Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Оила

Ижтимоий тармоқларнинг салбий оқибатлари, ёхуд оила муқаддас даргоҳ

 
 

Фарзанд ота-онанинг орзу умиди, ҳаётининг давомчиси, вафотидан сўнг Қуръон тиловати ва дуо билан уни ёдга олиб турувчи дилбандидир.

Ҳа, бугун айрим ёшларимиз миллатимиз, Ватанимизни тинч осудалигини қадрига етмай, ота-оналарнинг ҳақ-ҳурматларини билмасдан интернет тармоқлари орқали ножўя хатти ҳаракатларини қилинмоқдалар. Интернет, ижтимоий тармоқларнинг ташкил этилишидан мақсад, илму салоҳиятда илдамлаш, билмаган нарсаларини яхшилик йўли билан ўрганиш, узоқни яқин қилишдир. Яна қайд этиш лозимки, ҳозирги кунларимизда ижтимоий тармоқлар илм-маърифат ва зиё тарқатиш воситаларининг бирига айлангани ҳеч кимга сир эмас. Аммо айни даврда айрим бузғунчи оқимлар интернет тармоғидан ўзларининг ғаразли йўлларида кенг фойдаланиб, ёшларни ўз домига тортаётгани, беҳаёлик, шавқатсизлик, ўз жонига қасд қилиш каби аянчли иллатларни тарғиб этаётгани ҳам бор гап. Интернет тармоқлари орқали танишиб, аҳду-паймон қилиш, оиласи, ўзи ким эканлиги ҳақида яхши хабардор бўлмасдан турмуш қуриш ҳолатлари кўплаб учраб турибди. Бунинг салбий томони шундаки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам никоҳдан олдин йигит ва қиз гувоҳлар иштирокида бир-бирларини кўришлари ҳақида тавсия қилган ҳикмат зоҳир бўлмайди.

Бакр ибн Абдуллоҳ ал-Музанийдан ривоят қилинишича, Муғийра ибн Шуъба бир аёлга совчи қўйганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Унга назар сол. Зеро, бу ўртангизда (меҳр-муҳаббат) давомий бўлиши учун керакдир”, дедилар (Термизий, Насоий, Доримий, Ибн Можа, Аҳмад ва Дорақутний ривояти. Ривоят санади саҳиҳ).

Никоҳдан олдин йигит ва қиз гувоҳлар иштирокида бир-бирларини кўришларига шариатимизда изн берилади. Бунинг биз билмаган бир қанча манфаатлари ҳам бор экан. Бунда фақат моддий жиҳатларгагина эътибор берилмайди, балки муомаласи қандай экани, хулқ-атвори ва дунёқараши бир-бирига тўғри келиш-келмаслиги ҳақида ҳам тасаввур ҳосил қилинади. Мана шу суннатга рисоладагидек амал қилинмаётгани учун ҳам баъзи ёш оилалар ҳеч қанча вақт ўтмай ажрашиб кетмоқда. Олдиндан бир биримизни яхши билишимз керак, деган иддао билан вояга етган, бир бирига номаҳрам бўлган йигит-қизлар ўзаро дўстлашиб, севишиб ҳар куни хилватда, боғларда учрашиб юришлари ҳам хунук анъанага айланмоқда.  

         Бизда эса суриштириш ишларига кўп ҳолларда жуда енгил қаралади ва асосан орзу-ҳавасга, сарпо йиғишга берилиб кетилади. Аслида ёш оилани бахтли қилиш учун фақат либос ва зийнат эмас, балки уларнинг бир-бирига муносиблигига аҳамият бериш керак.         Баъзида миллатимизга мансуб бўлмаган, дини, насл-насабидан мутлақо бехабар киши билан интернет орқали танишиб, оила қурувчилар ҳам пайдо бўлмоқда.

         Никоҳ муқаддас, унинг ўзига хос қонун қоидалари бор. Оила шунчаки кўнгилхушлик эмас, балки ҳаётини бир-бирига боғлаб умрбод бирга ҳалол ва покиза яшаш учун аҳдлашувдир. Никоҳ ўта масъулиятли ва шарафли, ўз навбатида ҳаётда ҳар бир кишининг ўзлигини намоён қиладиган шартнома ҳамдир. Бунга енгил елпи, бепарволик билан қараш ўз умрига, ҳаётига зомин бўлишдек гап. Ёш йигит ва қиз балоғатга етганданларидан кейин уларни мустақил оила ҳаётига ўтказиш ота-она ёки уларнинг ўрнини босувчиларнинг зиммасидаги вазифадир. Шу сабабли ҳам бу борада етти ўлчаб, бир кесиш керак. Шошмашошарлик, ўзбошимчалик билан ташланган қалтис қадам ҳар бир инсоннинг ҳаётида ўчмас доғ қолдириши мумкин. Бугун қўл телефони, компютер, интернет каби алоқа воситалари ҳаётимизнинг ажралмас бўлагига айланиб улгурган. Бу яхши албатта,чунки интернет орқали ёшларимиз дунё билан алоқа қилмоқдалар. Бироқ миллатимиз учун интернет орқали туҳмат тошини отиш, иғво, фитна қўзғатиш каби салбий иллатларидан узоқ бўлиш, фарзандларимизнинг тасодифий бир бири билан топишиб, оила қуришлари мутлақо тўғри келмайдиган ишдир.

Ҳаёт кўнгилхушлик, бойлик орттириш учун ўйин ўйналадиган саҳна эмас. Балки бунга кўркўрона назар ташламасдан эҳтиёткорлик билан қаралса мақсадга мувофиқдир. Майли, ким қайси миллат вакили, қайси ирққа мансуб киши билан оила қуриши ҳар кимнинг шахсий иши. Аммо ҳаммамиз гувоҳи бўлиб турибмиз айрим хорижлик куёвтўралар интернет орқали танишиб никоҳдан ўтган умр йўлдошини ўз юртига олиб бориб, гоҳида шахсан ўзини, гоҳида мурғак фарзандини аро йўлларда ҳам ташлаб кетмоқдалар. Яна бир ачинарли ҳолат шуки, айримлари ўз жуфти ҳалолларини арзимас пулларга сотиб юборишмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда ёшларимиз огоҳлик билан ҳаёт кечиршлари лозим.

Халқимизда оила деб аталмиш қўрғонни қуришга ўзига хос қоидаларга риоя қилинади. Асрлардан буён қон қонимизга сингиб келган ҳаётнинг чиғириғидан ўтган расм-русумлар, урф-одатларимиз мавжуд. Аждодларимиз никоҳга ўта масъулият билан ёндашишган. Меҳрибон бувижонларимиз азалдан бошларига оқ рўймол олиб, етти авлоди, наслу-насабини, зоти-зурриётини суриштириб кейин совчи бўлганлар. Суриштиришдан мақсад эса, бойлиги, улуғ насаби эмас, балки, соф, ҳалол, диёнатли ва тарбияли эканлигини билиш бўлган. Шунингдек, куёвтўраларни касбу кори, илмию амали билан ҳам қизиқишган. Никоҳдан кейин оилада фарзанд дунёга келади. У ота-онаси, бобо, момоларининг яхшилиги, фазилатлари билан билан фахрланиши керак, билакс, уларни ёдга олишдан орланиб яшамаслиги лозим. Улуғларимиз айтганларидек, бахт-саодатнинг сирларидан бири, инсон ўзининг ғамларини эсг олишдан олдин, ўзидаги неъматларни ёдга олиши, улар учун ҳамд айтиб, шукроналик билан ҳаёт кечириши мақсадга мувофиқдир.

 Бахтиёр НАСРИЛЛОЕВ - Самарқанд тумани “Янги масжид”жоме масжиди ходими


Киритилган вақти: 25/10/2019 15:59;   Кўрилганлиги: 1625
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/family/ijtimoiy-tarmoqlarning-salbiy-oqibatlari-yoxud-oila-muqaddas-dargoh
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 14:26
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг