Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

РАМАЗОН КЕЧАЛАРИНИНГ ЗИЙНАТИ

 
 

Бандаларини гўзал суратда яратган, улар учун фойда ва зарарни уларнинг ўзларидан ҳам яхшироқ билган Зот бандаларига бир йилда бир ой баъзи нарсалардан тийилган ҳолда рўза деб аталмиш ибодатни бажаришларини амр қилди.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом ушбу ибодатни ўз ҳаётларида тадбиқ этиб унинг кайфиятини кўрсатиб бердилар. Илоҳий фармонга итоат этган аждодларимиз минг йиллардан бери роҳатбахш рўза ибодатини адо этиб келмоқдалар. Диний арконларни йўқ қилишга қаратилган, жумладан рўза тутувчиларга қарши аёвсиз кураш олиб борган, корхона ва ташкилотларда хатто мактабларда мажбурлаб сув ичириб кўрган собиқ мустабид тузум даврида ҳам ўз имонларига содиқ бўлган мўмин мусулмонлар рўза тутганлар.

Ҳар бир нарса ўз аслига қайтади деганларидек, Аллоҳ таолога беҳисоб шукрлар бўлсинки ота-боболармиз интиқиб кутган ва оғир даврларда ичларида йиғлаб сўраган илтижолари ижобат бўлиб, юртимиз истиқлолга эришиш арафаларидан бошлаб миллий ва диний қадриятлармиз қайта тикланди.

Ана шундай хурсандчиликлардан бири муборак Рамазон ойида масжидларимизда таровеҳ намозларини эмин-эркин адо этаётганимиздир. Пайғамбармиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида шундай деб марҳамат қиладилар;

من قام رمضان ايمانا واحتسابا غفر له ما تقدم من ذنبه

“Кимки Рамазон кечаларида иймон ва ихлос билан қоим бўлса, ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”. (Асҳоби сунан Абу Ҳурайра р.а.дан қилган ривояти).

Бир куни буюк саҳобий, Пайғамбар алайҳиссалом халифаси Умар ибн Хаттоб разияллоҳу анҳу, халифаликларининг иккинчи йилида масжидга чиқсалар, одамлар ҳар ер, ҳар жойда алоҳида-алоҳида намоз ўқишаётган экан. Ҳазрати Умар: “Буларни бир қорининг орқасига жамласам, яхши бўлар экан”, деб, машҳур қорилардан Убай ибн Каъбнинг орқасида ҳамма жамоат бўлиб ўқишни буюрдилар. Кейинги куни чиқиб, одамлар жамоат бўлиб намоз ўқиганларини кўриб: “Бу қандай ҳам ажойиб бўлди! Ҳар ким ўз уйида кечанинг охирида ёлғиз ўқиганидан кўра, масжидда жамоат билан кечанинг аввалида ўқиб олгани яхшироқдир!”, дедилар. Шундай қилиб, Ҳазрати Умарнинг тадбирлари билан одамлар Убай ибн Каъб ва Тамим ад-Дорий каби улуғ қорилар орқасида таровеҳни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ички орзулари натижаси ўлароқ жамоат бўлиб ўқий бошладилар. Шундан бери ҳозиргача одамлар жамоат бўлиб таровеҳни қолдирмасдан ўқиб келмоқдалар.

Жорий йилдаги муборак ойда вилоятимизда фаолият юритаётган 285 та масжидларимизнинг барчасида таравеҳ намозлари ўқилаётган бўлса, уларнинг 69 тасида қорилар томонидан Қуръони карим хатми қилинмоқда.

Рамазонда бир марта хатми Қуръон қилиш энг саҳиҳ фатвога кўра суннатдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ҳар йили Рамазонда Қуръонни Жаброил алайҳиссаломга бир марта ўқиб берар эдилар. Вафот қилган йиллари эса икки марта ўқиб берганлар.
Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи, таровеҳнинг ҳар ракъатида ўн оят атрофида ўқиб борилса, Қуръонни бир марта хатм қилишга улгурса бўлади, деган эканлар.
Хатмни лайлату-л-қадр кечаси тугатиш мустаҳаб деб айтганлар. Аксар уламоларнинг наздида бу муборак кеча Рамазоннинг йигирма еттинчи кечасидир. (“Муҳит”). Шунинг учун Бухоро фақиҳлари Қуръонни беш юз қирқ рукуъга бўлган эканлар, мусҳафларига ҳам белги қўйганлар. Шунда хатм қадр кечаси тугайди.

Хатми Қуръонлар кўп қилинган юртта албатта файз-барака зиёда бўлиб, тинчлик ва осойишталик бардавом бўлади. Шуларни яхши англаб етган юртдошларимиз ҳамма қулайликларга эга бўлган масжидларда хатми Қуръонга фаол иштирок этиб, элимиз тинчлиги ва юрт фаровонлигини сўраб дуолар қилмоқдалар. Масжидлардаги таровеҳ намозлари чин маънода муборак Рамазон ойи кечаларининг зийнатидир. Аллоҳ таоло барчамизга Рамазонни муборак этсин.


Киритилган вақти: 07/06/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2283
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ramazon-kechalarining-ziynati
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 21:56
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг