ОТА-ОНАНИНГ ФАРЗАНД ОЛДИДАГИ БУРЧИ
Фарзандининг бебошлигидан, зулмидан азият чеккан бир ота ўғлимга инсоф кириб қолар, деб узоқ вақт кутди, лекин умидлари пучга чиқди. Аҳвол шу даражага етди-ки, ўғил отани таёқ билан калтаклашгача етди. Қийналиб кетган ота ўғлининг устидан муфтийга арз қилиб борди.
- Ҳазратим, мен ўғлимнинг ёмонлигидан шикоят қилиб келдим. Ўғлим сўзларимга мутлақо қулоқ солмайди. Мени назар-писанд қилмайди, фарзандлик ҳаддидан чиқиб, менга ҳурматсизлик қилади, бақиради, ҳаттоки калтак билан уради, мен қаттиқ изтиробдаман. Ўғлим туғилганда қанчалар қувонган эдим, қўйлар сўйиб зиёфат бергандим, шароб ичиб, сархуш бўлиб, ўйин-кулгулар қилгандим. Қариган чоғимда шу азобларга қолдим.
Қариянинг гапларини эшитган муфтий чуқур ўйга толди, ҳақиқатни айтсам, шусиз ҳам кўнгли вайрон отахон не куйга тушади. Оғир бўлса ҳам ҳақиқатни айтиш керак, зора тўғри хулоса чиқарса,- дея сўз бошлабди муфтий:
- Биродар, мен сени жуда яхши тушуниб турибман, қолаверса, бир-биримизни ҳам ёшлик чоғимиздан жуда яхши таниймиз. Шу пайтгача нега ҳузуримга келиб бирор марта мурожаат қилмадинг? Уйланиш чоғингда шаръий оила қуриш нима эканлигини билмадинг. Ўғлинг туғилганда эса унга чиройли исм қўймадинг, қулоғига азон айттирмадинг. Хурсандчиликдан кайфу сафо қилиб юрдингу лекин фарзандингга ёшлигидан тўғри тарбия бермадинг. Ота-онани ҳурмат қилиш фарзанд учун ҳам қарз, ҳам фарз эканлигини ўргатмадинг.
Бу аччиқ ҳақиқатни ич-ичидан тан олиб турган бўлсада, отахон ўзини оқлаш учун шундай дебди:
- Ҳазратим, бизнинг аҳволимиз ўзингизга маълум, доимо тирикчилик билан бандмиз, рўзғор ташвишларидан сира ортмаймиз.
Бу баҳонани эшитган муфтий афсус билан бошини чайқаб, шундай дебди:
- У ҳолда ўғлингдан ранжима, у ҳеч нарсадан хабарсиз ҳўкиз боқиб юраверганлиги учун сени ҳам ҳўкиз фаҳмлаб, таёқ билан тушириб қолган. Чунки илмсиз, онгсиз ўғлинг учун ҳўкиз билан сенинг ўртангда ҳеч қандай фарқ йўқдир. Энди унга насиҳат қилишнинг вақти ўтиб бўлган.
- Мен унда халифага арз қиламан, дейди қария.
- Ихтиёр ўзингда, бормоқ истасанг ўғлингни ёнингга олиб ол, халифа одилдур - одил ҳукм чиқаради, дейди муфтий.
Қария ўғлини ёнига олиб халифани ҳузурига бориб, бўлган воқеани айтиб берди. Бу арзни эшитган халифа норози қиёфада ўғилга қараб дейди:
- Эй фарзанд, бу не ҳол? Аллоҳ таоло сенинг бўйнингга қўйган отанг ҳақини билмайсанми? Ота-она ҳузуридаги бурчингни англамайсанми?
- Дуруст англайман, эй амирил муъминийн, дейди ўғил бошини эгиб.
- У ҳолда нега отангга қўл кўтардинг? Ҳақ таоло ўзининг Расули Иброҳим алайҳиссаломга отаси кофир бўлсада иззатини жойига қўйишликни буюрди, сен нечун фарзандлик ҳаддини буздинг?
Ўғил ижозат сўраб деди: “Эй амирил муъминийн, отанинг гарданида ҳам фарзанд ҳақи борми?”.
Албатта бор деди, халифа ва қуйидагиларни айтди:
- Ота бўлмиш покиза, солиҳа, насл-насаби тоза аёлга уйланмоғи лозим, токи фарзанд ўз онасини ўтмишидан уялиб юрмасин.
- Ота фарзандига чиройли исм қўйиши лозим, токи фарзанд ўз исмидан хижолат чекмасин.
- Фарзандга Аллоҳни танитмоғи шарт, токи ҳақ йўлини билсин, фарз амалларини бажарсин, сўнгра касб-ҳунар ўргатмоғи жоиз.
- Ниҳоят солиҳа, мўмина қизга уйлантириб қўймоғи зарур.
Ўғил айтдики, “Эй амирил муъминийн, менку англадим, энди отамдан сўранг-чи, бу ҳақларни қай бирини адо этди экан? Аввало насл-насабини суриштирмай, ёмон ахлоқни касб қилган, Аллоҳни танимайдиган аёлга уйланган, бутун қишлоқ аҳли ҳалигача надомат қилади. Мен эса ҳануз иснод ўтида ёниб яшайман. Туғилган пайтимда отамнинг кўзлари саҳронинг қора қўнғизига тушган экан. Шу боис одат бўлиб қолган таомилга кўра менга ўша қўнғизнинг номини бериб, яъни “Жуъал” – қўнғиз - деб исм қўйган. Ҳанузгача одамлар мени қўнғизга ўхшатиб майна қиладилар. Менга Аллоҳни танитмадилар, ҳалигача пешонам саждага теккани йўқ, чунки отамни ўзи ҳам Яратганни танимайдилар. Касб-ҳунар ўргатишга ҳам ҳаракат қилмадилар. Далада ҳўкиз ҳайдашдан бошқа ишни билмайман. Мана ёшим 30 га яқинлашган бўлсада уйлантиришни ўйлаб кўрганлари йўқ.
Ўғлини ҳасратли маломатларини эшитган халифа отага норози қиёфада боқиб дейди:
- Эй ўзини ота санайдиган инсон, сен фарзандингга жазо сўраб келувдинг, аслида жазога ўзинг лойиқ экансан, оҳ-воҳларингдан энди фойда йўқ, Аллоҳнинг ўзи сени жазолаб қўйибди.
Бу ривоятдан хулоса шуки, биз фарзанд бурчи ҳақида кўп гапирамиз, ноқобил фарзандлардан нолиймиз, уларни аямай танқид қилаверамиз. Ота-онанинг фарзанд олдидаги бурчи ҳақида эса унутиб қўямиз. Зеро ота-онанинг бурчи фақат фарзандни дунёга келтириш, едириш, ичириш ва кийинтиришдангина эмас, балки уларнинг зиммасида улуғ бурчлар, вазифалар мавжуд эканлигини билдириб қўйишликдан ҳам иборатдир.
Муҳтарам ота-оналар, фарзандлар ҳам Аллоҳ таолонинг бизга берган улуғ неъматларидан бири. Шундай экан, биз келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизни Аллоҳни ва Расулини танийдиган, элу юртига, динига, ота-онасига, Ватанига сидқидилдан хизмат қиладиган ўғил-қизлар қилиб тарбиялашга жиддий эътибор қаратишимиз лозим.
Рустамхон ЭРГАШЕВ,
Оқдарё туман “Қум” жоме масжиди имом хатиби.
Киритилган вақти: 26/09/2019 10:22; Кўрилганлиги: 2306
Чоп этилган вақт: 09/10/2024 03:11