Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

КАТТА ИШОНЧ - ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

 
 

КАТТА ИШОНЧ - ЮКСАК МАСЪУЛИЯТ

2015 йил 31 август куни Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида Президентимиз уламолар, нуронийлар ва кенг жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда мамлакатимиздаги тинчлик-осойишталикнинг қадрига етишни Ироқ ва Сурия ҳудудларида булаётган нотинчликлар мисолида теран англаш ҳамда бу борада имом-хатибларнинг вазифалари тўғрисида алоҳида тўхталдилар.

Давлатимиз раҳбарининг дин пешволарига бўлган ишончлари, тавсиялари ҳар бир уламо ва имом-хатибни янада жадал меҳнат қилишга ундайди. Шу муносабат билан дунёдаги мураккаб вазият ва юқоридаги масалалар юзасидан куйидаги фикр-мулоҳазоларни билдиришни лозим деб топдим.

Такфирчими ёки террорчи?

Юртбошимиз Ироқ ва Сурия ҳудудларидаги ўзини “Ислом давлати” деб атаган бир тўда жангарилар Ислом динига мутлақо зид бўлган қинғириқлари билан дунёга танилганини алоҳида қайт этдилар. Таъкидлаш керакки, ҳозирги кунда бузғунчи кучлар оммавий қатллар, вайронкорликлар каби қабиҳ ишларини кундан-кунга кучайтираётгани ҳар бир кишини ташвишга солмоқда.

Сўнги маълумотларга кўра, жангарилар Ироқнинг Мосул шаҳридаги Юнус (алайҳиссалаом) қабри ва унинг ёнидаги масжидни портлатиб, шундай табаррук жой ва ибодатгоҳни ер билан яксон қилган. Улар қабрни бульдозер билан текислаб юборишган. Ўтган йили Дониёл пайғамбар ёдгорлик мақбарасини ҳам бузиб ташлаган эди.

Энг даҳшатлиси, ёвуз кучлар Рамазон ойида ҳам хунрезликларни давом эттириб, барча мусулмонлар нафратини қўзғашди. Террорчилар тамонидан Аллоҳнинг уйи – масжидларига ҳужм қилинди, вайронага айлантирилди. Масалан, жорий йилнинг 26 июн, жума куни Қувайтдаги “Имом Содиқ” жоме масжидига террорчилик ҳаракати уйиштирилди. Оқибатда 27 киши ҳаётдан кўз юмди, 227 киши жароҳатланди. Кейинчалик эса Ислом дини пайдо бўлган ҳудуд – Саудия Арабистонида жума куни иккита масжидга ҳужум уйиштирилди ва бир неча ўнлаб кишилар қурбон бўлди.

Мазкур жирканч жиноятларни дунё аҳлининг нафратига дучор бўлган ИШИД террорчи ташкилоти ўз бўйнига олгани оммавий ахборот воситаларида бот-бот айтилмоқда.

Аҳли Сунна уламолари масжидларда содир этилган бундай вахшийликларни қаттиқ қоралаб, ўз фикрларини билдирмоқда.

- Масжидларга бўлаётган ҳужумлар Исломга зид ва динимизни ёмонотлиқ қилишига қаратилган, - деб ёзди “Facebook” ижтимоий тармоғида Ториқ Сувайидан.

- Бугуноҳ одамларни ўлдиришда масжиднинг танланиши ҳамда Рамазон каби муқаддас ойда содир этилиши бу жиноятчиларнинг имонсиз эканини яққол кўрсатмоқда, - деб таъкидлади таниқли уламо Холид Мазкур.

Бу каби қабиҳ қилмишлари билан ИШИДчилар яна бир бор ўзларининг ҳақиқий башараларини намоён қилдилар. Ваҳоланки! Ислом динида масжид ва мозорларни вайрон қилиш эмас, обод қилишга буюрилган. Бунинг аксини қилганлар эса ашаддий золим эканлиги Қуъони каримда таъкидланган: “Аллоҳнинг масжидларида Унинг номи зикр этлишига қаршилик қиладиган ва уларни хароб қилишга уринадиганлардан ким ҳам золимроқдир?! Ахир, бу (каби) кимсалар учун у ерларга (Каъба ёки Байтул-Мақдисга) фақат қўрққан ҳолларидагина киришлари мумкин эди. Улар учун бу дунёда шармисорлик, охиратда эса буюк азоб (бордир)” (Бақара, 114).

Ислом дини сира ҳам зулмни оқламайди. Ҳатто жониворларга ҳам раҳм-шафқат қилишга чорлайди. Ўзини ислом давлати номи билан атаб, қилаётган ишлари илоҳий таълимотга умуман зид бўлган бу ташкилотни Ислом билан қандай боғлаш мумкин?!

ИШИДчи газандаларнинг касофати сабаб мусулмон бўлмаганлар орасида “Исломофобия” – Ислом динидан қўрқиш кайфияти кенг тарқалди. Юртбошимиз “Шаҳадлар хотираси” хиёбонидаги суҳбатларида Ислом дини ниқоби остида амалга оширилаётган бундай вахшиликларнинг таг замирида кишиларни муборак Ислом динидан бездириш турганини чуқур англаш лозимлигини уқтирдилар.

Чунки уларнинг қилмишлари натижасида бутун мусулмон олами учун муқаддас саналган тушунчалар бугун қўрқув ёки нафрат билан тилга олинмоқда, худди ёвузлик террор сўзлари билан маънодошдек қабул қилинмоқда.

Шу ўринда бир мулоҳаза: ИШИДчи газандалар, хабарларда таърифланаётганидек, кучли, енгиб бўлмас эмас. Ахборот манбалари кўпайган ва тарқалиши тезкорлиги ошган бугунги кунда бу террорчи тўда асосан ахборот хуружига урғу бериб, ўз кучини бўрттириб кўрсатишга уринмоқда. Ҳолбуки, ҳозирча учинчи қўл ёки кўринмас кучлар ноғорасига ўйнаётганлари учун ҳам жон сақлаб турибди, эрта манфаатлар тўқнашса ёки вазият талаб қилса парда ортидаги қўллар дарҳол ИШИДчи “қўғирчоқлар”нинг танобини тортади, бир зумда йўқ қилиб ташлайди!

Бутун дунё афкор оммасининг нафратига учраган ушбу қўпорувчи ташкилот барча қилмишлари учун бандаси олдиди ҳам, Яратганнинг ҳузурида ҳам жавоб бериши муқаррар!

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бу каби жиноятчиларни вақтинча ўз ҳолларига ташлаб қўйишни ва гуноҳ – маъсиятлари роса кўпайганидан кейин ўзлари ҳаёл қилмаган тамондан бало юбориб, жазоларини қаттиқ беражагини бундай баён қилган: “Уларга муҳлат бериб турганимизни яхшилик деб ўйламасинлар! Муҳлатни уларга гуноҳ ва жиноятлари кўпайиши учун берамиз. Уларга албатта, хор қилувчи жазо (азоб) бордир” (Оли-Имрон, 178).

Бинобарин, уларни худди шундай кун кутаётир. Эзгулик ёвузлик устидан, албатта, ғалаба қилажак!

“Бугунги кунда дунёнинг турли минтақа ва ҳудудларида авж олаётган қарама-қаршиликлар, қонли тўқнашувлар, мусулмон дунёсидаги турли мазҳаб ва оқимлар ўртасида кучайиб бораётган низо ва зиддиятлар, бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлаётгани барчамизни ташвиш ва хавотирга солмасдан қўймайди. Бундай ҳолатларнинг келиб чиқиши сабабларини, уларни фожиали оқибатларини чуқур тушуниб, англаб олиш, кенг жамоатчилигимизга, айниқса, ёшларга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Диний қадрятларнинг эзгулик ва инсониятнинг душмани бўлган ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, мана шундай тинч, мусаффо осмон остида бунёткорлик меҳнати билан банд бўлиб, шукрона келтириб яшаётган олийжаноб халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини ҳар қандай бало-қазолардан асраш – энг асосий вазифаларимиздан бўлиши керак”. Ислом Каримов

Имом хатибларга тавсиялар

Соғлом эътиқодни оёқости қилаётган ва муборак динимизни ўз манфаати йўлида ниқоб қилиб олаётган кимсаларнинг борлиги барчамизни хавотирга солиши керак. Айниқса, имом-хатиблар бундай нокасларнинг жирканч қилмишларини фош этиб, уларга қарши тинимсиз курашишлари даркор. Маълумки, ақидапараст ва бузғинчи ғоялар халқ руҳиятини ичидан емиради, жамият ҳамжиҳатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчаларнинг усталик билан фойдаланиб, кишиларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек, одамларнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, омма орасида норозилик кайфиятини пайдо қилади. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг қуролига айлантириб, жувонмарг қилади.

Ақидапарастлар фикрича ислом маърифатини ёйишнинг йўли фақат зўровонликдир. Бунда қўпорувчилар инсонлар қалбига ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло: “(Эй Муҳаммад,) Роббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чираойли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!...” (Наҳл,125) деб амр этган.

Бугунги кунда қуйидаги долзарб вазифаларни адо этиш имом-хатибларнинг дин пешвоси сифатидаги шарафли бурчи, деб биламан:

Биринчи, имомлар бутун вужуди билан масъулиятни ҳис этиб, ИШИД каби бузғунчиларга қарши курашиши ва мусулмонларни тўғри йўлга бошлаши зарур. Бугунги кунда имом хатиб бепарво бўлиши мутлақо мумкин эмас. Гарчи юртимиз уруш ўчоқларидан йироқ бўлсада бу хатарнинг олди олинмаса, унинг тафти етиб келиши мумкин. Шунинг учун имомлар тинчликнинг қадри нечоғли улкан эканини ҳаётий мисоллар билан халққа етказиши зарур.

Иккинчи, ҳозирда Ироқ ва Суриядаги нотинчликлар оқибатида миллионлаб болалар оч-наҳор қолгани, бир бурда нон учун илҳақ бўлаётганини айтиш керак. Фараз қилайлик, ёш бола “Отажон, нон беринг”, деб зорланса киши қандай ноқулай куйга тушади? Бизнинг фарзандларимиз подшоҳ каби эъзозда бўлаётганини ёдда тутайлик. Имом-хатиблар фаровонлик қадрини халқимизга манашу каби таъсирли мисоллар билан тушунтиришлари даркор.

Учинчи, имомларимиз жамоатчилик орасида тинчлик неъмати ҳақида фақат одатий сўзларни такрорлайвермасдан, баъзи давлатларда юз бераётган нотичликлар, у ерларда минглаб бегуноҳ кишилар ва болалар қурбон бўлаётганини айтсинлар. Жумладан, Ироқ ва Сурия ҳудудидан Ҳаж сафарига отланганларни ИШИД террорчи ташкилоти портлатиб юбориш билан таъқиб қилаётган бир пайтда, юртимизда муборак сафарга борган беш мингдан зиёд ҳожиларимиз эмин-эркинлик ва хотиржамликда улуғ амалларин адо этаётганларини халқимизга етказиш зарур.

Тўртинчи, имом-хатиб меҳроб ва минбар эгаси эканини инобатга олсак, жума мавъизасида дунёнинг турли минтақаларида араб мамлакатларида бўлаётган ғалаёнлар ва турли фитналарнинг ортида қандай ғараздли кучлар турганини, қонли тўқнашувлар қайси юртда бўлмасин, Ислом таълимотига бутунлай зид эканини мўмин-мусулмонларга етказиш даркор. Айниқса, бегуноҳ одамнинг қонини тўкиш ҳаромлиги, мусулмонни кофирга чиқариш оғир гуноҳлиги ва ислом диёрларидан ҳижрат қилиш жоиз эмаслигини имом-хатиблар ёшларга ҳужжат-далиллар ва жонли мисоллар билан англатишлари лозим.

Нобакорлар ислом динини ниқоб қилиб, динимизга мутлақо зид ишлар қилаётганини ояту-ҳадислар билан тушунтириш керак. Жумладан Қуръони карим оятида аниқ баён қилинган: “Уларга “Ер юзида фасод (бузғунчилик) қилманг” дейилса, улар: “Албатта, биз чин ислоҳчилармиз”, дейдилар. Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчиладир. Лекин, (буни ўзлари) сезмайдилар”(Бақара, 11-12)

Бешинчи, 2015 йил 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида муҳтарам Президентимиз уламолар билан суҳбатда бундай тўс-тўполонларнинг сабабларини, фожиали оқибатларини чуқур англашда ҳамда ёт ғояларнинг асл моҳиятини очиб беришда, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишда уламолар ва имомларнинг янада жонбозлик кўрсатишини алоҳида қайд этдилар.

Зеро, Ислом дини ҳам кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради.

Айдарбек Тулепов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари

Ҳидоят журналидан олинди


Киритилган вақти: 23/12/2015 00:00;   Кўрилганлиги: 2693
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/katta-ishonch---yuksak-masuliyat
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 10:07
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг