Қиёмат кунида гуноҳлар сўралмайдими?
Бир домла укамиз ҳикоя қиладилар:
– Бир куни уйга кириб келсам, онам “ўғлим, қўшниникига чиқувдим. Қўшни хотин “Қиёматда ҳаммани савоби-гуноҳи сўралади, деб эшитгандим. Нега Қуръонда акси ёзилган”, деди, аслида ҳам шундайми, деб сўраб қолдилар.
– Қуръоннинг қаерида шундай деб ёзилган экан, онажон? – дедим.
Қўшни хотин арабча саводи йўқ, кирил алифбосидаги беш-олти китобни ўқиган аёл эди. Онам “Ар-Раҳмон” сурасининг 39-оятини кўрсатдилар.
39. «Ана ўша Кунда на бир инс ва на бир жин (қилиб ўтган) гуноҳидан сўралмас!».
Мен онажонимга тафсир китоблардан қараб беришимни айтиб, кутубхонага кирдим. Кетяпман-у хаёлимни оятнинг нега бундай маънода келгани эгаллаб олган эди. Муборак тафсирни очиб ўқиганимдан кейин Аллоҳнинг оятлари ҳақ эканлиги, ҳеч бири ғалат-иштибоҳ билан келмаганига амин бўлдим.
Бу дунёда бирор гумондорни айблаш учун исобот-далиллар йиғилади, фото-видео кадрлари, бошқа кишиларнинг гувоҳликлари сўралади. Ҳаммаси мос келгачгина, унинг айби бўйнига қўйилади. Сўнг унга жазо берилади.
Суранинг 41-оятида гуноҳкор бандалардан нега гуноҳлари сўралмаслигининг изоҳи келади.
41. «(Чунки у Кунда) жиноятчи-осий кимсалар сиймо-белгиларидан танилиб, пешона ва оёқларидан олинурлар (ва жаҳаннамга отилурлар)».
Тафсирда айтилишича, Қиёмат кунида инсдан ҳам, жинлардан ҳам гуноҳ қилган-қилмагани сўраб ўтирилмайди. Ўша даҳшатли Кунда банданинг ўзи қилган айбини билиб, барча аъзолари гувоҳлик бериб турган, ҳатто юзидан унинг ким эканлиги билиниб турган пайтда ундан қилган гуноҳларини сўрашга ҳам ҳожат йўқ.
Барчамизни Қиёмат кунидаги саволларимиз осон бўлсин, Аллоҳ ҳидоятидан айирмасин!
Ёқуб УМАР
Манба: Azon.uz
Киритилган вақти: 23/01/2020 17:22; Кўрилганлиги: 1438
Чоп этилган вақт: 06/10/2024 19:51