Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ҲАЛОЛЛИК ВА ТАДБИРКОРЛИК БАРАКА ОМИЛИ

 
 

Инсон ҳаётини ўзаро олди-берди муомалаларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Кишилар эҳтиёжларини қондириш мақсадида доимо нимадир сотишга, ниманидир олишга мажбур бўладилар. Баъзиларни бу борада омади чопади, баъзиларни эса иши тескаридан келади.

Тирикчиликдан нолиб, қанча меҳнат қилмасин косаси оқармаётганини ёки кўп пул топсада, баракаси бўлмаётганини шикоят қилаётган кимсаларни кўплаб учратамиз.

Маълумки, савдо ишлари ўз олдига фойда олиш, маблағ кўпайтиришни мақсад қилиб қўяди. Демак, тижорат билан шуғулланилдими ундаги мақсад рўёбга чиқиши керак. Агар савдода касодга учраладиган бўлса, бу ҳолда унинг шартларига мукаммал риоя қилинмаган бўлади. Ислом шариатида савдонинг баракали бўлиши учун унинг авваламбор ҳалол бўлиши, кейин тадбиркорликка таяниши асосий омил сифатида кўрсатилган.

Ислом шариати кўплаб жиҳатларни ислоҳ этгани қаторида савдо муомалаларини ҳам тартибга солиб қўйган. Аллоҳ таоло тўғри йўл билан касб қилиш ва унинг ортидан фойда олиш йўлларини кенг қилиб очиб берди. Ўзининг каломида бу борада кўплаб оятлар келтирди. Жумладан Бақара сурасининг 198 оятида шундай марҳамат қилади:

لَيْسَ عَلَيْكُمْ جُنَاحٌ أَنْ تَبْتَغُوا فَضْلًا مِنْ رَبِّكُمْ

"(Ҳаж мавсумида тижорат билан) Раббингиздан фазл тилашингизда сизларга (ҳеч қандай) гуноҳ йўқдир".

Жумъа сурасининг 10 – оятида эса инсонларга қарата:

فَإِذَا قُضِيَتِ الصَّلَاةُ فَانْتَشِرُوا فِي الْأَرْضِ وَابْتَغُوا مِنْ فَضْلِ اللَّهِ

“Бас, қачонки, намоз адо қилингач, ерда тарқалиб, Аллоҳнинг фазли (ризқи)дан истайверингиз!” дея хитоб қилиб, уларни интилишга, тижорат билан ёйинки бошқа бир касб билан шуғулланишга ундаган. Муззаммил сурасининг 20 оятида бўлса:

عَلِمَ أَنْ سَيَكُونُ مِنْكُمْ مَرْضَى وَآَخَرُونَ يَضْرِبُونَ فِي الْأَرْضِ يَبْتَغُونَ مِنْ فَضْلِ اللَّهِ

"У сизларнинг орангизда беморлар бўлишини, бошқалар Аллоҳнинг фазли (ризқи)ни истаб, ер юзида сафар қилишларини билган", деб айтган.

Муфассир уламоларимиз оятлардаги Алоҳнинг фазлидан мурод тижорат фойдаси эканини айтишган. Кишининг ибодатга зарари етмайдиган даражадаги ҳалол касб билан шуғулланиши шаръан маҳбуб ишлардан ҳисобланади.

Маълумки, иқтисод, тижорат, савдо масалаларининг барчаси асосан мол тўплаш, уларни ўз ўрнига сарфлашдан иборат бўлади. Ким сотиб олиш жараёнида харидоргир нарсаларни танлай олса, кейин уларни сотишда ҳам маҳорат билан йўл тутса, шубҳа йўқки, савдоси муваффақиятли бўлади. Бу жараённи шаръий бўлсин, ношаръий бўлсин ҳар қандай тижоратда кузатиш мумкин. Кўплаб тожирлар савдога доир ҳукмларни билмаганларидан нотўғри йўллардан фойда олиб қўядилар. Шунинг учун ҳам савдо билан шуғулланмоқчи бўлган шахсга биринчи навбатда шариат ҳукмларини билиши зарур бўлади. Чунки Аллоҳ таоло мол тўплашнинг, фойда кўришнинг ҳар қандай кўриниши ҳам ҳалол қилмаган. Балки, баъзиларини ҳалол қилган, баъзиларини эса ҳаром қилган. “Бақара” сурасининг 275 оятида шундай дейилади:

وَأَحَلَّ اللَّهُ الْبَيْعَ وَحَرَّمَ الرِّبَا

"Ҳолбуки, Аллоҳ байъни ҳалол, судхўрликни (эса) ҳаром қилган".

Ушбу оят фойда келтирадиган ҳар қандай иш ҳалол бўлавермаслигига ёрқин далилдир. Савдода қўлга киритилган пул ва кўрилган фойда эвазига харидорга нимадир берилади. Шунинг учун у ҳалолдир. Судхўрликда эса эвазсиз фойда кўрилади. Келаётган даромад тагида ҳеч қандай мол-мулк бўлмайди. Унинг ҳаромлиги ҳам шундан. Бундан чиқадики, савдогарга тўғри йўлни нотўғрисидан ажратиб олиши лозимдир.

Мол тўплашда ва уни сарф қилишда Аллоҳнинг ҳукмларини билиш ўта муҳим. Негаки, буларни билмаган киши ҳаромга аралашиб қолади. Аниқки, ношаръий йўллар, воситалар билан топилган нарсалар ҳам ҳаром ҳисобланади. Бундай мол-давлатдан соҳибига ҳеч қандай наф йўқ. Ҳасрат ва надоматдан бўлак фойда келтирмайди.Аллоҳ таоло айтади:

يَمْحَقُ اللَّهُ الرِّبَا وَيُرْبِي الصَّدَقَاتِ وَاللَّهُ لَا يُحِبُّ كُلَّ كَفَّارٍ أَثِيم

Аллоҳ судхўрликни (фойдасини) йўқ қилади ва садақа (берувчиларга бойлик)ларни зиёда этади. Аллоҳ ҳар қандай (судхўрликни ҳалол деб билувчи) кофирни ва (уни давом эттирувчи) гуноҳкорни ёқтирмайди.

Ояти каримадан тушунамизки, ҳаром йўл билан келган бойлик қанча кўп бўлмасин Аллоҳ уни бебарака қилади. Охир оқибат эгасига ҳам бошқага ҳам фойдаси тегмасдан йўқ бўлиб кетади. Унинг соҳиби эса Роббисига суюксиз бандага айланади.

Мўъмин кишидан савдонинг шаръий жиҳатларини билиш билан бирга, тадбиркор бўлиши, яхши натижа берадиган тарафларни излаб топиши ҳам талаб қилинади. Гоҳо киши қилмоқчи бўлган ишининг шариатда рухсат берилганлигини билиши мумкин. Лекин, нўноқлик қилиб иш кўзини топиб билмаса, кўзлаган фойдаси ўрнига зарар кўриб қолади. Зеро, тадбирсиз қилинган ишда ҳам яхшилик йўқдир. Бетадбир киши шариатни қанчалик ўрганмасин кўзлаган натижасига ета олмайди. Ҳунарманд, ишбилармон кишилар эса ҳамиша муваффақиятга эришганлар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам:

إن الله يحب العبد المحترف

“Албатта, Аллоҳ ҳунарманд бандасини яхши кўради”­­­­­­-деганлар. Негаки, ҳунарманд киши биринчи навбатда бошқаларга муҳтож бўлишдан халос бўлади. Унинг сабабидан инсонлар турли хил эҳтиёжларини қондирадилар. Бошқа ҳадисда эса:

التاجر الصدوق الأمين مع النبيين والصديقين والشهداء يوم القيامة

"Омонатдор, ростгўй савдогар қиёмат куни набийлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан биргадир", дейилган.

Ислом шариати кишиларни тижорат, деҳқончилик, ҳунармандчилик каби ишлар билан шуғулланиб, ҳаётини гўзаллаштириб боришга ундайди. Чунки, бунингдек ишлар остида ер юзининг ободлиги, дунё ҳаётининг ислоҳоти ётади.

Усмонхон Муҳаммадиев

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакиллиги мутахассиси


Киритилган вақти: 09/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3345
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/halollik-va-tadbirkorlik-baraka-omili
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 10:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг