НИЯТ ХОЛИС БЎЛСИН
Аллоҳ таола инсониятга беҳисоб неъматлар бериб қўйган. Бу борада Наҳл сурасининг 18-оятида, “Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз...” - деб марҳамат қилинган. Шундай экан, токи тирик эканмиз, бизларга берилган неъматларнинг шукронасини қилиб яшашимиз керак. Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” - деб айтганлар. (Имом Термизий ривояти) Шундай экан ҳар биримиз бугунлик кунда бизларга берилган тинчлик ва хотиржамлик, соғлик ва саломатлик неъматларига беҳисоб шукрлар қилиб, холис ниятлар билан келажакка интилиб яшашимиз зарурдир. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ким ниятини тўғри қилса, Аллоҳ таола унинг амалини ҳам тўғрилаб қўяди”, - деганлар (Имом Молик ривояти). Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир инсон бирон иш қилмоқчи бўлса аввало ният қилиб, қалбида режалаштирган ҳолда уни ҳаётига тадбиқ қилади. Қалб инсон аъзоларининг бошқарувчиси бўлса, ният қалб подшоҳидир. Қалбимиз подшоҳи яхшиликка бўйсинса юзимиз нурли, амалимиз савоблардан иборат бўлади. Суфён Саврий (р.ҳ.) ўтган солиҳлар ҳақида фикр билдириб: “Сизлар амал қилишни ўргансаларингиз, салафлар бирор амал қилишдан олдин унга ният қилишни ўрганар эдилар”-деганлар. Бу дунё инсонлар учун имконият майдонидир. Берилган имкониятдан ўз вақтида фойдаланмаган одам хазинага кириб бир чақа олмай чиққан кишилардек савоблардан қуруқ қолиб кетаверади.
Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳадисларининг бирида: “Мўмин кишининг нияти амалидан кўра яхшироқдир” - деб марҳамат қилганлар. Ривоятларда келтирилишича, Бани Исроилдан бир киши катта қумтепалик ёнидан ўтар экан ҳаёлида "агар шу қумлар егулик бўлганида эди, уларнинг барини фақирларга улашиб чиқардим" деб ўй қилди. Аллоҳ таоло ўша давр пайғамбарига "фалончига у кўрган қумтепаликдаги қумларнинг ададича таом тарқатган савоби берилди" деб вайиҳ қилди. Зеро, Аллоҳ таоло инсон қалбида кечадиган ниятларни шак-шубҳасиз билиб турувчи зотдир.
Шу ўринда келинг бир яхши ният қилайлик: Кундан-кунга гуллаб яшнаётган юртимизга кўз тегмасин.Тинчлигимиз барқарор бўлсин. Шу тинчлик соясида бир ота бир онанинг фарзандларидек иноқ-иттифоқ бўлиб яшайлик. Фарзандлар иқболини кўриш ҳар биримизга насиб этсин. Қалбларимиздан ўтаётган ҳар бир ниятларимиз жаннат йўлларига паёндоз бўлсин.
Киритилган вақти: 07/05/2016 00:00; Кўрилганлиги: 3360
Чоп этилган вақт: 12/12/2024 00:57