Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ

 
 

Аллоҳ таолога ҳамд-сано, севикли пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламга ва у зотнинг покиза оила аҳллари, авлодлари ҳамда у зотга қиёматгача яхшилик билан эргашганларга Аллоҳнинг раҳмат-мағфирати бўлсин!

Тарихий манбаларга мурожат қиладиган бўлсак, дунё яратилгандан буён ҳеч бир шахс ҳақида, унинг қилган ишлари, фарзандлари, атрофидаги кишилар, у яшаган давр, муҳит ва улардан бошқа нарсалар ҳақидаги маълумотлар, севикли пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаёт-фаолиятларини ўрганилганчалик аниқ ва мукаммал ўрганилмаган.

Биз ушбу мақолада у зот саллаллоҳу алайҳи васалламнинг фарзандлари ҳақида баҳоли қудрат маълумот бериб ўтишга журъат қилдик.

Севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг етти нафар: уч ўғил ва тўрт қиз фарзандлари бўлган. Улар: Қосим, Тоҳир, Иброҳим, Зайнаб, Руқаййа, Умму Кулсум[1] ва Фотима розияллоҳу анҳум ажмаъин.

Қосим, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғил фарзандларининг тўнғичи бўлиб, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга пайғамбарлик ваҳийси келишидан олдин туғилганлар. Ўн етти ойлик бўлиб вафот этганлар. Қосим жоҳилият даврида вафот этганми ёки саодат асридами деган саволга уламоларимиз қуйидагича жавоб берадилар:

Ибн Исҳоқдан келтирилган маълумотда, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосимдан бошқа икки ўғиллари Тоййиб ва Тоҳир ҳам пайғамбарлик келмасдан илгари вафот этганлари айтилган.

Аммо Суҳайлий, Зубайрдан қилган ривоятида Қосимни кўкракдан ажрамаган даврида вафот этгани ҳамда уни Исломни топганлигига далолат қилувчи ушбу маълумотни келтиради:

“Қосимнинг вафотидан қайғуга тушиб, йиғлаб ўтирган Хадича розияллоҳу анҳо ҳузурига кирган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар истасанг унинг (яъни Қосимнинг) жаннатдаги овозини эшиттираман” – дедилар. Хадича розияллоҳу анҳо онамиз: “Балки Аллоҳ ва расули буни тасдиқлади” – дедилар.[2]

Фарёбийнинг “Мустадрак” китобларидаги, Қосимни пайғамбарлик келганидан сўнг вафот этганлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам буни қувватлайди. Бас шу маълумотга суяниб айтадиган бўлсак, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Исломда вафот этган биринчи фарзандлари Қосимдир.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам у билан “Абулқосим” яъни “Қосимнинг отаси” деб, куняланганлар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи ўғиллари Тоҳир ҳақида Зубайр ибн Баккор шундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг Қосим ва Иброҳимдан бошқа Абдуллоҳ исмлик фарзандлари ҳам бор эди. Уни уч ном Абдуллоҳ, Тоййиб ва Тоҳир деб чақирардилар. У ёшлигида Маккада вафот этди”.

Мазкур сўзни, Абу Амр ва Доруқутнийдан келтирилган ривоятлар ҳам тасдиқлайди. Доруқутний ва бошқа насаб уламолари келтирган маълумотга кўра, Абдуллоҳни Тоййиб ва Тоҳир деб номланишига сабаб, уни пайғамбарликдан сўнг дунёга келиши билан боғлиқдир.

Баъзи маълумотларда Тоййиб ва Мутаййиб бир қориндан, Тоҳир ҳамда Мутаҳҳир яна бир қориндан туғилган эгизаклар эканлиги айтилган[3]. Аммо бу насаб уламолари наздида кучсиз бўлган ривоятдир. Демак юқорида келтирилган маълумотларга асосланиб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўғиллари учта Қосим, Тоҳир ва Иброҳимлар бўлган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча фарзандлари Хадича розияллоҳу анҳодан туғилганлар. Фақатгина ёлғиз Иброҳим, Қибтий қабиласидан бўлган Мория розияллоҳу анҳодан туғилган.[4]

Машҳур ривоятларда келтирилишича Иброҳим 8-ҳижрий Зулҳижжа ойида туғилиб, 18 ойлигида вафот этади[5]. Жанозаларини Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ўқийдилар ва Мадинадаги “Бақеъ” қабристонига дафн этиладилар.

Муғийра ибн Шўъбадан қилинган ривоятда Пайғамбар алайҳис салом даврларида, Иброҳим вафот этган куни қуёш тутилиш воқеаси кузатилади. Одамлар: “Қуёш Иброҳим вафот этгани учун тутилди” – дейдилар. Бу сўзни эшитган Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ақидаларини тўғирлаш ва қалбларидаги нотўғри шубҳа-гумонларни тарқатиб юбориш мақсадида: “Албатта қуёш ҳам, ой ҳам бировнинг вафот этгани ёки туғилгани учун тутилмайди. Агар уларни тутилганини кўрсангиз, намоз ўқинглар ва Аллоҳга дуо қилинглар” – деб таълим берадилар[6].

Шу ўринда у билан боғлиқ, эътиборга молик бир воқеа ҳам бўлиб ўтади. Иброҳимнинг вафотидан Пайғамбар алайҳис саломнинг кўзлари ёшланади ва: “Қалб махзун бўлди, кўзлар ёшланди, лекин Парвардигорнинг ғазабини келтирадиган нарсани айтмаймиз. Албатта биз Эй, Иброҳим! Сенинг фироқингда махзун бўлдик” – дедилар. Уни Усмон ибн Мазъун ёнига дафн қилинишини айтдилар. Дарҳақиқат бу воқеада бизлар учун ажойиб бир ибрат намунаси бордир.

Зайнаб, Руқаййа, Умму Кулсум ва Фотима розияллоҳу анҳунна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари. Уларнинг барчалари Исломни қабул қилиб, у зот саллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ҳажрат қилганлар.

Баъзи манбаларда, жумладан Ибн Ҳишомнинг “Ас Сийра ан Набавия” китобларида қизларнинг ёш жиҳатидан тартиби қуйидагича келтирилади: катталари Руқаййа, сўнг Зайнаб, сўнг Умму Кулсум, сўнг Фотима розияллоҳу анҳунна.

Аммо бошқа мўътабар манбаларда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўнғич қизлари Зайнаб эканлиги айтилади.

Ибн Исҳоқ келтирган маълумотга кўра Зайнаб Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам 30 ёшга кирганларида туғилган катта қизларидир. Исломни қабул қилиб, ҳижрат қилганлар. Ҳижратнинг 8-йили холаваччалари ва турмуш ўртоқлари Абул Ос ибн Робеъ ҳузурида вафот этдилар[7]. Зайнабни қабрга Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари қўйдилар.[8]

Зайнабдан Али ва Умома исмлик икки фарзанд қолган. Али балоғат ёшига яқинлашиб вафот этган. Макка фатҳи куни, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг туяларига мингашган киши Зайнабнинг ўғиллари Али бўлган.

Умома эса қизлари бўлиб, субҳ намозида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам уни елкаларида кўтариб намоз ўқиганлар. Рукуъга борганларида ерга тушириб қўяр ва уни Аллоҳ паноҳида асрашлигини сўраб дуо қилгандилар.

Фотима розияллоҳу анҳо вафот этганларидан сўнг, Али ибн Абу Толиб Умомага уйланганлар[9].

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг иккинчи қизлари Руқаййа, Пайғамбаримиз алайҳис салом 33 ёшга тўлганларида туғилганлар. Ундан сўнг эса учинчи қизлари Умму Кулсум туғилган.

Руқаййа ва Умму Кулсум, Абу Лаҳабнинг икки ўғли Утба ва Утайбага унаштирилганди. “Масад” сураси нозил бўлгач, Абу Лаҳаб икки ўғлини чақириб: “Агар Муҳаммаднинг икки қизини қўйиб юбормасанглар, оналаринг менга ҳаром бўлсин!” – деб қасам ичди. Ўғиллари у қизлар билан бирга бўлмасдан туриб, улар билан ажрашишди[10].

Сўнг Маккада Усмон розияллоҳу анҳу Руқаййага уйландилар ва икки ҳижратга ҳам у зот розияллоҳу анҳо билан бирга бордилар.

Руқаййа, Усмон розияллоҳу анҳудан Абдуллоҳ исмлик фарзанд кўрдилар ва кейинчалик Усмон розияллоҳу анҳу, у билан куняландилар. Абдуллоҳ олти ёшга кирганда юзидан хўроз чўқиб, шу жароҳат сабаблик вафот этади. Руқаййа розияллоҳу анҳо Абдуллоҳдан кейин фарзанд кўрмайдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Бадр ғазотига тайёргарлик кўраётган вақтларида Руқаййа касал бўлиб қолади ва Усмон розияллоҳу анҳуни унга қараб туриш учун қолдирадилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам Бадрда эканликларида Руқаййа розияллоҳу анҳо вафот этдилар.

Зайд ибн Ҳориса Бадрдан ғалаба хабарини келтирганида, Руқаййанинг қабри устига тупроқ тортилаётганди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам қизларининг дафн маросимига қатнаша олмайдилар.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг учинчи қизлари Умму Кулсум оналари Хадича розияллоҳу анҳо билан бирга Исломни қабул қилганлар ва аёллар байъат қилганда опалари билан бирга байъат қилганлар. Оталари саллаллоҳу алайҳи васаллам билан Мадинага ҳижрат қилганлар. Опалари Руқаййа вафот этгач, ҳижратнинг учинчи йили, Робеъул аввал ойида Усмон розияллоҳу анҳуга турмушга чиққанлар. Шу сабабли Усмон розияллоҳу анҳу “Икки нур эгаси” деб номланганлар. Умму Кулсум Усмон розияллоҳу анҳудан фарзанд кўрмаганлар[11].

Фазоилий бу никоҳ ҳақида қуйидаги ривоятни келтиради. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам, Усмон розияллоҳу анҳуга:

“Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, агар менинг юз қизим бўлиб, улар бирма-бир вафот этсалар, уларни сенга никоҳлаб берардим. Чунки никоҳлаб беришимга Аллоҳ таало буюрганини, Жаброил менга билдирди”—дедилар.

Ибн Саъддан ҳам шу маънодаги ҳадис ривоят қилинган. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар улар (қизлари) ўнта бўлсалар ҳам, Усмонга никоҳлаб берардим”—дедилар.

Умму Кулсум розияллоҳу анҳо 9-ҳижрий сананинг Шаъбон ойида вафот этдилар. У зотнинг қабрларини Али, Фазл ва Усама розияллоҳу анҳум қазидилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам эса у қабр тепасида турдилар.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламни, Умму Кулсум қабри тепасида кўзларидан ёш оқиб йиғлаб турганларини кўрдим”—дейдилар[12].

Фотима розияллоҳу анҳо, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам 41 ёшга кирганларида туғилганлар.

Фотима арабча исм бўлиб, унинг ўзаги “Фатмун”дир. Бу араб тилида “гўдакни кўкракдан, сутдан ажратиш” маъносини билдиради.

Ҳофиз ад Дамашқийдан келтирилган хабарга кўра Фотима розияллоҳу анҳонинг “Фотима”—деб номланишларига сабаб, “Аллоҳ таало уни ва зурриёдларини қиёмат кунида дўзахдан сақлашлиги билан боғлиқдир” – дейди.

Насаий эса: “Аллоҳ таало уни ва уни яхши кўрувчиларни дўзахдан ўзоқ қилган” – дейди. Ҳар икки таърифда ҳам, ўзоқ қилиш ва ажратиш маънолари бор. Фотима розияллоҳу анҳонинг фазилатлари ва даражаларини олийлиги ҳақида маълумотлар жуда кўп бўлиб, биз улардан биргинасини келтириш билан кифояланамиз.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фотима менинг бир бўлагим, ким уни ёмон кўрса, мени ёмон кўрибди”. (Бухорий ва Муслим ривояти)

Ҳижратнинг 3-йилида Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга турмушга чиқдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан олти ой ўтгач 29 ёшларида бу дунёдан охиратга риҳлат қилдилар.

Фотима розияллоҳу анҳо, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан уч ўғил фарзанд Ҳасан, Ҳусайн ва Муҳсинларни кўрдилар.

Муҳсин ёшлигида вафот этди. Зайнаб ва Умму Кулсумга охир замон Пайғамбарининг наслини давом эттириш насиб қилмади. Бу бахтга Фотима розияллоҳу анҳонинг ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо мушарраф бўлдилар.

Бугунлик кундаги барча, Расулуллоҳ Саллаллоҳу алайҳи васалламнинг авлод вакиллари имом Ҳасан ва имом Ҳусайн розияллоҳу анҳумога бориб тақалади. Имом Ҳасан розияллоҳу анҳунинг авлодлари асосан араб диёрларида тарқалган.

Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг авлодлари эса Ўрта Осиё диёрларида ҳам кўплаб тарқалган. Улар орасидан кўплаб фазилатларни ўзида мужассам этган буюк тарихий шахслар ўтган.

Парвардигор! Охир дамда ҳам умматнинг ғамида бўлган ва қиёмат кунида ҳам “Умматим, умматим” дея Аллоҳ таолонинг даргоҳидан уларга шафқат тилаб тургувчи севикли Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламга раҳматларингни ёғдиргин!

Бизларни ҳам у зоти шарифга муносиб уммат бўлишимизга тавфиқ бергин! У зотнинг қиёматгача давом этадиган покиза оила-аҳлларидан ва барча мўъмин-мусулмонлардан Ўзинг рози бўлгин! Уларни ҳаргиз тўғри йўлингдан адаштирмагин! Мўъминларнинг қалбларини, Пайғамбаринг саллаллоҳу алайҳи васаллам авлодларига нисбатан муҳаббатлик қилгин! Ўзинг марҳаматли ва эҳсон қилгувчи Зотсан!

Фойдаланилган адабиётлар

1. Ибн Ҳишом. “Ас-Сийра ан Набавия” Байрут. “Дорул Маърифа” нашриёти.2003 йил.

2. Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал Куфий. “Ал Фиқҳ ал-Акбар” Миср. “Муҳаммад Али” нашриёти 1323 ҳижрий сана.

3. Абдул Олл Аҳмад Абдул Олл ва Муса Шаҳин. “Манҳал Ҳадис” Тошкент. “Мовароуннаҳр” нашриёти.

4. “Мактаба аш-шамила” электрон кутубхона.

Саъд Юсуф Абу Азиз. “Рижал ва ниса ҳавлар росул саллаллоҳу алайҳи васаллам” Қоҳира. “Дорул Фажр” нашриёти. 1999 йил.


[1] Бизнинг халқимиз кўпроқ Умму Гулсум деб атайдилар.

[2] Ибн Ҳишом. “Ас-Сийра ан Набавия” (1-2-жуз) Байрут. “Дорул Маърифа” нашриёти.2003 йил. Б-129.

[3] Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал Куфий. “Ал Фиқҳ ал-Акбар” Миср. “Муҳаммад Али” нашриёти 1323 ҳижрий сана. Б-97.

[4] Ибн Ҳишом. “Ас-Сийра ан Набавия” (3-4-жуз) Байрут. “Дорул Маърифа” нашриёти.2003 йил. Б-540.

[5] Абдул Олл Аҳмад Абдул Олл ва Муса Шаҳин. “Манҳал Ҳадис” 2-жуз. Тошкент. “Мовароуннаҳр” нашриёти. Б-20.

Бошқа манбаларда Иброҳимни 70 кун ёки ундан кўпроқ яшаб, сўнг вафот этган деган маълумотлар ҳам учрайди. Аммо машҳур ривоят 18 ой яшаганликларидир.

[6] Абдул Олл Аҳмад Абдул Олл ва Муса Шаҳин. “Манҳал Ҳадис” 2-жуз. Тошкент. “Мовароуннаҳр” нашриёти. Б-20.

[7] Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал Куфий. “Ал Фиқҳ ал-Акбар” Миср. “Муҳаммад Али” нашриёти 1323 ҳижрий сана. Б-98.

[8] “Мактаба аш Шамила” ўзида 22000 китобни жамлаган электрон кутубхона.

[9] Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ал Куфий. “Ал Фиқҳ ал-Акбар” Миср. “Муҳаммад Али” нашриёти 1323 ҳижрий сана. Б-98

[10] Унаштириш маросими бекор қилинди.

[11] Саъд Юсуф Абу Азиз. “Рижал ва ниса ҳавлар росул саллаллоҳу алайҳи васаллам” Қоҳира. “Дорул Фажр” нашриёти. 1999 йил. Б-500.

 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг