Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Мусулмоннинг ҳаёти, иззат обрўси ва моли Оллоҳнинг ҳимоясидадир.

 
 

Дар ҳақиқат ҳар бир инсон бахтли ҳаёт кечириши учун унинг жони, шаъни ва молу давлати муҳофаза этилиши лозим. Муқаддас ислом динида айнан анашу масалада етарлича асослар мавжуд. Келинг биргалашиб шу асосларнинг баъзиларини кўриб чиқамиз.

Энг аввал Қуръони каримга мурожаат қиладиган бўлсак, Оллоҳ таоло Нисо сурасининг 92 оятида шундай деб огоҳлантирган.

وَمَا كَانَ لِمُؤْمِنٍ أَنْ يَقْتُلَ مُؤْمِنًا إِلَّا خَطَأً وَمَنْ قَتَلَ مُؤْمِنًا خَطَأً فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ وَدِيَةٌ مُسَلَّمَةٌ إِلَى أَهْلِهِ إِلَّا أَنْ يَصَّدَّقُوا فَإِنْ كَانَ مِنْ قَوْمٍ عَدُوٍّ لَكُمْ وَهُوَ مُؤْمِنٌ فَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ وَإِنْ كَانَ مِنْ قَوْمٍ بَيْنَكُمْ وَبَيْنَهُمْ مِيثَاقٌ فَدِيَةٌ مُسَلَّمَةٌ إِلَى أَهْلِهِ وَتَحْرِيرُ رَقَبَةٍ مُؤْمِنَةٍ فَمَنْ لَمْ يَجِدْ فَصِيَامُ شَهْرَيْنِ مُتَتَابِعَيْنِ تَوْبَةً مِنَ اللَّهِ وَكَانَ اللَّهُ عَلِيمًا حَكِيمًا

Мўмин (иккинчи бир) мўминни фақат янглишибгина ўлдириб қўйиши мумкин. Кимда-ким мўминни янглишиб ўлдирган бўлса, (унинг зиммасига) бир мўмин қулни озод қилиш ва у (марҳум)нинг оиласига – агар кечиб юбормасалар – хун тўлаш (фарздир). Агар (марҳум) сизнинг душманингиз қавмидан бўлиб, ўзи мўмин бўлса, бир мўмин қулни озод қилиш (буюрилади). Агар у сизлар билан улар ўртасида сулҳ (тузилган) қавмдан бўлса, унинг оиласига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш (буюрилади). Кимда-ким (қул) топмаса, икки ой муттасил рўза тутиш (билан кифояланади). Бу Аллоҳ томонидан кечирим ўрнидадир. Аллоҳ билим ва ҳикмат эгасидир.

Бир мўмин бошқа мўминни ўлдириши мумкин эмас. Бироқ, ўзи билмаган ва истамаган ҳолда ўлдириб қўйиши эса бундан мустасно. Мисол учун бир мўмин киши овга чиқиб, ҳайвонни мўлжаллаб ўқ уздида, узган ўқи билан, яна таъкидлаймиз, ўзи ҳоҳламаган ҳолда, бошқа бир мўминни ўлдириб қўйди. Ушбу нохуш ҳолатдан пушаймон, ич ичидан тавба қилиб надоматлар чекмоқда, энди нима бўлади?

Ана шундай ҳолатда унга Аллоҳ таолонинг юқоридаги ояти асосида жарима белгиланади. Яъни бир мўмин қулни озод қилиш билан бир қаторда хун ҳам тўлаш керак. Бироқ, ҳозирги замонда қулчилик йўқ, унинг ўрнига хун тўлаш билан бирга икки ой муттасил рўза тутади. Муттасил деганда бир кун тутиб, иккинчи кун тутмай эмас, балки 60 кун узлуксиз тутиш бир қул озод қилганнинг ўрнига ўтади. Бу билан Аллоҳнинг кечиримига сазовор бўлади.

Оятдан ҳанафий мазҳабида мусулмонлар диёрида яшаётган ғайридинлар, яъни зиммийлар билан мусулмонлар дияси (хуни) ўртасида фарқ йўқлиги тўғрисидаги ҳукмни олганлар.

Дия – ўлдирилган кишининг қариндошларига ўлдирган томоннинг жон баробарига тўлайдиган хун ҳақидир.

Битта ўлдирилган ҳур кишининг хуни ҳанафий мазҳаби бўйича 100 та туя ёки 200 та қорамол ёки минг динор тилла ёхуд ўн минг дирҳам кумушдир.

Ўлдириб қўйган одам хун ҳаққини тўлашга қурби етмаса, барча қариндош уриғининг ёрдами билан тўлаши лозим бўлади.

Ислом динида инсоннинг ҳаёти анашундай ҳимоя қилинган.

Энди иккинчи масала яъни, қасддан бировнинг жонига тажоввуз қилиш. Бу борада Ислом динида нима дейилган”? бунга ойдинлик киритиш учуни яна Аллоҳнинг каломига мурожаат қиламиз.

وَمَنْ يَقْتُلْ مُؤْمِنًا مُتَعَمِّدًا فَجَزَاؤُهُ جَهَنَّمُ خَالِدًا فِيهَا وَغَضِبَ اللَّهُ عَلَيْهِ وَلَعَنَهُ وَأَعَدَّ لَهُ عَذَابًا عَظِيمًا

Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай*.

Оятда ноҳақ қатл қилишни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги ҳукм баён этилмоқда. Ҳадиси шарифда ҳам: “Қиёмат куни биринчи савол ноҳақ тўкилган қон тўғрисида бўлур”, деб таъкидланган.

Демак, мазкур оят ва ҳадисдан маълум бўлишича, қасддан бир мўминни ўлдирган одамнинг энди икки ой пайдарпай рўза тутиш ва икки юз бош қора мол бериб, хун ҳаққини тўлаш билан ҳам гуноҳи ювилмайди, унинг борадиган жойи дўзах ҳамда унда абадий қолиш бўлади. Шунингдек, у Аллоҳнинг ғазабига ва лаънатига учраган ҳолда оламлар Роббиси тайёрлаб қўйган улкан азобга дучор бўлиб, ундан қутилиш учун бошқа ҳеч қандай нажот йўлини тополмайди.

Бугун дунёнинг турли бурчакларида динни ниқоб қилиб ва Аллоҳ таолонинг номи билан одамларни ўлдираётганларни қандай тушуниш мумкин?

Юқоридаги оятлар каби очиқ Илоҳий таълимот бир ёнда қолиб кимларнингдир шахсий тор тушунчалари учун курашиш, шу йўлда ўзига қарши чиққанларни кўр-кўрона душман эълон қилиш, бу йўлда диний шиорлардан фойдаланиш ва аслида эса илоҳий динга эмас, балки шахсий фикрларга бошқаларни куч билан мажбурлаш каби ишларни қилаётганлар, қилмишларининг оқибати ҳалок қилувчи ва улкан гуноҳлар бўлиши, унинг қанчалик ёмон эканини нахотки тушунмасалар.

Ислом аъмри маъруф ва наҳий мункар қилишга чақиради, мажбурлаш ва зўрлашдан эса қайтаради. Куч ёки шавфқатсизлик билан эмас, балки айнан яхшилик ва юқори даражадаги ахлоқ Ислом динини бутун дунёга ёйилишига сабаб бўлган.

Муҳтарам ўқувчини малоллантирмаслик мақсадида кишининг шаъни ва молу давлати муҳофаза борасидаги мулоҳазаларимизни мақоланинг кейинги қисмларида давом эттирамиз.


Киритилган вақти: 28/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3001
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/musulmonning-hayoti-izzat-obrosi-va-moli-ollohning-himoyasidadir
Чоп этилган вақт: 29/07/2021 14:08
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг