Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Оламларга раҳмат бўлиб келган Зот

 
 

بِسمِ اللهِ ألرَّحْمَنِ ألرَّحِيمِ

Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз (с.а.в)ни бутун оламларга Раҳмат қилиб юборди ва Қуръони каримда:

وَمَا اَرْسَلْنَاكَ اِلاَّ رَحْمَةً لِّلْعَالَمِينَ

Яъни “(Эй, Муҳаммад!) Биз Сизни (бутун) оламларга айни раҳмат қилиб юборганмиз”, - деб марҳамат қилади. Билмоқ керакким, Пайғамбаримиз (с.а.в) барча халқларга раҳмат эдилар. Фаришталарга, инсон ва жинларга, шайтонларга, ҳайвонот оламига, паррандаю даррандаларга ҳар нарса-ки адамдан (йўқликдан) вужудга келибди ҳам ҳаётликларида ҳам вафотларидан кейин айни раҳмат эдилар. Аммо фаришталарга раҳмат бўлмоқлари мерож кечаси фаришталар фавжидан ўтдилар. Осмон табақаларида ҳеч бир фаришта қолмади магар ҳазрат Рисолатпаноҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан илм маориф ўргандилар ва пинҳон касб қилдилар.

Вақтики, Жаброил алайҳиссалом бу оятни келтирди. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ё, Жаброил (а.с) бу раҳматдан сизга ҳам ҳеч насиба бўлдими?”, - деб сўрадилар. “Ҳа ё Расулаллоҳ, жамолингиз офтоби оламни мунаввар қилмасдан бурун мен ҳамиша ўзимнинг оқибатимдан андишалик эдим. Иблисни воқеасини мулоҳаза қилиб оқибатимдан қўрқар эдим. Вақтики, Ҳақ таоло сизнинг шариф зотингизни Пайғамбарлик мансабида ўлтирғизди мени ваҳийга восита қилди, деб ушбу оятни ўқидилар.

اِنَّهُ لَقَوْلُ رَسُولٍ كَرِيم ذِي قُوَّةٍ عِندَ ذِي الْعَرشِ مَكِين مُطَاعٍ ثَمَّ أَمِين ( سورت التكوير الآية 21-19)

Албатта, у (Қуръон) бир улуғ элчи (Жаброил Аллоҳ ҳузуридан келтирган ваҳий) сўзидир. (Жаброил) қувватли, Аршнинг соҳиби (Аллоҳ) наздида мартабали. У жойда (фаришталар томонидан) итоат этилувчи ва ишончли зотдир”. Мени Аллоҳ таоло Карамли, Макин, Амин деди. Бу давлатни сизнинг давлатингиз, мулозаматингиз ва хизматингиз баракотидан билдим”, дедилар.

Аммо жинларга раҳмат бўлмоқлари бундоқ эдиким, Ҳазрат Рисолатпаноҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан Қуръон эшитдилар ва динни таълим олдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) уларни ҳақ динга далолат қилдилар. Улар ҳам ҳақ динни ижобат қилиб, иймон ва ирфон давлатига мушарраф бўлдилар.

Аммо одамлар борасида раҳмат бўлмоқлари шундоқ эдиким, уни шарҳ ва баён қилмоққа ҳожат йўқдур. Ул Ҳазратнинг зоти бобаракотлари дунёда ҳам мўминларга ва ҳам кофирларга раҳмат эди. Аммо мўминларга ҳидоят бирла, мунофиқларга ўлдирмоқ, талон-тарож қилмоқдан омонлик бермоқ бирла, кофирларга азоб уқубатни қиёматга қолдирмоқ бирла раҳмат бўлдилар. Аллоҳ таоло Қуръони каримда:

وَمَا كَانَ أللهُ لِيُعَذِّبَهُم َواَنتَ فِيهِم

Яъни “Уларнинг ичида Сиз бўлатуриб, Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол, 33), деб марҳамат қилди. Бу оят мўминларга башоратдурки, Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг шариф вужудларининг дунёга келиши кофирларга азоб ва уқубатни бартараф бўлмоққа сабаб бўлган бўлса, аҳли иймонга дўзахдан омонлик ва эмин бўлмоққа боис бўлди.

Вақтики, бу оят нозил бўлди Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг муборак хотирларига “агар мен булар орасидан кетар бўлсам азобга мубтало бўлармикинлар” деган фикр ўтди. Аллоҳ таоло бу фикрнинг дафъига бу оятни нозил қилди:

وَمَا كَانَ أللهُ مُعَذِّبَهُم وَهُم يَسْتَغفِرُون

Яъни “Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида ҳам Аллоҳ уларни азобловчи эмас” (Анфол, 33). Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу айтадилар: “Бу оят нозил бўлганидан кейин ҳазрат Рисолатпаноҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деб марҳамат қилдилар:

لِاُمَّتِي اَمَانَانِ يُوشَكُ أَنْ يَرْفَعَ عَنْهُمْ اَحَدُهُمَا وَيَبْقَي الْآخَر

Яъни “Менинг умматимга (азобдан) икки омонлик бордир. Бири умматимдан бартараф бўлур ва яна бири боқий қолур”.

Пайғамбаримиз (с.а.в) чорпо ва даррандаю паррандаларга ҳам раҳмат бўлдилар дедик. Ҳазрат Муҳаммад (с.а.в) туғилган йиллари ниҳоятда қаҳатчилик эди. Боғу роғларда тоза япроқ топилмас эди. Дашту саҳроларда қуруқ гиёҳ ҳам топилмас эди. Ёғин ҳам ёғмас эди. Соғиндан бир қатра сут ҳам йўқ эди. Ҳазрат Рисолатпаноҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам таваллуд топганларидан кейин кенгчилик бўлди. Ёғинлар ёға бошлади. Одамларни яшаши ҳам яхшиланиб қолди. Барча жониворлар очлик ва ташналикдан осойиш топдилар.

Вақтики, Пайғамбаримиз (с.а.в) Маккадан Мадинага бордилар. Маккадан кетганлариданоқ Қурайшга қаҳатчилик бошланди. Қаҳатчилик шунчалик қаттиқ эдики одамлар ўлик ва ит гўштини емоққа мажбур бўлдилар. Макка аҳли Абу Суфён ибн Ҳарбни Мадинага юбордилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) буларнинг ҳақига дуо қилдилар. Қаҳатчилик айш ва раҳматга мубаддал бўлди.

Муборак ҳадисларида:

حَيَاوتِي خَيْرٌ لَكُم وَمَمَاتِي خَيْرٌ لَكُمْ

Яъни “Ҳаётим ҳам сизлар учун хайирлидир. Вафотим ҳам сизлар учун хайирлидир”.

Пайғамбаримиз (с.а.в) ўзларининг бошқа бир муборак ҳадисларида “ҳар душанба ва пайшанба куни қилган амалларингиз менга кўрсатилгай. Агар қилаётган амалларингиз савобли бўлса мен қувонаман. Агар гуноҳ қилаётган бўлсаларингиз сизлар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтаман”, дедилар. Саҳобалар “қандай қилиб сизга бизнинг амалларимиз кўрсатилади. Ахир сизнинг жасадингиз чириб тупроққа аралашиб кетмайдими”, дедилар.

Пайғамбаримиз (с.а.в) уларга қарата:

اَمَاعَلِمْتُمْ اِنَّ لُحُومَ الْاَنْبِياءِ عَلَيهِم الصَّلَواةُ وَالسَّلَام حَرَامٌ عَلَي الْاَرْض فَاِنَّ اَجْسَادُالْاَنْبِياء لَايْنْتَلِي فِي الْقَبْر

Яъни “Билмайсизларми Пайғамбарларнинг этлари ерга ҳаром қилинган. Бас уларнинг жасадлари қабрда чиримайди”, деб марҳамат қилдилар.

Саллоллоҳу алайҳи васаллам.

Мақолани тайёрлашда “Сияри туркий” китобидан фойдаланилди


Киритилган вақти: 06/12/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2684
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/olamlarga-rahmat-bolib-kelgan-zot
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 09:50
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг