Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РАМАЗОН ОЙЛАРНИНГ СУЛТОНИ

 
 

Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюриб келмоқда. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!

Рамазон рўзаси ҳижратнинг иккинчи санасида фарз қилинган. Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:

яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).

Маълумки, рўзадан бошқа ҳамма амалларга риё аралашиши мумкин. Лекин рўзада эса бундай бўлмайди: тонгга яқин ҳеч ким кўрмайдиган вақтда саҳарлик қилади, кундузи эса ҳамма қатори юраверади. Рўза – Аллоҳ билан банда орасида сир бўлган ибодатдир. Ҳеч кимсиз, ёлғиз ўзи қолганида ҳам рўзадор Аллоҳ таоло кўриб турганини ҳис қилиб, бирор нарса емайди. Ана шулар – рўза Аллоҳ учун тутилишининг белгисидир. Шунинг учун ҳам ёлғиз Аллоҳ учун бўлган ибодатнинг мукофотини Аллоҳ таолонинг Ўзи беришга ваъда қилмоқда.

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси қудсийда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар:

“Аллоҳ таоло: “Одам боласининг ҳамма амали – ўзи учун, фақат рўза – Мен учундир ва унинг мукофотини Мен Ўзим берурман”, дедилар. Рўза – сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи бўлса, “Мен рўзадорман” десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, рўзадорнинг оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки марта хурсандчилик бор: бири – ифтор вақтида оғзини очганда  ва иккинчиси – қиёмат кунида Роббисига рўбарў бўлганда” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган).

Рамазонда бойлар ҳам бир ой очлик ва чанқоқликни бошларидан кечиришиб, камбағалларнинг йил давомидаги ҳолатларини ҳис этадилар. Бу эса кам таъминланганларга раҳм-шафқат кўрсатишларига сабаб бўлади.

Ушбу ойнинг фазилатини олий қилувчи икки нарса борки, уларнинг биринчиси – Рамазон ойида инсониятга қиёматгача илоҳий дастур қилиб туширилган Қуръони каримнинг нозил қилиниши бўлса, иккинчиси – бу ойда фазилати жиҳатидан минг ойга татийдиган Қадр кечасининг борлигидир.

“Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир. Бас, сизлардан ким бу ойда (ўз яшаш жойида) ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Кимки бемор ёки сафарда бўлса, (тута олмаган кунларининг) саноғи бошқа кунлардандир.

Аллоҳ сизларга енгилликни истайди, оғирликни хоҳламайди. Бу – ҳисобни тўлдиришингиз ҳамда ҳидоятга бошлагани учун

Аллоҳга такбир (ҳамду сано) айтишингиз ва шукр қилишингиз учундир” (Бақара сураси, 185-оят).

Бизнинг юртимизда ҳам Рамазон ойига ўзгача тайёргарлик кўрилиши одат тусига кирган, Жумладан ҳозирги мураккаб вазиятни халқимизга кенг тарғиб қилиш мақсадида имом хатибларимиз жойларда аҳолига ҳамма таровиҳ намозларини уйида ўқишлари, жамоат бўлмаган ҳолатда ҳамда кимда-ким ифторлик қилмоқчи бўлса, эҳсонларини ҳайрияларни муврфиқлаштитриш марказига етказиб беришлари тўғрисида тушунчалар бермоқдалар.

Т.Равшанов - Булунғур тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 20/04/2020 12:45;   Кўрилганлиги: 991
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ramazon-oylarning-sultoni
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 12:49
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг