Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

СОҒЛОМ ОНА ВА БОЛА ЙИЛИ

 
 

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳийм. Фарзанд қалб райҳонидир. Ёшлик чоғларида улар­­­ни кўриб кўзимиз қувонса, катта бўлганларида ёр­­дам­­ларидан баҳраманд бўлиб, дилимиз яйрайди. Дунёдан ўтганимиздан кейин эса уларнинг саъй–ҳара­кат­лари ту­фай­ли солиҳ амалларимиз зиёда бўла­ди. Пайғамбари­­миз алайҳиссалом айтадилар: «Ин­сон вафот эт­ганида унинг амали тўх­­тайди, фақат уч нар­са — са­да­қаи жория, фойдали илм, дуои хайр қилув­чи со­лиҳ фарзанд туфайли унинг номаи аъмолига са­воб ёзи­либ туради» (Муслим ри­во­я­ти).

Аллоҳ таоло инсонга фарзандни аслида неъмат қи­­либ берган, лекин гоҳида мана шу неъматга ношукр­лик қилиш туфайли фарзанд ота–онасига но­му­носиб бўлиши ҳам мумкин.

Фарзанд Аллоҳ таолонинг берган улуғ неъматидир. Ота–она бу неъматга шукр қилишлари керак. Катталар­нинг жанжали туфайли мурғак қалб за­рар кўрмас­ли­ги керак.

Гўдакнинг ҳақларидан бири, онафарзандини икки йил тўла эмизиш­идир. Ян­ги ту­ғилган гўдак жисми ва руҳининг соғ­лом бўлиб ўсишига она­сининг сутидан афзал озуқа йўқэканлигини бугунги кунтиббиёт фани ҳам тасдиқламоқда.

Бунга Қуръони Каримнинг ушбу ояти далолат қилади:«Оналар болаларини тўла икки йил эмиза­ди­лар, (бу ҳукм) эмизишни камолга етказишни ис­тов­чилар учундир...» (Бақара, 233).

Бошқа бир оят ҳам ушбу маънони қув­ват­лайди:«Биз инсонга ота–онасини (рози қилишни) амр эт­дик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қор­ни­да) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажра­тиш (муд­да­ти) икки йилда (битар). (Биз инсонга бу­юр­дикки,) «Сен Менга ва ота–онангга шукр қил­гин! Қайтишлик Ме­нинг ҳузуримгадир!». (Луқ­мон, 14)

Ушбу оятда ота–онани ҳурмат қилиш ҳар бир фар­занд учун Аллоҳнинг амри эканлиги баён қили­ниб, уларни ҳурмат қилишнинг асосий сабаби ҳам ай­­тиб ўтилган. Яъни ҳомиладорлик пайтида она­­си уни қор­ни­да заифҳол бўлиб кўтаради. Бор­ган сари заифлик устига заифлик ортиб бориши ва бу ҳол бола дунёга кел­гу­нича давом этади. Шунча ма­шаққат устига она бо­ла­­сини яна икки йил даво­мида эмизади.

Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни юқорида айтиб ўтилган оятлардан ол­ган­лар. Бола ик­ки ёшга етгунича, бирор бегона аёл­ни эмса, сут ор­қа­­ли унга боғлиқ ҳукмлар жорий қи­линади. Масалан, чақалоқни эмизган аёл унга эмик­дош она, ул аёлнинг эри эса ота, болалари ака–ука, опа–син­­гил бўладилар. Маҳ­рам­лик ва никоҳ масала­ла­ри­даги ҳукмлар ҳам шунга муво­фиқ кучга киради.

Болани эмизиш билан боғлиқ бошқа ҳукмлар ҳақида ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:«...Уларни (оналарни) меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг (эрнинг) зиммасидадир. Ҳеч ким­га тоқатидан ортиқ (масъулият) юклан­майди. Болалари ту­файли она ҳам, ота ҳам зарар кўр­­масин!...». (Бақара, 233)

Болани эмизишни икки йилдан олдин тўхтатиш ёки бошқа аёлга бериб эмизишнинг ҳукмлари ҳа­қида ҳам Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «...Агар ота–она ўзаро келишиб, маслаҳат билан (бо­ла­­ни сутдан) ажратмоқчи бўлсалар, гуноҳкор бўл­май­ди­­лар. Агар болаларингизни (бегона аёлга) эмиз­дир­моқ­­чи бўл­сангиз, ҳақини меъёрида тўлаб тур­сангиз, гу­­ноҳкор бўл­майсиз...». (Бақара, 233)

Агар ота билан она ўзаро маслаҳат қилиб, рози бўлиб, болани сутдан ажратмоқчи бўлсалар, икки йил­дан оз муддатда тўхтасалар, гуноҳ йўқ, бола­нинг фой­да­сини кўзласалар бўлди. Шу билан бир­га, турли ҳо­лат­лар ҳам бўлиб туради. Масалан, она бирор сабабга кўра чақалоқни эмизишга қодир бўлмай қолиши мумкин. Бунда болани эми­зиш учун бошқа бир аёлни топиш ва унга ҳақини бериш ло­зим. Бу иш отанинг вази­фа­сига киради.

Фарзандининг соғлом ўсиши учун то эми­зиш муд­дати тугамагунча, она ҳомиладор бўлиб қо­лишдан сақ­ланмоғи лозим.

Асмо бинти Язид разияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: «Расул­ул­лоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, айтдилар: «Ўз бо­­ла­ла­­рин­гизни хуфёна тарзда ўлдирманглар. Дар­ҳа­қиқат, ҳо­миладорлик вақтидаги сут, отлиққа таъ­сир қилиб, уни отдан қулатиб ҳам юборади».

Ушбу ҳадисни уламолар шундай изоҳлашган: «Эми­­зикли аёл ҳомиладор бўлса, унинг сути бузи­ла­ди. Шу сут билан озиқланган боланинг баданига у ёмон таъсир қилади ва мижози бузилади. Катта бўлиб, отга мин­га­нида, заифлик туфайли отдан йи­­қилса ва жароҳат олса, ундаги заифлик онанинг ҳо­миладорлик вақтида эмиз­ган сути сабабли бўли­­ши мумкин. Ўша ҳолатда бола тоза сут эмганида эди, заиф бўлмас бинобарин отдан йиқилмас эди». Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай эҳтимолий ҳолатни назарда тутиб, бола­лар­­нинг ҳалокатига сабаб бўлиб қолишдан қайтар­дилар.

Динимиз фарзанд учун ота–она зиммасига бир қан­ча вазифалар юклаган. Айни чоғда, фарзандлар зим­ма­си­даги вазифаларни ҳам очиқ–ойдин белги­лаб қўй­ган.

Имом Муслим ривоят қилган бир ҳадисда Му­ҳам­мад алайҳиссалом: «Ота–онасининг бирини ёки ик­ка­ла­си­ни кексалик ҳолларида топиб, ўзига жан­нат­ни во­жиб қилолмаган кишининг бурни ерга иш­қалансин (яъни, хор бўлсин)!», – деббир неча бор такрорладилар.

Бошқа бир ҳадисда эса: «Аллоҳнинг розилиги ота­нинг розилигидадир ва Аллоҳнинг ғазаби ота­нинг ғаза­би­дадир», – деди­лар.

Абу Умома разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Бир киши келиб: «Ё Расулаллоҳ, ота–онанинг фар­занди зим­масида қандай ҳаққи бор?» – деб сўра­ди. Он ҳазрат­ла­ри: «Улар сенинг жаннатинг ва дўза­хингдир», – деб жа­­­воб бердилар».

Демак, фарзанд ота–онасининг хизматини адо этиш билан жаннатни, уларга озор бериш билан дўзахни қўл­га киритиши мумкин.

Ота–она вафот этганидан кейин ҳам фар­занд­нинг бур­чи тамом бўлмайди. Балки уларнинг дўст ва қарин­дош­лари билан яхши алоқада бўли­ши ло­зим.

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳуайтдилар: Муҳаммад алай­ҳиссаломнинг шундай деганларини эшит­ган­ман: «Яхшиликларнинг энг афзали бир киши отаси вафот этганидан сўнг, унинг дўстлари билан алоқа қилишдир».

Яна Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳу айтдиларки: «Бир киши Пайғамбаримизнинг ҳузурларига келиб: «Ё Расул­ал­лоҳ, мен катта гуноҳ қилиб қўйдим, тавба қил­сам, кечи­ри­­ла­дими?» – деб сўради. Улар: «Онанг бор­ми?» дедилар. У киши: «Йўқ», деди. Пайғамбаримиз: «Холанг бор­ми?» – деб сўрадилар. У киши: «Ҳа», – деди. Шунда унга: «Холангга яхшилик қил», – де­­дилар.

Демак, она вафот этган бўлса, хола она ўрнидадир. Бундан унга яхшилик қилиш эса онага яхшилик қилиш каби эканлиги маълум бўлади.

Инсон ота–онанинг қадрини ва уларнинг қан­ча­лик улуғ зот эканини ўзи ҳам ота ёки она бўлганида тўлиқ англайди. Қуйидаги оятикарима ҳам шунга далолат қи­лади: «... Бас, қачонки у вояга етиб, қирқ ёшга тўл­ган­да: «Эй, Раббим, менга ва ота–онамга инъом эт­ган неъ­ма­тингга шукр қилишга ва Ўзинг рози бўладиган солиҳ амал­ни қилишга мени муваффақ этгин ва мен учун зур­риётимни ислоҳ эт! Ал­бат­та, мен Сенга (гу­ноҳ­ла­рим­дан) тавба қилдим ва албатта, мен мусул­мон­лар­дан­дирман», дейди». (Аҳ­қоф, 15)

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Видо ҳа­жи­да тавоф қилиб турган эдилар. Ансорлардан бир ки­ши келиб, онасини елкасида кўтарган ҳолда: «Эй Аллоҳ­нинг Расули, мен елкамда онамни кўта­риб тавоф қилдирдим, шу билан унинг ҳаққини адо қилдимми?» – деганида, Пайғамбаримиз: «Онанг­­ни тавоф қилдирга­нинг, оқ сут берганининг, бир куни бадалига ҳам етмай­ди», – дедилар.

Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қили­на­дики, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом: «Кимки ота–онасининг ҳаққини адо этмаса, мен бундай одамлардан узоқда бўламан» (яъни, менинг шафоатимдан баҳраманд бўлмайдилар). «Уларга (яхшилик қилиши учун) унинг моддий ҳеч нар­саси бўлмаса–чи, эй Расулул­лоҳ», ─деб сўрадим. «Агар улар­нинг сўзларини эшит­санг: Қулоғим сизда, хиз­ма­тингиздаман”, десин ва ҳеч қачон уларнинг сўзларига «уф» (малоллик) де­масин, уларни жеркимасин. Уларга фа­қат гўзал сўз­лар айтсин»,дедилар.

Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллаллоҳу алай­ҳи васалламдан ривоят қилади: «Ё Расулал­­лоҳ! Амал­лар­нинг қайсиси яхши?» деб сўрадим. «Ўз вақтида ўқил­ган намоз», ─дедилар. «Яна қайси амал, ё Расул­ал­ал­лоҳ?» деб сўрадим. «Ота–онангга ях­шилик қилиш»,де­дилар (Имом Термизий).

Фарзанд ота–онага қанчалик яхшилик қил­ма­син, уларни қан­чалик ўзидан ҳам ортиқ кўрмасин, ҳеч вақт дунёга келишига сабабчи бўлганлик ҳа­қини қай­тара олмайди.

Абу Ҳурайра (разияллоҳу анҳу) ривоятида:«Ра­сул­уллоҳ, саллаллоҳу алайҳи васаллам, марҳамат қил­­ди­лар: «Уч хил дуо шак–шубҳасиз мустажобдир. Маз­лум­нинг дуоси, мусофир (ғариб)нинг дуоси, ота–онанинг бо­ласи ҳақига қилган дуоси». (Имом Терми­зий)

Ҳар биримиз ота–онамизга ҳаётлик вақт­ла­рида яхшилик қилиб, уларнинг насиҳатларига қулоқ со­либ, дуо­ла­ри­ни олсак иншо­ал­­лоҳ, икки дунё саодатидан баҳраманд бўламиз.

Абдураззоқ ЮНУСОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

раиси ўринбосари

"www.muslim.uz"дан


Киритилган вақти: 09/12/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 4477
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/soglom-ona-va-bola-yili
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 10:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг