Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Ўзбекистонсан!

 
 

Онам дейму, кўзимнинг икки нури гавҳарими,

Ё Юрак бағримни қониму, қонимнинг жавҳарими,

Ё Боғимми ё гулистонимни мушки анбарими,

Ё Топилмас бахту иқболим ҳаётим, Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!

Оёғим остида жоним тўшалған лолазорим бор,

Шу тупроғдин вужудим дардлариға ғамгузорим бор,

Атойим ҳам анойим ул ватандек дўсту ёрим бор,

Топилмас бахту иқболим ҳаётим, Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!

Сочиб нурини заррин офитобим чиқса осмоним,

Мусаффо кечаларда моҳитобим чиқса осмоним,

Ўқилса мадҳи юртим то хитобим чиқса осмоним,

Топилмас бахту иқболим ҳаётим Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!

Азиз тут эй биродар ҳар қарич ер, боғу саҳроси,

Замину осмоним узра кулсин ою заҳроси,

Бу олам бир чаман бўлса Ватандур они раъноси,

Топилмас бахту иқболим ҳаётим Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!

Қўлингни берма ҳаргиз ким Ватаннинг қадрини билмас,

Навосоз булбули бор бу чаманнинг қадрини билмас,

Ифори тинчлигидин ёсуманнинг қадрини билмас,

Топилмас бахту иқболим ҳаётим Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!

Ватансиз қадри ўлғайму агар шоҳ Ҳинду Хўтанга,

Беролмас тафтини офтоб Ватандин айро бу танга,

Агар бир кафт туроби бу Ватаннинг тўтиё манга,

Топилмас бахту иқболим ҳаётим Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!

Қилур бўлсанг онангдай айлагин сен иззату Икром,

Ва ё бўлган мадор сенга отангдай иззату Икром,

Топарсан бир куни сен ҳам Ватандин иззату Икром,

Топилмас бахту иқболим ҳаётим Ўзбекистонсан!

Ёзай ҳар қанча бўлмас бу баётим, Ўзбекистонсан!


Киритилган вақти: 15/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2775
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/ozbekistonsan
Чоп этилган вақт: 20/04/2024 06:47
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг