Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Саломатлик кушандаси

 
 

Биз наркотик моддалар тарқалишининг ҳалокатли оқибатларини сергаклик билан баҳолаган ҳолда, бу иллатга қарши курашда саъй ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур. Ўзбекистон барча манфаатдор мамлакатлар ва ташкилотлар билан бу борада ҳамкорлик қилишга тайёр

И.А.Каримов

Башариятнинг икки дунёсига манфаат келтирадиган нарсаларни ҳалол қилиб берган ва аксинча ҳам бу дунёсига ҳам охиратига зиён бўладиган нарсаларни ҳаром қилган Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога беадад ва беҳад шукроналаримиз бўлсин. Ҳалол очиқ ойдин, ҳаром очиқ ойдин деб таълимот берган ва шубҳали нарсалардан четда бўлишга тарғиб қилган икки дунё офтоби Пайғамбаримиз Муҳаммад с.а.в. га бениҳоя саловоту саломларимиз бўлсин.

Бугун ХХI аср долзарб муаммоларга бой аср бўлди десак ҳеч қандай муболаға қилмаган бўламиз.

Тарихий маълумотларга кўра, милодий ХI асрда яшаган мовароуннаҳрлик улуғ аллома Абу Бакр Сарахсий: “Банг(афюн) ўнинчи асрдан бошлаб бизнинг диёримизда пайдо бўлди ва кўп кишилар унга мубтало бўлди”, деб ёзган. Буни қарангки орадан ўн бир аср ўтибдики ҳалигача бу муаммо ўзининг долзарблигини йўқотгани йўқ.

Биз бугун долзарб бўлиб турган “Саломатлик кушандаси” деб аталувчи “Гиёҳвандлик”нинг ҳам диний ҳам дунёвий зарарлари ҳақида маълумотни сиз каби азиз ўқувчиларимиз этиборига ҳавола қилишни лозим деб билдик.

Гиёҳвандлик-умр заволи бўлиб, саломатликка путур етказувчи, умрни қисқартирувчи, ҳаётни заҳарловчи оғудир.

Гиёҳванд моддаларини қабул қилувчи инсонлар наркаманлар деб аталади. “Наркомания” юнон тилидан олинган бўлиб, нарко-карахтлик, мания-хоҳиш, интилиш деган маноларни англатади.

Инсон зоти бу ҳаёти дунёда битта нотўғри босган қадами, оқибатни ўйламаслик натижасида гуллаган умрни қуритишига сабаб бўлади. Бунинг мисолини, бу дардга мубтало бўлганлар қиёфасида кўрсак бўлади.

Аллома ибн Ҳожар ал-Маккийнинг “Фатовойи Кабир” китобида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини ўтмаслаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, ибодатдан тўсади, шарму ҳаёни кетказади”. Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, камғайрат, оилага бепарво, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди.

Жумладан, ҳозирда гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама зарар бўлишини ғарб ва шарқ тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Бу заҳри қотил инсоннинг нафақат ўзининг ҳаёти хазон бўлишига, жамиятда носоғлом фарзандларнинг дунёга келишига ҳам сабаб бўлмоқада .

Ислом динимиз инсон зотини жисмига ва маънавиятига зарар берадиган барча нарсалардан йироқ бўлишга ва мутлақо яқинлашмасликка буюради. Бунга яқинлашганни ўз жонига қасд қилиш билан баҳолайди.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

وَلَا تُلْقُوا بِأَيْدِيكُمْ إِلَى التَّهْلُكَةِ

Яъни: “… Ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”

Мана шу ояйи каримадан инсон зоти хулоса чиқариб, Аллоҳ берган бебаҳо неъматлар ичида умр неъматини қадрини билиб, ҳамиша ҳақ таолога шукрона қилиб яшаши даркор. Аллоҳ таоло барчаларимизни соғлом турмуш тарзига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни, Парвардигор ҳаром қилган зарарли иллат ва қусурлардан четда бўлишимизни насиб этсин.


Киритилган вақти: 04/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2590
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/salomatlik-kushandasi
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 14:23
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг