Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Рамазон ойи ва рўзасининг фазилати

 
 

Бандаларининг ҳар икки дунё саодатини кўзлаб, рўзани Исломнинг фарз ибодатлари қаторига қўшган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин

Умматларига меҳр кўргазиб, рўза тутмоқни барча сир-асрорлари ила ўргатиб кетган ҳабиб Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо жанобларига абадул абад саловоту саломлар бўлсин!

 Рамозон ойи муносабати билан барча мусулмонлар рўза тутадилар. Шу муносабат билан биз сизларга рўзанинг фазилатлари ҳақида Аллоҳ таоло қодир қилгунча маълумот берамиз.

Рўза араб тилида «сиём» деб аталиб, луғатда бир нарсадан ўзини тиймоқликни билдиради.

Шариат истилоҳида эса, «тонг отгандан то қуёш ботгунча ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир».

Ислом шариатидаги ҳар бир ибодат ҳақида ҳадиси шарифлар ворид бўлган. Уларнинг фазилатлари қайта-қайта таъкидланган. Жумладан, рўзанинг фазилати баён қилинган юзлаб ҳадиси шарифлар муҳаддислар томонидан ривоят қилинган. Улардан энг машҳурларини келтирамиз:

Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло Одам боласининг ҳамма амали ўзи учун, фақат рўза Мен учундир ва унинг мукофотини Мен - Ўзим берурман, деди. Рўза сақловчидир. Қачон қайси бирингиз рўзадор бўлса, фаҳшдан гапирмасин ва бақир-чақир қилмасин. Агар бирортаси у билан сўкишмоқчи ёки уришмоқчи бўлса, мен рўзадорман, десин. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган зот ила қасамки, албатта, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳнинг наздида мушкнинг ҳидидан хушбўйроқдир. Рўзадорга икки хурсандлик бордир. У иккисини ҳам яшагай. Қачон ифтор қилса, хурсанд бўлгай ва қачон Роббисига мулоқот бўлганда, рўзаси ила хурсанд бўлгай», дедилар». Бешовлари ривоят қилганлар.

Саҳл ибн Саъд разийаллоҳу анҳу ривоят қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар:

 “Албатта жаннатда бир эшик бор. Унга ар-Райён дейилади. Қиёмат кунида одамларга қарата: “Рўзадорлар қаерда?” дейилади. Бас, уларнинг (рўздорларнинг) охиргиси ўша эшикдан кириб бўлганида, ушбу эшик ёпилади”. Имом Бухорий ва Муслим ривояти.

Абу Ҳурайра разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон кириши арафасида мана бундай марҳамат қилган эканлар:

 “Муборак ой сизларга кириб келмоқда. Сизларга унинг рўзасини тутиш фарз қилинди. У ойда жаннат эшиклари очилади, жаҳаннам эшиклари қулфланади ва шайтонлар кишанланади. Унда минг ойдан яхшироқ бир кеча ҳам бор. Кимки бу ойнинг яхшиликларидан маҳрум қолса, ҳақиқатдан ҳам маҳрум қолгандир!”.  Имом Аҳмад, Насоий ва Байҳақийлар ривояти.

Рўзанинг фазилатлари ҳақида гапирадиган бўлсак, Аллоҳ таоло бу ибодатни серфазилат қилиб қўйган. Мазкур фазилатларни санаб адоғига етиш қийин. Биз эса, улардан баъзиларинигина сиз азизларга тақдим этишга ҳаракат қилдик. Жумладан:

  1. Рўза тутган кишининг тақводорлиги ошади.

Мусо ва Исо алайҳиссаломлар, Будда ва Ганди кабилар ҳам ихтиёрий оч қолиш йўли билан олий руҳий мақомларга эришганларини, ҳозирда ҳам ким тақводорликка эришиш ниятида бўлса, албатта, рўза тутиши зарурлигини таъкидлангандир.

  1. 2. Рўзанинг фойдаларидан навбатдагиси ҳавои нафсни синдиришдир.

Маълумки, ҳавойи нафснинг айтганини қилавериш инсонни унга қул қилиб қўяди. Бора-бора инсон ҳавои нафси нима деса, шуни қиладиган бўлиб қолади. ҳавои нафс инсонни ҳеч қачон яхши нарсага буюрмайди. Рўза тутган киши эса, иштаҳаси келиб турган ҳолда турли таом, ичимликлар, шаҳвоний ва бошқа нафси тилаб турган нарсалардан ўзини тийиши билан ҳавои нафсининг хоҳишини синдиради. Шу билан рўзадорнинг иродаси кучайиб, ҳавои нафсини жиловлаб олишга эришади.

  1. 3. Рўзанинг фойдаларидан яна бири Шайтонга қаҳр кўрсатишидир.

Маълумки, лаънати Шайтон инсон боласини яхшиликдан қайтариб, ёмонликка бошлаб туради. Инсон ёмонликка юрса, Шайтон алайҳилаъна хурсанд бўлади. Яхшиликка юриб, Аллоҳнинг амри­ни бажо келтирса, у лаъин хафа бўлади, ўзини қаҳрга қолган ҳисоблайди. Рўза эса айнан ўшандоқ ибодатдир. Рўза ибодатини қилган инсон ёмонликлардан қайтиши ва Аллоҳга тақво қилиши билан Шайтонга қаҳр кўрсатган бўлади.

  1. 4. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг қалби мусаффо бўлиши.

Рўза тутган инсон доимо Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун ўзи ёлғиз қолганида ҳам рўзасини очишга журъат этмайди. Доимий равишда Аллоҳни ҳис этиб туриш эса, киши қалбини мусаффо қилади. Унинг қалбига Аллоҳ муҳаббатидан бошқа нарса сиғмай қолади. Рўзадор киши ўз-ўзидан ёмонлик қила олмай қолиши ҳам шундан.

  1. 5. Рўза тутган кишининг тутган рўзаси сабабидан гуноҳлари мағфират қилинади.
  2. 6. Рўза тутган киши ўз рўзаси туфайли фаришталар сифати ила сифатланади.

Маълумки, емаслик, ичмаслик ва жинсий яқинлик қилмай, доимо тоатда бўлиш фаришталарга хос сифатдир. Рўза тутган инсон ўзининг рўзадорлиги ила айнан ўша сифатларга соҳиб бўлади.

  1. 7. Рўзанинг фойдаларидан яна бири рўзадорнинг сабр-бардошли киши сифатига эга бўлишидир.

Бу эса ҳар бир инсон учун жуда ҳам зарур сифатдир. Ўз ихтиёри ила ўттиз кун турли кўнгли хоҳлаган нарсалардан ўзини тийган киши эса, керагича сабр-бардошга эга бўлади.

  1. 8. Рўза рўзадорда раҳм-шафқат сифатини шакл­лантириб мустаҳкамлайди.

Рўза тутган киши ўз ихтиёри ила оч қолиб, чанқаб, турли кўнгил хоҳлайдиган нарсалардан вақтинча маҳрум бўлиш билан ўз ихтиёридан таш­қари оч қолиб, чанқаб, дунё лаззатларидан бебаҳра бўлиб юрган бева-бечора, камбағалларга нисбатан раҳм-шафқатли бўлиб қолади. Доимо уларга яхшилик қилиб туриш кераклигини тушуниб етади.

Демак, ким ўзида раҳм-шафқат сифатини шакл­лантириш ва мустаҳкамлашни хоҳласа, рўза тутсин.Мана шу зикр қилинган нарсалар рўзанинг бу дунёдаги баъзи бир фойдалари, холос.

Рўзанинг энг зўр ҳикматларидан бири у туфайли рўзадор соғлиғини тиклаб олади. Рўза нафақат соғлиқни сақлаш учун, балки беморликларни даволаш учун ҳам ўта зарурлиги энди ошкора айтилмоқда. ҳозирги кунда кенг тар­қалган беморликларнинг кўпларини мусулмон бўлмаган юртлар табиблари очлик, яъни, рўза тутдириш йўли билан даволамоқдалар.

Рўза турли касалликлардан халос этиш билан бирга, киши баданида тўпланиб қолган турли кераксиз моддалар, ёғлар, тузлар ва бошқа нарсаларни ҳам кетказади. Натижада инсоннинг жисми ҳам, руҳи ҳам енгиллашади, зеҳни ўткир, хотираси кучли, иродаси мустаҳкам бўла боради. Тиб олимлари, ҳақиқий илм кишилари рўзанинг ҳақиқий кони фойда эканлигини таъкидламоқдалар ва исбот қилмоқдалар. Жумладан, “Ҳадис ва ҳаёт” китобида рўза инсоннинг соғлигига фойда бўлишини қуйидаги жиҳатларда кўрсатилган:

1) Рўза инсондаги касалликларга қарши қобилият (иммунитет)ни кучайтиради. Чунки рўза тутган одамда ушбу мақсадга хизмат қилувчи ҳужайралар ўн марта кўпайиши илмий равишда собит бўлган.

2) Рўза тутган одамда семизликка қарши монеълик пайдо бўлади. Рўзадор руҳий изтироблардан ҳам сақланади...

3) Рўза буйракда тошлар йиғилишидан сақлайди. Чунки рўза тутган одамнинг қонида сода кўпайиб, калий тузлари тўпланишини ман қилади. Шунингдек, рўзадор сийдигида сийдик йўлларидаги тузларни тўпланиб қолишини йўқотадиган модда кўпайиши ҳам илмий равишда исбот этилган.

4) Рўза инсон жисмини унинг тўқималарида тўпланиб қоладиган заҳарли моддалардан тозалашга ёрдам беради…

5) Рўза жинсий майлнинг кучини қирқади. Бу, айниқса, ёшлар учун жуда фойдалик бўлиб, жисмни турли асабий ва жисмоний изтироблардан сақлайди.

Ҳозирги кунда рўза кўплаб беморликларни даволашда қўл келмоқда: Семизликдан келиб чиқадиган қон томирларининг торайиши,қон босимининг ортиши ва баъзи юрак касалликлари, қон айланишига оид касалликлари, бўғинларнинг сурункали шишини, умуман, ичак касалликлари, жигар, сариқ, бавосил, бронхит, бронхиал астма, аллергия, экзема, қанда,саратон, тутқаноқ, склероз, ўпка касалликлари, камқонлик каби касалликларга рўзанинг жуда фойдали эканлигини илмий равишда тиббиёт олимлари исбот қилганлар.

Шуни билмоқ керакки, аслида рўзани биз мусулмонлар касалликларга фойдали бўлгани учун эмас, балки Аллоҳ таоло буюргани учун, унинг розилиги  топиш учун тутамиз! Ҳақиқий мўмин-мусулмон бўлишни, олий мақомларга эришишни хоҳласак, Рўза тутиб унинг бу дунёда ҳамда охиратдаги манфаатларидан барҳамад бўлайлик.Омин!

Н.Жалолов - Тайлоқ туман “Боғизағон”  жоме масжиди имом хатиби                                    


Киритилган вақти: 24/04/2020 14:13;   Кўрилганлиги: 833
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ramazon-oyi-va-rozasining-fazilati
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 02:31
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг