Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Порлоқ келажак учун барчамиз масъулмиз!

 
 

Халқ орасида “Келажак бугундан бошланади”, деган гап бор. Шу маънода ҳар биримизнинг бугунги кундаги яхши ишларимиз келажагимизни порлоқ бўлишлиги учун асосий восита ҳисобланади. Шунинг учун ҳам шу юртда яшовчи ҳар биримиз бугунги кунни ҳамда ҳар бир кунни ғанимат билиб Ватан тараққиёти ва порлоқ келажаги учун ўз ҳиссамизни қўшишда масъулмиз.

Дарҳақиқат, динимиз ҳам инсонларни яхши ишларни қилишга чорловчи диндир. Зеро, Қуръони каримда Аллоҳ таоло бандаларини хайрли ишларни қилишга буюриб шундай дейди: “... Бас, хайрли (савобли) ишларда (бир бирингиздан) ўзишга ошиқингиз!....” (Моида сураси, 48-оят).

Шунингдек, динимизда инсонларга манфаат етказувчи киши Аллоҳ таоло учун энг суюкли бандалари қаторида бўлишлиги хақида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳадисларида ҳам зикр қилинган.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ таолога инсонларнинг энг суюклиси – одамларга энг кўп манфаат келтирувчисидир”, - дедилар. Имом Тобароний ривоят қилган.

Аждодларимиз ҳам “Халққа хизмат – олий ҳиммат” деб бежиз айтмаганлар. Бу борада ҳукуматимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев бугунги кунда эл манфаатини барча нарсадан устун қўйиб, халқнинг оғирини енгил қилиш учун тинмай ҳаракат қилмоқда ва 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди. Шундан келиб чиқган ҳолда масъул ташкилот раҳбарлари халқ билан доимий мулоқотда бўлиб, халқни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш зарурлигини таъкидлади. Бундан ташқари амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор муҳим ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Албатта, бу режалаштирилган ишлар аҳоли ҳаётининг янада фаровон бўлишига ва юртимизнинг бундан-да равнақ топишига хизмат қилади.

Ватанимиз келажаги порлоқ бўлиши учун, аввало, юрт тинч, халқ фаровон бўлиши лозим. Ана шу мақсадларга эришиш учун эса юртимизда яшаётган кишилар ҳам жисмоний, ҳам маънавий томондан етук бўлишлари, улар қайси миллат ёки элатга мансуб бўлмасин, барчамиз учун ягона бўлган она Ватанимиз тарақиёти йўлида бирлашиши, ҳамкору – ҳамнафас бўлиб яшаши керак. Бундай интилиш ҳамда қарашларни фарзандларимизнинг ёшлигидан бошлаб уларнинг қалби ва онгига сингдириш алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, юртимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил қилади. Фарзандларини илму-маърифатга қизиқтириб Ватанига содиқ қилиб ўстириш ота-оналарнинг зиммасидаги муҳим вазифалардан саналади. Шунинг учун ота-оналардан фарзандларини Ватанига манфаат келтирадиган ва Ватан тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшадиган ватанпарвар қилиб тарбия беришлари талаб этилади.

Маълумки, бугунги кунда ҳукуматимиз томонидан ёшларимизни замонавий талаблар даражасида билим олиш, касб-ҳунарлар, хорижий тилларни пухта эгаллашга эътибор қаратилмоқда. Юртимизда ёшларниг замонавий билим ва тафаккур эгалари бўлиб вояга етишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Бундай эътибор ва ғамхўрликка жавобан ёшларимиз билим ва ҳунарларни ҳамда она тилимиз билан бирга хорижий тилларни ҳам пухта эгаллаб, келгусида бор куч ғайратларини барчамиз учун муқаддас бўлган Ватанимиз равнақи учун сарфлашлари мақсадга мувофиқ бўлади.

Демак, мана шу юртнинг ҳавосидан нафас олиб яшаётган ҳар бир киши ким бўлишидан ва қайси касб эгаси бўлишидан қатъий назар Ватан тараққиёти учун ўз ҳиссасини қўшиши зарур ва муҳимдир.

Шунингдек, диний соҳада фаолият олиб бораётган биз имом-хатиблар ҳам маҳалла, мактаб ва коллежларда бўладиган тадбирларда фаол иштирок этишимиз ва доим ҳалқ билан бирга мулоқотда бўлиб порлоқ келажак учун қайғуришимиз бугуннинг талабидир.

Хуллас, порлоқ келажак ҳақида сўз кетар экан, шубҳасиз, муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёев барчамизга ўрнак бўлмоқда. Давлатимиз раҳбари вилоятларга ташрифи вақтида хонадонларга кириб, ҳалқ билан мулоқотда бўлмоқда. Буларнинг барчаси порлоқ келажак ва халқнинг фаровон яшаши учун бўлган ғамхўрликдир.

Бас, шундай экан, муҳтарам Президентимиз атрофида барчамиз бирлашиб Ватан равнақи йўлида ўз ҳиссамизни қўшишимиз лозим. Зеро, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлатдир!”.

Ё Аллоҳ! Она Ватанимизни турли офатлардан, балолардан Ўзинг асра! Тинчлигини ва мустақиллигини бардавом қил! Юртимиз келажаги порлоқ бўлишлигини муяссар эт!


Киритилган вақти: 24/03/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 3143
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/porloq-kelajak-uchun-barchamiz-masulmiz
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:16
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг