Аёл ва жамият
Маълумки, ҳуқуқий демократик жамиятда маънавий-руҳий эркинликларга тобора кенг йўл очилмоқда. Соғлом фикрли ва иродали, гўзал хулқли, солиҳ амалли аёлни камолот ва ҳидоят сари йўллаш айни кунда муҳим ва долзарб вазифа эканини англаб етдик. Ҳар бир мусулмон аёли нафақат ўзининг келажаги ва охирати учун, балки жамиятнинг истиқболи, унинг фаровонлиги учун ҳам масъул инсон эканлигини ҳис қилиши лозим. Оиласиз жамият, давлат бўлмагани каби, аёлсиз оилани тасаввур этиб бўлмайди.
Охирги асрларда мусулмонлар тарафидан илмий кашфиётларга кўп ҳам қўл урилмади. Бугунги кунда ўлкамизда ҳам нафақат мусулмон аёлларнинг, ҳатто, эркакларнинг ҳам илмга рағбатлари пастлаб боргани сир эмас. Ислом дини эркакларгина қиладиган оғир касбларни аёлларга фарз қилмаган. Лекин аёлларга хос баъзи ишларни эркакларга хос баъзи ишлар билан тенглаштириб, улар билан тенг савоб олишни жорий қилди.
Тарихдан маълумки, Ислом дини аёлларнинг инсоний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш, ҳурматини жойига қўйиш билан жамиятдаги мавқеини юксалтирди. Мусулмончилик эндигина ёйилаётган пайтларда ер юзидаги қавмларнинг аёллари кўп инсоний ҳуқуқлардан маҳрум ҳолда ҳақир ҳаёт кечирар эди. Асри саодатда саҳобиялар ўртасида илмлари, зеҳнлари билан ажралиб турган аёллардан Оиша, Ҳафса, Умму Салама, Карима бинтул Микдол, Умму Кулсум бинти Уқба, Оиша бинти Саъд (р.а.)ларнинг номлари тарихда қолган. Ҳозирги аёлларимиз ҳам илм-маърифат, одоб-ахлоқ, шарму-ҳаё-ю, барча яхши фазилатларда мўътабар оналаримиздек бўлишини жуда-жуда истар эдик. Минг афсуски, аёлларимизнинг айримлари ҳатто ўзини аёл эканини ҳам унутиб қўймоқда. Оммавий маданият деган иборани Европа давлатларидан бизга айрим кўринишлари кириб келаяпти. Аёлларимизни эркакларга ўхшаб кийиниши, ярим яланғоч саҳналарда рақс тушиши ва ҳаказо. Бу аёллар она экани, оилада фарзанд тарбиясини бажариши ёдларидан чиққандек гўё. Олимларнинг тадқиқотларига кўра, ўз онаси тарбиясини олган, унинг ғамхўрлиги, шафқатини ҳар қадамда ҳис этиб турган болалар - бутунлай оила, фарзанд тарбиясидан ўзга ишга ўзини бахшида қилиб, фарзандларидан узилиб қолган оналарнинг болаларига қараганда соғлом, ақлли, тарбияли ва кўнгилчан бўлиб улғайишар экан. Исломда ҳалол ва ҳаром амаллар аниқ белгиланган. Яна бир бор таъкидлаш лозимки, Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган, балки бу масала аёл кишининг, унинг оиласининг, жамиятининг манфаатларидан келиб чиқиб тартибга солинган. Ёш болаларнинг тарбия ва таълим ишлари аёлларнинг вазифалари ҳисобланади. Хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш аёлларнинг иши ҳисобланади. Шунингдек, аёл киши эрининг ишида ёрдамчи бўлиши, оиласи муҳтож бўлганда ҳалол йўл билан, ҳалол меҳнат қилиши жоиз. Яъни, ўзи хоҳласа, ишлайди, бўлмаса, биров уни мажбур қила олмайди. Баъзи уламоларимиз: нодир қобилиятга эга бўлиб, жамиятга фойдаси кўп бўлган аёллар ҳам ишлашлари тавсия қилинади, деганлар. Қолган пайтларда аёл кишини ишлашга мажбур қилиш йўқ. Уни турли йўллар билан ташвиқот қилиб, арзон ишчи кучи сифатида эзишига ҳам ҳеч кимнининг ҳаққи йўқ. Аёл-қизларни тонг саҳарда далага чиқариб, тун қоронғусида қайтаришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Аёлларни ўзларига мос бўлмаган ишларга жалб этиб уларниг аёллик латофати ва оналик қобилиятига футур етказишга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Улар онадир, улар тарбиячи ва вафоли ёр.
Жасур ЖАМУРАТОВ – Пайариқ туман “Ислом Нури” жоме масжиди имом ноиби
Киритилган вақти: 01/11/2019 15:35; Кўрилганлиги: 1331
Чоп этилган вақт: 11/09/2024 18:59