Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

НАМОЗДА ХУШУЪ ВА ХУЗУЪ МАСАЛАЛАРИ

 
 

Аллоҳ таоло ўзининг бандаларига намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа бир неча фарз амалларни буюрган. Ушбу буюрилган амалларни ихлос билан чиройли бажариш орқали инсон Ҳаққа яъни Аллоҳ таолога яқинлашиб боради. Намоз бу диннинг энг улуғ арконлари яъни устунларидан биридир. Буни Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда кўп ўринларда таъкидлаган. Мана шу ибодат Аллоҳнинг ҳузурида қабул бўлиши учун у чин дилдан, ихлос, хушуъ ва хузуъ билан адо этилиши керак.

Хушуъ ва хузуъ сўзлари луғатда деярли бир хил маънолидир. Бу сўзлар: “итоат қилмоқ”, “бош эгмоқ”, “ўзини паст олмоқ”, “таслим бўлмоқ” каби маъноларни билдиради. Яъни, ибодат вақтида буюк Аллоҳнинг ҳузурида турганини англаб, унга ҳам умидворлик, ҳам қўрқув билан итоат этиш, ўзининг ожиз банда эканини ҳис қилиб туриш ва шу каби маънолар тушунилади. Шунда хузуъ сўзининг маъноси - ўзи эгалик қилиб турган барча нарсасини ҳақиқий соҳибига, яъни Аллоҳга топшириш бўлади. Бу инсон учун жуда қийин бўлган ҳислардан ҳисобланади.

Хузуъ - бу Аллоҳ таоло берган неъматлар эвазига тирик юрганимизни ҳис этиш, чунки Аллоҳ таоло ризқимизни бериб турмаса, биз минг ҳаракат қилайлик, ҳалок бўлишимиз муқаррар. Оддий мисол сифатида ҳавони олайлик, инсон ҳавосиз қанча вақт яшай оларди?! Инсон Аллоҳнинг ҳар бир бераётган неъматига муҳтож ва тобеъдир. Ана шу тобеълик ва уни англаган ҳолда яратганга ибодат қилиш “хузуъ”дир. Хушуъ ва хузуъ сўзлари бир-бирини тўлдириб келувчи сўзлардир, одатда улар кўпинча ёнма-ён қўлланилади. Лекин ибодат ва намоз масаласида хушуъ сўзи кўпроқ ишлатилади. Бў ўринда биз ҳам хушуъ иборасига урғу қаратамиз.

Аллоҳ бандасига буюрган буюк ибодатни ўз маромида бажарилишига йўл қўймаслик учун, шайтони лаин ўзининг бор эътиборини қаратади, чунки шайтон учун энг биринчи даражали ташвиш бу инсоннинг намозидаги диққат-эътибоирини чалғитиш, унинг Аллоҳ олдидаги қўрқуви ва тавозеъсини яъни хушуъсини бузишдан иборат. Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларининг муборак ҳадисларидан бирида таъкидлаганларидек, мусулмонларнинг энг аввал йўқотадиган нарсаси бу намоздаги хушуъ, энг охирида йўқотадиган нарсаси намоз экан. Намоздаги хушуъ йўқолса, аста секинлик билан бошқа ибодатлар ҳам изидан чиқишни бошлар экан.

Аллоҳ таоло ҳадиси қудсийда айтади:

“Ҳар бир намоз ўқувчи ҳам намоз ўқиган бўлавермайди, албатта мен намозни менинг улуғлигим учун ўзини паст тутган, мен ҳаром қилган ишлардан шаҳватини тийган, менга доимий гуноҳкор бўлмаган, очга таом берган, кийими йўқни кийинтирган, мусибатга учраганга раҳим қилган, ғарибга бошпана берган ва буларнинг барчасини фақат менинг розилигим учун қиладиган кишилардан қабул қиламан, иззатим ва улуғлигим билан қасамки бундай кишининг юз нури менинг наздимда қуёшдан ҳам ёруғроқдир, жаҳолатни у учун ҳилмга, зулматни нурга айлантириш менинг зиммамдадир, менга дуо қилса “лаббай”, дейман, мендан сўраса бераман ...[1]

Машҳур олимлардан бирининг таъкидлашича мусулмонлар орасида энг кўп сўраладиган савол орасида хушуъ масаласи талоқ ҳақидаги саволдан кейин иккинчи ўринда турар экан.

Хушуъ қалбдан бошланади ва унинг натижаси инсоннинг тана аъзоларида кўринади, агар қалб ғафлатда бўлса ёки васвасага алданиб қолган бўлса бу нарса бошқа аъзоларга таъсир қилади. Чунки қалб инсонда подшоҳ кабидир. Қалб хушуъда бўлса бошқа аъзолар ҳам хушуъ қилади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда жуда кўп ўринларда ибодатларни хушуъ билан, умидворлик ва ўзидангина қўрққан ҳолда адо этишга тарғиб қилган ва бундай бандаларни мақтаган.

Жумладан, Муъминун сурасида: Дарҳақиқат мўминлар нажот топдилар. Улар намозларида (қўрқув ва умид билан) бўйин эгувчи кишилардир. ...деб, марҳамат қилади. Бу суранинг мазмунига эътибор берадиган бўлсак Аллоҳ таоло унда мўминларнинг бир қанча сифатларини санаб ўтади ва бундай бандаларнинг нажот топганини, уларнинг Фирдавс жаннатига кириб у ерда абадий қолишларини таъкидлайди[2].

Ҳузайфа (розияллоҳу анҳу)дан нақл қилинади: Сизлар мунофиқлик хушуъсидан эҳтиёт бўлинг! Шунда “мунофиқлик хушуъси” нима дегани?, деб сўрадилар. У киши: “жасаднинг хушуъ қилаётганини, кўрасан, қалб эса хушуъ қилмаётган бўлади”, дедилар.

Намозда хушуъ қилиш бандани жаннатга киришига ва нажот топишига сабаб бўладиган омиллардан экан, буни қуйидаги ҳадис ҳам таъкидлайди:

“Қайси бир муслим таҳорат қилса уни яхшилаб қилса, сўнг туриб икки ракъат намоз ўқиб унга қалби ва юзи билан эътибор қаратса, унга жаннат вожиб бўлади[3]”.

Хушуъ ва унинг фазилати ҳақида маълумотга эга бўлгандан сўнг кишида савол пайдо бўлиши мумкин: “хушуъ қилиш учун нима қилиш керак, қандай ишлар кишининг намоздаги хушуъсини ошишига сабаб бўлади?” .

Қуйида кишининг хушуъсини ошишига сабаб бўладиган омиллардан бир қанчасини келтириб ўтамиз:

1.Намозга яхшилаб тайёргарлик кўриш. Намозга тайёргарлик кўриш муаззин азон айтган вақтдан бошланади, муаззин азон айтаётган вақтда унинг сўзларини такрорлаш ва ундан кейинги азон дуосини айтиш. Сўнг агар таҳорати йўқ бўлса таҳорат олади, таҳоратни мукаммал қилиш ҳам шулар жумласидан, чунки таҳорат ибодатнинг бошланиш нуқтаси, таҳорат вақтида ҳам доимо Аллоҳни зикр қилиш, таҳорат вақтида гаплашмаслик унинг орасига бошқа ишларни аралаштимаслик зарур, айрим олимлар намоздаги хаёл бузилиши ва васваса таҳоратни мукаммал адо этмасликдан бошланади, деб айтганлар шунинг учун таҳоратга эътибор қаратиш, сувни исроф қилмаслик ўта муҳим амаллардандир. Сўнг намоз учун покиза чиройли кийимларни кийиш ва хушбўйликлар сепиш. Намоз вақти кириши ва бошланишини кутиш, бундай кутиш шунчаки вақтни ўтказиш эмас, балки ибодат қилиш билан тенглаштирилган. Намозга турганда эса сафларни текис олиш ва бўш жойларни тўлдириш, имкон қадар олдинги сафларни тўлдирган яхши. Олдинда бўш жой турган ҳолда орқа сафда намоз ўқиш макруҳ саналади. Агар намозхон ёлғиз намоз ўқиётган бўлса иложи борича олдида сутра яъни, тўсиқ бўлишига эътибор қаратиши лозим. Агар масжид ёки хона ичида ўқиса олдиндаги девор, устун ва тўсиқ кабиларга яқинроқ турсин. Шунда одамлар унинг олдидан ўтмайдилар ва у ҳам уларнинг орқадаги ҳаракатига чалғимайди.

2. Банда ўзининг Аллоҳ таоло ҳузурига туришини ва у барчамизни билиб, кузатиб тургани, намозда ундан бошқа бизни машғул қилиб қўядиган зот йўқ эканини ҳис этиш.

3. Аллоҳ таоло унинг ибодатини эшитиши ва унинг илтижоларига жавоб беришини билиш, муфассирлар “Фотиҳа” сурасининг тафсирида машҳур ҳадиси қудсийни келтирадилар. Унинг маъносига кўра банда бу сурани ўқиётган вақтда Аллоҳ таоло унинг ҳар бир ўқиган оятига жавоб қайтариб турар экан, бу ҳақда тафсир китобларида батафсил тўхталиб ўтгилган,

4. Намозда бадани, тана аъзолари билан хушуъ қилиш. Яъни, бошқа нарсаларга қарамаслик, бошини бурмаслик, кийимларига тегинмаслик, агар бу ишларни қиладиган бўлса қалбдаги хушуънинг йўқолишига сабаб бўлади.

5. Ўқиётган сураси ва тасбиҳлари ҳамда дуоларининг маъносини билиб олиб, нима деяётганини фикрлаш. Албатта ҳозирги кунимизда бунинг иложи бор, турли китобларда суралар, тасбиҳлар ва дуоларнинг маънолари баён этиб ўтилган. Ўрганмаган инсон фақат ўзи айбдор, чунки пайғамбаримиз илмни бешикдан то қабргача излашга буюрганлар. Доимо илм ўрганиш ва китоб ўқиш фарз даражасидаги амалдир. Инсон ўзи айтаётган сўзлар маъносини билса, унинг намоздаги эътибори кучаяди ва хушуъси ортади.

6. Инсон ўзини гўё охирги намозини ўқиётгандек ва бошқа қайтиб ибодат қила олмаслиги, бу унинг учун охирги имконият эканини ҳис этиш.

Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларига бир киши келиб: “Менга насиҳат қилинг, қисқа бўлсин”, деди. Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Агар намозга турсанг видолашаётган одам ўқигандек намоз ўқи”, яъни ўлим қаршисида туриб охирги намозини ўқимоқчи бўлган инсон каби намозни адо этгин.

Шу билан бирга намозда ўлимни эслаш хушуъни ортишига сабаб бўлади. Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларининг бирида: “Намозда ўлимни эсланг”[4], деб марҳамат қиладилар.

7. Сийрат китоблари, олимлар ва саҳобалар ҳақидаги ҳикояларни ўқиб улар намозда қай ҳолатда туришлари ҳамда хушуъга қанчалик эътибор беришлари ҳақида фикр юритиш.

Али (розияллоҳу анҳу) намоз вақти келганда титраб кетар ва юзларининг ранглари ўзгариб кетар экан. “Сенга нима бўлди?”- деб сўралса, “Шундай бир омонатнинг вақти келдики уни Аллоҳ таоло осмонлар, ер ва тоғларга арз қилганда улар уни кўтаришдан бош тортган эдилар”, деб жавоб берар эканлар.

Албатта саҳобалар, олимлар ва аждодларимиз намозда қўрқув, умид билан туришар эди, улар ҳатто ўнг ва чап томонларида ким намоз ўқиганига ҳам қарамас эдилар, баъзилари хушуънинг кучидан баданидаги оғриқларни ҳам сезмай қолар эдилар.

8. Намозда инсоннинг хаёлини чалғитишга шайтон доимо тайёр бўлиб туради. унинг мақсади инсонни намознинг лаззатидан маҳрум этиш. Бундай пайтда шайтондан паноҳ тилаб истиъоза[5] айтиш, яъни “Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир-рожим” дейиш, керак бўлади.

Усмон ибн Абул Ос Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб айтади: “Ё Расулуллоҳ, шайтон мени намозим ва қироатимдан тўсиб қўймоқда, мени чалғитмоқда”. Набий (солаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Бу хинзиб деб аталадиган шайтон, агар уни ҳис қилсанг таъаввуз айт (яъни Аллоҳдан уни сендан асарашини сўра) ва чап тарфингга уч марта туфлаб қўй”. У айтади: “Мен шундай қилдим, Аллоҳ таоло уни мендан кетказди”.[6]

Олимлар хушуъ ва унинг сабаблари ҳақида кўплаб маълумотлар ва рисолалар қолдирганлар лекин бу ўринда уларни қисқача бериш билан чекланилди. Аллоҳ таоло барчамизга ўзи сифатлагандек намозда хушуъ қиладиган ва нажот топган бандаларидан қилсин!

Шоди ҲАҚБЕРДИЕВ

Ургут туман бош имом-хатиби



[1] Ҳориса ибн Ваҳбдан Дайламий ривояти

[2] Қаранг: Муъминун сураси 1-11оятлар. (Маънолар таржимаси муаллифи Абдулазиз Мансур)

[3] Уқба ибн Омирдан Имом Муслим ривояти

[4] Анас (розияллоҳу анҳу) дан Дайламиий ривояти

[5] Истиъоза бу Аллоҳдан паноҳ ва унинг ёмонликдан асрашини сўраш, “ Аъузу Биллаҳи минаш-шайтонир-рожим”, деб айтиш. У “таъаввуз”, деб ҳам аталади

[6] Имом Муслим ривояти


Киритилган вақти: 21/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3694
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/namozda-xushu-va-xuzu-masalalari
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 02:03
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг