Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ГЎЗАЛ ХУЛҚ ФАЗИЛАТИ

 
 

Яратганнинг бандасига инъом этган гўзал ва буюк маънавий инъомларидан бири ҳусни хулқ, яъни, гўзал фазилатдир.

Ҳусни хулқ - бу инсон ички дунёсини ва руҳий оламини гўзаллаштирибгина қолмай, унинг феъл атворида ҳам намоён бўладиган гўзал фазилатдир. Шу билан бирга ҳусни халқ деган сўз ҳам борки, бу кишининг ташқи гўзаллигини ифода этади. Ҳусни хулқсиз ҳусни халқ нисбий гўзалликдир. Инсон табиатидаги хулқлар икки хил бўлиб - улар ахлоқи ҳамида ва ахлоқи замима деб номланади. Бу сўзлар халқимиз орасида ахлоқи ҳамидани ҳусни хулқ, гўзал ахлоқ, хуш хулқ деб изоҳланса ахлоқи замимани эса бад ахлоқ, хулқи бузуқ каби атамалар билан талқин қилинади.

Хулқ инсон табиатида мутлақ собит турувчи, ўзгартириб бўлмайдиган атвор эмас. Киши ўз табиатида мавжуд бўлган ҳусни хулқни давомий сайқаллаши, мавжуд бўлмаганини эса ҳосил қилмоқлик учун астойдил уринмоғи лозим бўлади. Уламолар бунга мисол тариқасида Расулимиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг ўз асҳобларига (р.а) хулқларини гўзаллаштиришга амр қилишлари ва бад ахлоқликдан огоҳлантиришларини, ҳатто ўзларига Аллоҳ томонидан буюк хулқ соҳиби эканликлари ваҳий орқали эълон қилинган бўлсада Аллоҳдан доимо хулқларини янада гўзал қилишлигини ва номақбул хулқлардан асрашини сўраб дуо қилганликларини ҳадиси шарифлар орқали баён қиладилар. Зеро Ислом динининг асл мақсадларидан бири Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг зиммаларидаги рисолат бурчи ҳам солиҳ ахлоқларни батамом мукаммал этиш экани Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг муборак тилларидан баён қилинган ҳақиқатдир.

Яхши хулқ мўминнинг дунёсини ҳам охиратини ҳам обод қиладиган омилдир. Хушхулқ киши жамиятнинг қайси жабҳасида бўлса ҳам у ота ёки она, фарзанд ёки набира, устоз ёки шогирд, амалдор ёки ходим - барчага маҳбуб бўлади, дўст-у яқинлари унга хайри хоҳ бўлиб ва қадрдонларининг сафи кўпаяди. Бадахлоқ киши маънан қашшоқдирки, ундан барча ўзини узоқ олмоққа ҳаракат қилади, нафратланади.

Мўмин киши ўзида ахлоқи ҳамидаларни кашф этмоқ ва сайқалламоқни истаса Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хулқлари билан хулқланишга ҳаракат қилмоғи лозимдир. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хулқлари Қуръонийдир. Қуръон эса буюк хулқ эгаси Оллоҳнинг гўзал хулқларига тарғиб қиладиган буюк китобдир.

Бу хусусида Мўминлар онаси Оиша (р.а) дан ибн Ҳишом (р.а) Расулуллоҳ (с.а.в.) ахлоқлари ҳақида сўраганларида у кишидан (Оиша (р.а) дан) олган жавобларига диққат қилишимиз кифоя қилади: “У зотнинг (Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг) хулқлари Қуръон эди”.

Оллоҳ таоло Қалам сурасининг 4- оятида “Ва албатта сиз буюк хулқ узрадирсиз” деган.

Демак Ислом дини гўзал ахлоқлар динидир. Ҳозирги кунимизда жамият олдидаги комил инсон тарбиясидек муҳим вазифа турган бир паллада “Замонавий демократия эркинликлари” ниқоби остида “Оламонча маданият” деб номланувчи мафкуравий, ахлоқий бузуқликни тарғиб қилувчи, миллий-маънавий маданиятимиз ўқ томирига ҳалокат зарбасини беришни ўзининг олий мақсади қилиб олган иллатнинг шиддат билан кириб келаётгани кишини даҳшатга солади. Ҳеч қайси самовий дин инсониятга раво кўрмайдиган ахлоқсиз омилларни ўзида мужассам этган бу офат айниқса ёшлар онгини ўз исканжасига олиш учун турли воситаларни - жумладан; беҳаё сериаллар, мултфилмлар, интернет тармоғидаги кўплаб сайтларга жойлаштирилган ҳаёсиз филмлар, суратлар, мақолалар ва шу кабиларни ишга солмоқда. Демак ахлоқсизлик дин ва миллатларнинг аёвсиз душмани бўлиб, комил инсон тарбиясига қарши қаратилган ёвуз кучдир.

Аслида Мусулмон кишининг оммавий маданиятдан олинадиган “яхши ғоя" ва мафкураларга қарши иммунитети бўлмоғи шарт! Бу гўзал ахлоқдир!

Киши қачон комилликка эришади? - Иймони комил бўлса!

Иймон қачон комил бўлади? - Хулқ гўзал бўлса!

Бу хусусда Ибн Нажжор ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Мўминларнинг энг иймони комилроғи энг гўзал хулқлиларидир ва албатта мусулмон шундай кишики - мусулмонлар унинг тили ҳамда қўлидан саломат бўлганларидир (яъни: озор кўрмаслар)”.

Демак киши иймони комил бўлмоғи учун гўзал хулқни, исломи рост бўлмоғи учун еса шафқатни ўзида мужассам этмоғи керак экан. Бу муборак ҳадисни ўқиб-ўрганганимизда фикримизга бир мулоҳаза келади. Ҳозирги кунда ахлоқсизлик ва шафқатсизликнинг кўз кўриб қулоқ эшитмаган барча кўринишларини амалга ошираётган ИШИДчи ва шу каби терррорчи тўдалар ўзларини “ҳақиқий, соф ислом намоёндалари ва эътиқодчилари” деб бутун дунёга жар солишларидан олдин наҳотки бу улуғ ҳадисни ўқимаган, маъносини билмаган бўлсалар?!... Улар Қуръони карим ва ҳадиси шарифлардаги оддий исломий ҳақиқатни англамайдиларми?

Ўқийдилар - аммо қалб кўзлари кўр,

Эшитадилар - аммо қалб қулоқлари кар. Жоҳилликнинг оқибати бу!

Мазкур ҳадисдан олинадиган яна бир маъно шуки - ҳақиқий мўмин мусулмон ахлоқсиз бўлмайди. Бордию ахлоқсизлик ботқоғига ботса зулмкор золимга айланади. Бундан англанадики Ислом эътиқодида юксак ибодатлар мақоми берилган ҳусни хулқ айни дамда комил инсон тарбияси мезони бўлиб оломонча маданият ва террорга қарши энг ишончли иммунитетҳамдир.


Киритилган вақти: 20/02/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3773
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/gozal-xulq-fazilati
Чоп этилган вақт: 03/12/2024 00:39
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг