ПАРИЖДА ПАЙТ ПОЙЛАГАНЛАР
Париж. 2015 йил 13 ноябрь. Франция осмони ҳар доимгидек мусаффо. Кимдир оиласи билан ҳордиқ чиқарар, яна кимдир кўчада сайр қилиб юрарди. Шу куни мамлакат тарихидаги даҳшатли, унутилмас қонли воқеа содир бўлишини ҳеч ким хаёлига ҳам келтирмаган эди. Қўққисдан портлаган бомба ва ўқ овозлари ушбу сокинликка барҳам берди, аҳолини саросимага солди. Париждаги “Stad de Frans” стадиони ёнида юз берган портлашлар, “Bataklan” концерт залида гаровга олинган томошабинларнинг қичқириқлари ҳаммани карахт қилди...
Хориж телеканаллари ва интернет нашрларининг хабар беришича, ушбу террорчилик ҳаракатлари оқибатида 129 нафар одам ҳаётдан кўз юмиб, 352 та одам жароҳатланган. Улардан 99 нафарининг аҳволи оғир. “Sky Tg24” ва бошқа чет-эл оммавий ахборот воситаларида айтилишича, бу қўпорувчиликни, ёвузлиги билан бутун дунё аҳлининг нафратига учраган ИШИД террорчи ташкилоти ўз зиммасига олган. Буни Франция президенти Француа Олланд ҳам алоҳида таъкидлади.
Ана шу мудҳиш воқеани эшитарканман, беихтиёр муҳтарам Юртбоши-мизнинг тинчликнинг қадрига етиш ҳақидаги: “ҳушёрлик, огоҳ бўлиб яшаш – бир кунлик ёки бир ойлик мавсумий масала эмас, балки, кундалик иш, кундалик амалий ҳаракат бўлиши лозим”,деган гаплари ёдимга тушди.
Маълумки, тинчлик Аллоҳ таоло томонидан бутун инсониятга инъом этилган улуғ неъматдир. Ислом дини тинчлик тушунчасини ўзининг бош ғояси ва муҳим шиорига айлантиргани ҳам бежиз эмас, албатта. Аллоҳ таоло Қуръони каримда баён қиладики: “Эй имон келтирганлар! Барчангиз ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир” (Бақара, 208).
Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) тинчлик ва хотиржамлик ҳақида бундай деганлар: “Тинчлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматдирки, бундан кўп одамлар бебаҳрадир”(Имом Бухорий ривояти).
Афсуски, шу кунларда ИШИД террорчи ташкилоти Ислом дини ва мусулмонларни ёмонотлиқ қилишга, унинг инсонпарвар ғояларини бузиб кўрсатишга уринмоқда. Улар нафақат Ироқ ва Сурия ҳудудларида, балки дунёнинг турли бурчакларида, ҳатто Европанинг йирик шаҳарларида ҳам қўпорувчиликларни содир этмоқда.
Бу ҳақда аввалроқ исломшунос олим Айдарбек Тулепов ўзининг “ИШИД фитнаси” номли асарида дунёнинг турли мамлакатларида бу тўда ғаламислари изғиб юрганидан огоҳлантирган эди. Жумладан, ушбу китобда “Пайт пойлаётган пистирмачилар” номли сарлавҳа остида қуйидаги далиллар келтирилган:
“ИШИД жангарилари ва тарафдорлари нафақат Ироқ ва Сурия ҳудудларида, балки Европа ва Осиёнинг кўплаб давлатларида ҳам писиб ётибди. Ушбу минтақаларда жангарилар томонидан террорчилик ҳаракатлари амалга оширилиши хавфи бор. Шунингдек, ИШИД қўлида катта миқдорда қурол-яроғ ва талон-тарож йўли билан топилган маблағлар мавжуд. Ҳатто Ғарб ва Европа давлатларидаги айрим жоҳил кимсалар ИШИД газандалари сафига қўшилиб жанг қилмоқда, айримлари эса ўз юртларида пайт пойлаб ётибди” (54–55-бетлар).
Ҳақиқатан ҳам “ИШИД фитнаси” асарида келтирилган ушбу ҳушёрликка чорловчи маълумотлар бундан бир йил олдин айтилган эди. Китоб муаллифи узоқни кўра билиб, барчани огоҳликка чорлаган эди. У пайтда аксарият одамлар, айрим сиёсатчилар ҳам ИШИД биздан минг-минг чақирим узоқда, бизга хавфи йўқ, дея хотиржамликка берилган эди. Афсуски, асарда келтирилганидек, айрим ғаламислар ўз юртларида террорчи ҳамтовоқларининг буйруқларини кутиб ётишар, имкон бўлди дегунча, қўпорувчиликни амалга оширишга тайёр эди. Буни, мана, 13 ноябрь куни Парижда содир этилган қонли жиноятлар мисолида яққол кўрдик.
Айрим интернет манбалари ёзишича, Францияда бўлган террорчилик ҳаракатлари чоғида қўпорувчилар соф француз тилида гапиришган. Британиянинг “The Guardian” нашри хабар беришича, ҳалок бўлган етти нафар террорчидан учтаси Франция фуқароси экан.
Бу ҳақда ҳам “ИШИД фитнаси” асарида бундай келтирилган эди: “Евроосиё ҳудудида яшайдиган айрим нодон шахслар ИШИД сафига қўшилиб, жанг қилишга уринмоқда. Аммо охирги вақтларда оммавий қатл акс этган видеолавҳаларда чет тилларида гапираётган жаллодлар тез-тез учрамоқда” (55-бет).
Ана шундай аччиқ ҳақиқатлар ҳақида кенг мулоҳаза юритар эканмиз, “ИШИД фитнаси” китобида келтирилган маълумотларни, ундаги ҳужжат-далилларни диққат билан ўқиб, доимо сергак ва огоҳ бўлиш зарурлигини тушуниб етамиз. Шунингдек, ушбу асарнинг нуфузи дунё миқёсида ҳам тез суръатда ортиб бораётганининг сабабини яхшироқ англаймиз.
Юртимизда тинчлик-осойишталикни асраш борасида қилинаётган ибратли ишлар, хусусан, “ИШИД фитнаси” китоби долзарблигини халқаро мутахассислар эътироф этишмоқда. Жумладан, Россия Федерацияси Свердловск вилояти муфтийси Абдул-Қуддус Ашарин ҳам “ИШИД фитнаси” асарини юқори баҳолаб, китоб тушунарли тилда ёзилгани ва унда келтирилган маълумотлар ҳужжат-далиллар асосида баён этилганини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Хулоса шуки, сизу биздан бу борадаги адабиётларни ўқиб, доимо ҳушёр ва сергак бўлиш талаб этилади.
Интернет маълумотлари асосида
Илҳом МАЪРУПОВ
тайёрлади.
"www.muslim.uz" дан
Киритилган вақти: 18/11/2015 00:00; Кўрилганлиги: 2736
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 01:53