Вояга етмаган ва яқин қариндошлар орасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари
Барча махлуқотни жуфт қилиб яратган ва инсонни никоҳ билан шарафлантирган Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано ва шукуроналар бўлсин. Бу никоҳ бизларни фаҳшдан, зинодан сақловчи ҳалол билан ҳаромни ажратиб турувчи чегара тўсиқдир. “Никоҳланиш менинг суннатимдир, бас ким суннатимдан юз ўгирса, биздан эмас”, деб никоҳ билан оила қурушга даъват қилган хақ пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад Мустафо саллоллоху алайхи васалам га саломларимиз бўлсин. Никоҳ муқаддас ришта бўлиб, бир оила бир жамиятни вужудга келиши демакдир. Никоҳни баъзи ҳолларда қийинчилик, етишмовчиликка сабаб бўлади, деб гумон қиладиган инсонлар ҳам учраб тўради. Аксинча, никоҳ туфайли инсонни ризқи ва давлати зиёда бўлади.
Бу хусусида Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас каломи қурони каримнинг “нур сураси” 32 оятда “Агар улар (никоҳланувчилар) камбағал бўлсалар Аллоҳ уларни ўз фазлу карами билан бой беҳожат қилур”, дея мужда хабарини берган. Абу Хурайра р.а дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам “Бир мусулмоннинг никоҳида хозир бўлган киши, бир кун Аллох йўлида нафл рўза тутган савобга эга бўлади”, деб марҳамат қилганлар. Никоҳ - маданият, аслзодалик ва тарақиёт белгиси ҳамдир. Никоҳ туфайли нафақат “оила” деб аталмиш муҳташам ошён қурилади, ҳаттоки бу никоҳни мужтаҳидлар пешвоси имом Аъзам Абу Ханифа р.а никоҳни ибодат деганлар. Никоҳ туфайли инсон ўз иффатини сақлайди. Шунингдек никоҳ ёрдамида инсон ўз насли насабини поклигини ҳам сақлаб қолади.
Хўш бу зикр қилинаётган муқаддас, ҳамда ибодатга тенглаштирилган ришта қай йўсинда амалга оширилмоғи лозим. Қачонки Аллоҳ таолонинг каломи қуръон карим ва ҳадиси шарифлардаги кўрсатмаларга риоя қилсак, анашунда кўзланган мақсад ҳосил бўлади. Аксинча, инсон шариат кўрсатмаларисиз ўз нафси хоҳиши ила оила қўрадиган бўлса, бу оилада ҳеч яхшилик бўлмас.
Қуръони каримнинг “Аҳзоб сураси 36 оятда” “Аллоҳ ва унинг пайғамбари бир ишни хукм қилганда – ҳеч бир мўмин ва мўминага (уни бажариш ёки бажармаслик) ишларида ихтиёр бўлиши мумкин эмасдир. Кимки Аллоҳ ва унинг пайғамбарига итоатсизлик қилса бас, у аниқ залолат билан йўлдан озибди”, деб марҳамат қилган.
Абу Ҳурайра р.а дан ривоят қилинган ҳадисда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам “никоҳда узоқлашинглар дедилар” деб марҳамат қилган. Шариат кўрсатган бу соф йўлда яқин қариндошларнинг никоҳланишидан кўра, қанча узоқроқ бегона бўлган, уруғлардан келин олинса афзал бўлиши айтилмоқда. Агар шу тарзда қуда-анда бўладиган бўлса, исломда қариндошлик яна кўпайиши каби ҳикматлари ҳам мавжуд. Яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, аксар ҳолларда фожиали якун топаётгани кўп ҳолларда кўзатилмоқда. Бу каби никоҳланишда фарзанд кўриш жиҳатидан ҳам ижобий натижаларга эришиб бўлмаётганини тиббиёт соҳаси орқали ҳам аниқлаб берилмоқда. Бу иккала никоҳланувчиларда қон ва генлар ҳолати жуда яқин бўлганлиги учун натижада ногирон, мажруҳ фарзандлар дунёга келаётгани кўзатилиб келинмоқда. Натижада кўплаб кўнгил хираликлар юзага келмоқда. У ногирон фарзандларнинг келажаклари жумбоқлигича қолмоқда. Манашу ва бундан кейин келадиган барча муаммоларни олдини жаноб Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи ва саллам бир оғиз сўз билан “никохда узоқ бўлинглар” дея муаммони ечиб берганлар. Бу муқаддас ришта дея аталаётган никоҳга ҳаргиз кўр – кўрона ёндошмаслигимиз талаб қилинади.
Яна бугунги кунда айрим ҳолларда учраб турадиган бир ҳолат, бу ҳам бўлса вояга етмасдан қизларни турмушга узатишдир. Бу масала ҳам кўплаб салбий ҳолатларга сабаб бўлмоқда. Чунки ёшлар етарлича никоҳ, оила, ҳаёт хақида билимларга эга бўлиб, ҳам ақлан, ҳам маънан, ҳам жисмонан тайёр бўлиши лозим. Аксинча биз баъзи мозийдан қолиб келаётган эски ношаръий урф одатлар ила вояга етмаган қизимизни турмушга узатар эканмиз, ўз қулимиз билан фарзандимизни кўриб билиб хатарга ташлаган жоҳил каби бўлиб қоламиз. Оила қўрган ёшлар етарлича билимга эга бўлмай туриб никоҳ қурар экан, кўплаб тушунмовчиликларга дуч келади. Натижада иккала тарафнинг ота – оналари ҳаддан зиёд бу янги оилага аралашуви натижасида бу ёшлар тўғри қарор қабул қилишга ёшлик ила ожизлик қилиб оила бузулишига мажбур бўлади. Бу эса жамиятга улкан зарардир. Баъзан ота – боболаримиздан келаётган урф, қизимизни бегона уруғга бериш мумкин эмас деб, ҳали вояга етиб улгармаган кўз қораси бўлган қизини эртароқ харакат қилайлик дея яқин қариндошга узатаяпди. Бу тўғри қарормикан? Нега бироз мулоҳаза қилиб кўрмаймиз. Зеро, Аллоҳ таоло каломи қуръони каримда “Сиз тўғри йўлдадирсиз. Бу (қуръон) қудратли ва раҳмли (Аллоҳ) нинг нозил қилган китобидир. Токи ота – боболари огоҳлантирилмай, ғофил бўлиб қолган қавмни огоҳлантиргайсиз. (Ёсин 4,5,6) деб огоҳлантирган. Демак ҳар-бир ақилли инсон бу борада ота – боболаримиздан қолган урф одат деб, тўғри келган барча ишни қилавермасдан қуръон ва хадисга мувофиқ бўлганига эргашишимиз даркор.
Азимов Каримхон - Пастдарғом тумани “Ошиқ ота” жоме масжиди имом-хатиби
Киритилган вақти: 03/06/2020 08:32; Кўрилганлиги: 1524
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 14:04