Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҚАБРИСТОНГА ҲУРМАТ-МАРҲУМЛАРГА ҲУРМАТДИР

 
 

Аллоҳ таоло Ўзининг қудрати илоҳийси билан инсонни яратганда уни жамики махлуқот ва мавжудот ичида мукаррамлик билан мартабасини кўтариб қўйди. Бу ҳақида муборак каломи шарифда хабар бериб айтадики: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз) ва мукаррам қилдик...” (Исро,70 оят). Ислом дини инсон қадрини унинг ҳаётлиги ва ҳаётдан кўз юмгандан сўнг ҳам юқори даражага кўтаради. Албатта, биз ҳамиша марҳумларимизни ёдга олиб, уларнинг руҳларини шод қилиш учун савобли амалларни, шу жумладан, Қуръони карим оятларидан тиловатлар қилиб, савобини уларнинг руҳларига бағишлаймиз. Зеро, ўтганларни эслаш ва уларга истиғфор айтиш, қабрларини зиёрат қилиб, қўним топган жойларини доимо озода тутишимиз ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “(Ер) юзидаги барча мавжудот фонийдир”.(Ар-рохмон,26-оят). Лекин бу фоний дунёдан ўтган инсондан унинг ўчмас хотираси, эзгу ишлари қолади.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра ўтганларни қабрларини зиёрат қилиш, қабристонларни озода сақлаш суннат амаллардандир. Чунки Пайғамбаримиз (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: “Сизларга қабрлар зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади”. Қабристонга борилганда у ер инсонни фикр қилишга ундайди. Шунингдек, мозорларни обод қилишлик биз тирикларнинг муҳим ишларимиздан эканлигини эслатади. Юртимизда 9-май Хотира ва Қадирлаш куни деб эълон қилинган. Ана шу муносабат билан вилоятимизда иш режаси асосида қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, 9-майга қадар ҳамма қабристонларда ободанлаштириш ишларини жадал равишда олиб бориб у ерга келадиган зиёратчиларга марҳумларни зиёрат қилишликлари учун шароитлар яратиб бериш кўзда тутилган. Бундай хайрли ишга имом хатибларимиз ва маҳалла фаоллари катта ҳисса қўшмоқдалар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: “Қабр охират манзилларининг энг аввалгисидир”.-деб марҳамат қилганлар. Демак, охиратни обод қиламан деган инсон қабристонни обод қилиши лозим экан. Ўзининг аждодлари ва қариндошларининг қабрлари билан бир қаторда қаровсиз қолган бошқа қабрларни ҳам тозалаб қўйилса мақсадга мувофиқ бўлади. Бу эзгу ишларга ўсиб-улғайиб келаётган ёш авлодни жалб этилса ватанимиз, халқимизга садоқат, фидойилик ва марҳумларга нисбатан ҳурмат руҳида тарбиялашга катта хизмат қилади.

Аллоҳ таоло ўтганларимизнинг руҳларини шод, қабрларини пурнур айласин.


Киритилган вақти: 30/04/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3187
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/qabristonga-hurmat-marhumlarga-hurmatdir
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 01:29
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг