китоблари бугун исломнинг олий нуфузли илм даргоҳлари дастурий режаларига киритилган. Абу Мансур Мотуридийни «мусаҳҳиҳи ақидайи аҳли сунна», яъни аҳли сунна ақидасининг тузатувчиси, Имом ал-Бухорийни «амирал мўъминина фийл ҳадис» яъни ҳадис бўйича имомлар имоми, деб эътироф этадилар. Маҳмуд Замахшарийни «агар «ал-Кашшоф» китоби бўлмаганида Қуръон тафсири очилмай қоларди», дейишади уламолар. Усули фиқх бўйича Имом Добусий билан Имом Баздавийларнинг китоблари ҳанафия масҳаби китобларига асос бўлди. Фиқх илми бўйича Имом Марғиноний билан Имом Косонийларнинг китоблари ҳанафия масҳабининг асосий китоблари бўлди, деб этироф этадилар.

Таъбир жоиз бўлса, Мовароуннаҳр алломаларининг китоблари дунёнинг нуфузли ислом жамияти ва марказлари, ислом олий даргоҳларида ўқитилади. Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» ҳадислар тўпламини ислом дунёсида Қуръони каримдан кейинги ўринда турадиган муқаддас китоб деб биладилар.

Меҳмонлар Самарқандга ташриф буюриб, муқаддас қадамжоларни зиёрат қилдилар, тинч ва фаровон, ислом аҳкомлари улуғланаётган юртимизга, бой меросимизга ҳавас қилдилар.

Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи қошида ислом маданиятига, умумбашарий цивилизацияга беназир ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганишга ихтисослашган халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этилиши ҳақидаги хабарни қувонч билан қабул қилдик. Насиб бўлса, энг буюк мусулмон мутафаккирлардан бири, муҳаддислар пешвоси Имом Бухорийнинг табаррук мақбараси жойлашган минтақага хос бўлган алоҳида маънавий-руҳий муҳит юзага келади.


Киритилган вақти: 25/10/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2864
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ulug-allomalar-merosi-bebaho-boyligimiz
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 05:28
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг