Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ЖАМИЯТИМИЗДА КЕНГ ТАРҚАЛГАН УРФ-ОДАТЛАРНИНГ БАРЧАСИ ТЎҒРИМИ?

 
 

Биз ўзбек халқининг келиб чиқиши, этник тарихи ва хусусиятлари нихоятда мураккаб ва узоқ даврни қамраб олади. Тарихан таркиб топган миллий анъана, урф-одатлари, расм–русум, таомил, маросимларнинг вужудга келиши ва ривожланишига бир қанча омиллар бевосита ва бил восита таъсир кўрсатади.

Айниқса миллий маросимлар ва урф-одатлар тараққиётида моддий ва маънавий маданият, табиий муҳит, хўжалик муносабатлари таъсири беқиёс бўлиб, вақт ўтган сари улар тобора мустаҳкамланиб авлодларга мерос бўлиб ўтиб келган ва шу тариқа уларнинг барқарорлиги таъминланган. Жамият тараққиёти туфайли миллий маросимлар ва урф-одатлар ҳам ўзгариб уларнинг айримлари амалиётдан чиқиб унитилган. Турмушга замонга қараб янги-янги урф-одатлар ва маросимлар кириб таъкомилашиб борган. Халқчил урф- одатлар ва маросимлар замонлар оша давр синовларига бардош бериб яшаб келмоқда. Қолаверса, асрлар давомида бир маконда аралаш яшаб келган халқларнинг аънаналари ва урф-одатларида ўхшашликлар кўп.

Турли тарихий даврларда Ўзбекистоннинг туб ерли турғун аҳолисига келиб қўшилган қабила ва элатлар ўтроқлашиб ўзбекларнинг удумларини қабул қилганлар ва айни вақтда унга ҳиссаларини қўшганлар.

Шунингдек, халқимизнинг қадимги миллий қадриятлари бугунги кунда ўзига хос тарзда ривожланган бўлиб, ўзбек миллий урф-одатлари, ислом дини билан боғлиқ одатлар, исломдан ташқари маросимлар, аза билан боғлиқ маросимлар ва тўй-ҳашам билан боғлиқ урф-одатлар каби маросимлар халқимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланган. Ўзбек миллий урф- одатлари қаторига меҳмондорчилик, бошқа миллат–элатларга бу даражада қадирлашмайдиган бир ўзига хос урф-одатларидандир. Катталарни ҳурмат қилиш ўзбек ханодонида умуминсоний қадриятлардан бўлиб, болаларга жуда ёшлигидан ўргатилган.

Ўрта Осиёга ислом дини кириб келганидан кейин халқимизнинг миллий урф-одатлари қаторига бевосита ислом дини билан боғлиқ бўлган одатлар ҳам қўшилади. Булар жумласига халқимизнинг ислом динини қабул қилишлиги билан қон – қонигача чуқур сингиб кетган одатлар киради. Жумладан: Никоҳ тўйи, Азон айтиш, Ақиқа, Танглай кўтариш, Суннат тўйи, Мавлуд ва бошқалар.

Бугунги кундаги тўй-ҳашамларда нечоғлик исрофгарчиликка ружуъ қўятганимиз ҳақида телемушоҳада кўрсатувларида муҳокама қилинмоқда. Бу фақатгина тўй-ҳашамларда эмас балки, диний маросимларда ҳам баъзида ҳаддан ошган ҳолда дабдабаларга берилмоқда. Баъзан, кимгадир Яратган зот фарзанд неъматини берганлиги яқинларига билдириш мақсадида яхши солиҳ кишилардан фарзанди ҳақига дуо қилишлари учун, хурсандчиликда шукрона тариқасида қилинадиган диний “ақиқа” маросимини ўтказиш ўрнига, бугунги кунда ёшларимиз “хурсандчилик устига хурсандчилик бўлсин” деб, дўстлари билан спиртлик ичимликлар ичишиб нишонлашмоқда. Ислом динида зиёфат қилишга қаршилик йўқ, агар унда одоб чегарасидан чиқилмаса. Зеро, Пайғамбаримиз (с.а.в) набиралари Ҳасан ва Ҳусайн туғилганларида иккита қўй сўйиб ақиқа зиёфати берганлар[1]. Аслида фарзандини келажакда бешикаст, сағ-омон вояга етиб ота-онасига, халқига ҳамда ватанига манфаати тегадиган инсон бўлиб улғайиши учун дуогўй халқимизнинг нуроний инсонларини “ақиқа” зиёфатига чақириши мақсадга мувофиқдир. Ўзаро меҳр–оқибат ва дўстлик ришталарининг мустаҳкам боғланиши назарда тутиб ихчам ўтказишга монеълик йўқ.

Аллоҳга шукурлар бўлсинки, ватанимиз мустақиликка эришгандан кейин ота-боболаримизнинг муқаддас дини, диний урф-одатларимиз, миллий анъналаримиз эмин–эркин осойишталик билан ўтказилмоқда.

Халқимизда ислом дини кирмасидан олдин амал қилиниб келаётган маросимлар ҳам мавжудки, бевосита тарихи ўтган аждодларимиз ўтмишида қилиб келган маросимларга бориб тақалади. Шулардан бири - мушкул кушод. Мушкулларни осон қилиш мақсадида (Масалан қизга совчи келмаганда, йигитга муносиб қиз топилмаганда, бирор иши юришмаганда) қилинадиган хурофот амаллардан. Башарти бу маросим Расулуллоҳнинг: “Садақа балони қайтаради” деган ҳадисларига асосан жорий этилган бўлса-да, садақани ўз ўрнида адо этиб, ёмон одатларини ташлаб, яхши солиҳ амалларни кўпайтириб, фақатгина Аллоҳдан мушкулини осон қилишни умид билан сўраш керак. Ва Биби сешанба ва Анбар она каби маросимлар муҳтарам зотларнинг руҳидан мадад сўраш бўлиб, булар ҳам ислом ақидасига хилоф амалдир . Шу боис уларни ўтказиш шариатда манъ қилинади. Чунки руҳлардан ёрдам-мадад сўраш улкан гуноҳлардан биридир. Ёрдам-мададни фақат ва фақат Аллоҳдан сўраш лозим.

Халқимизда бир киши вафот этгандан кейин, унинг руҳини шод қилишлик мақсадида етти, қирқ, йигирмалик, йил, пайшанбалик, давра каби маросимлар ўтказилади. Аслида булар ислом динида кўрсатилмаган бидъат амаллардир.

Юқорида санаб ўтилган маросимлар ҳаммаси худойиларни кўп номлар билан ўтказиб келишига кўра, оламдан ўтиб кетганларни хотира тарзида тез-тез эслаб туриш, деган маъно келиб чиқади, Лекин “оз бўлсин-у, соз бўлсин” деганларидек шундай маросимларни билиб билмай, ҳуда–беҳуда мол дунё сарф қилиш ўрнига, “Нима қилсам Аллоҳ рози бўлиб, ўтганларнинг руҳи шод бўлади” деб ақл юритиб, қарз-ҳавола қилмасдан ҳар-хил номлар билан кўп маротаба эмас балки, ота-онам ҳаққига эҳсон деб бир маротаба ўтказилса мақсадга мувофиқ бўлади.

Жаноби Пайғамбаримиз: “Вақтики бир инсон вафот этса у билан боғлиқ барча ишлар тўхтайди, узилади, фақат учта нарсада узилмайди: аввало садақаи жория (яъни жамият манфаати учун йўл, масжид қуруш каби ишлар) қилган бўлса, иккинчиси, илм йўлида жамият манфаати учун фойдали бир иш (мас.китоб ёзиб) қолдирган бўлса, ҳамда солиҳ фарзанд қолдирган бўлса ота-онасининг ҳаққига дуо қилса” – деб марҳамат қиладилар.

Ҳамонки мазкур одатларга йиллар давомида халқимиз амал қилиб келаётган экан, мазкур саналарда ёки куни саналмасдан ҳайр эҳсон, “амр-у маъруф ” (Одамларни яхшиликка буюриш) сифатида ихчам шаклда, исрофгарчиликсиз ўтказилса мақсадга ҳам мувофиқ келади. Чунки у ерда Қуръони карим тиловат этилади, ҳадислар ўқилиб маънолари кишиларга етказилади.

Бидъат амалларга амал қилиш исрофга олиб келаётганини англай бошлаган жамиятимиз аъзолари, сўнгги пайтларда эҳсон-йиғинларини дафн маросимидан кейин учинчи куни ўтказиб, азани тугатганини маълум қилмоқдалар.

Энди мана шундай маросимларда таом тайёрлаш масаласига келсак, зеро Расулуллоҳ (с.а.в) шундай қилишга буюрганлар.

Маййит чиқарилган куни қўшнилар ва узоқ қариндошлар азадорларга таом тайёрлаб юборишлари, мустаҳаб савобли амалардандир. Азадорларнинг уч кун давомида таом қилиб, зиёфат шаклида одамларга бериш макруҳдир. Бундай мусибатхонадан таом ейишликни Пайғамбаримиз (с.а.в) қайтарганлар: “Мен уч кундан олдин мусибатхонадан таом егувчидан безорман” - деб марҳамат қилганлар.

Демак, аза ва махсус кунларда маййит руҳиятига савоби етиш учун таом тайёрлаб, уни зиёфат шаклида бериш исломда мавжуд бўлмаган ишдир. Ҳатто баъзи жойларда мусибатхоналарда 7, 20, 40 маросимлари муносабати учун ёзиладиган дастурхонлар, тўй дастурхонларидан ҳеч қандай фарқи қолмай қолади. Озгина фарқи ичиладиган спиртли ичимликлар ва хонанда-ю созандалар йўқлигида. Хужа кўрсин қабилидаги эҳсондан кўра, Қуръон тиловат қилиб, тасбеҳ айтиб ва садақа қилиб савобини марҳум руҳониятига бағишлаш мумкин. Буларнинг савоби марҳум руҳониятига етади ва унга фойда беради[2].

Халқимизда “Тўқлик шўхлик келтирар, йўқлик хўрлик келтирар”- деган мақол бор. Бозор иқтисодиёти кечаётган бир даврда, мустақил Республикамизда диний имкониятларга кундан-кунга кенг йўл очиб берилаётган бир пайтда, сўнги йилларда бидъат маросимлар қаторига яна бир янги “Пайшанбалик” деган маросим қўшилди. Бу дегани маййит дафн қилинган кундан бошлаб, то қирқинчи кунигача ҳар ҳафта пайшанба куни ис қилишдир. Тўғри, ислом дини садақани манъ қилмайди. Лекин “ўлганни устига тепган” қабилида қарз ҳавола қилиб, маросимларни кўпайтириш дуруст эмас.

Мазкур маросимларнинг носоғлом мусобақага айланиб кетиш ҳоллари дабдабали тўй-хашамларини ўтказишга қурби етмаган ор-номусли кишиларни оғир аҳволга тушмоқда. Шу каби халқ орасида ислом динида мавжуд деб қилаётган маросимларимиз аслида бидъат-хурофотлар билан аралашиб кетганидан бехабармиз.

Энг ачинарли томони шундаки, бундай сохта хўжа кўрсинлик одатлари ёшларимиз тарбиясига таъсир кўрсатмоқда. Кенг жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Улар каби номақбул анъналарни ва одатларга айланиб бораётган ҳолларга чек қўйиш ҳақидаги талабларни билдирмоқдалар.

Халқ орасида мажуд миллий, диний маросимлар, урф-одатлар, тўй-ҳашамларни ихчамлаштириш ва тартибга солиш мақсадида “Республикада аза, тўй, хашамларнинг ўтказилиши тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони эълон қилингани ҳечкимга сир эмас. Жумладан фармонда шундай дейилади: Кейинги вақтларда тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака-маросимларни, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни ўтказишда мамлакатимизнинг кўп жойларига шуҳратпараслик, дабдабалик, исрофгарчиликка йўл қўйиш, эл-юрт одатлари ва анъаналари менсимаслик, ўзини кўз-кўз қилиш, атрофда яшаётган одамларнинг ҳол-аҳволини инобатга олмаслик каби эскидан қолган асоратларга йўл қўйилмоқда. Бундай хунук одатларга берилган давлат хизматидаги баъзи ўзини йўқотган, лавозимини суиистеъмол қилаётган раҳбарлар, оёғи ердан узилган, маманликка берилиб кетган ҳавойи мансабдорларнинг номаъқул ҳаракатлари маҳалаларда, истиқомат жойларида соғлом муҳит бузулишига сабаб бўлмоқда, оддий одамлар нафсониятига тегмоқда. Уларни адолатга, умуман давлат ҳокимиятига ишончига зиён етказмоқда.

Ўтганларнинг хотирасига бағишланган маъракаларни ҳам ўта кетган дабдабали равишда ўтказишлар ота-боболаримиздан қолган миллий расм-русумларимизга путур етказиш, муқаддас анъаналаримизни обрўсизлантиришга олиб келмоқда.

Фикримизча бу каби амалларнинг ўтказилиши исрофгарчиликдан бошқа ҳеч нарса эмас. Бунинг марҳумга ҳам, марҳумнинг яқинларига ҳам ҳеч қандай фойдаси йўқдир. Дунёдан ўтган киши сувда чўкаётган киши каби ёрдамга мухтождир, у яқинлари ва дўстларидан мадад кутади. Лекин у моддий эмас, балки маънавий мададдир.

Унинг ортида қолганларидан марҳум учун кўрсата оладиган биргина ёрдам, Аллоҳ таолога илтижо қилиб, қабр ва оташ азобидан уни асрашини сўраб, дуо қилишдир[3].

Ўз эҳтиёжларидан ортиқ маблағларни халқимизнинг диний азалий одатларига амал қилиб, хайр–эҳсон , меҳр-мурувват кўрсатиш, мухтожларга, бева–бечораларга ёрдам бериш, турар жойларини обод қилиш, йўллар, кўприклар қуриш каби умумманфаатли ишларга сарфлаганлари ўтганларга ҳам ҳаётдагиларга ҳам фойда беради.

Шундай экан келинг азиз юртдошлар ислом динида мавжуд чиройли урф-одатлар, маросимларни бидъат-хурофотлар билан аралаштирмасдан уларни софлигича келажак авлодларимизга етказайлик. Зеро бу каби ишларга барчамиз масъулмиз.



[1] Олимхон Тўра ўғли Юсуф “Ислом. Ақиқа , ибодат ва хаёт тарзи .7 –боб. 158- бет

[2] Муҳаммад Сиддиқ “Раддул-Мухтор” Ҳидоят 2003 йил 2-сон.

[3] Дилафрўз Турдиева“Марҳумни хотирлаш билан боғлиқ маросимлар ва удумлар”. Имом ал-Бухорий сабоқлари 2/2006 йил


Киритилган вақти: 28/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 5008
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/jamiyatimizda-keng-tarqalgan-urf-odatlarning-barchasi-togrimi
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 15:55
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг