Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Эътиборга муносиб бўлиш лозим

 
 

Мамлакатимизда ҳар йилнинг бирор ном билан аталиши ибратли анъанага айланган. Республикамиз Президенти И.А. Каримов ташаббуси билан жорий қилинган бу ишларнинг самарадорлигини очиқ-ойдин кўрмоқдамиз. Ҳар йили жамиятимиз моддий маънавий ҳаётининг муайян бир соҳаси ривожига, айрим муаммолар ечимига, оилалар фаровонлиги ва мустаҳкамлигига алоҳида эътибор қаратилиши мамлакат тараққиётини таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Маълумки, муҳтарам юртбошимиз бахтимиз қомуси - конституция қабул қилинганлигининг 23 йиллиги муносабати билан сўзлаган нутқида, 2016 йилни “Соғлом она ва бола” йили деб эълон қилди. Ушбу хайрли ташаббус оналар ва болалар соғлиги, ғамхўрлиги борасида, юртимиз ривожи, фуқароларимиз турмуш даражасини сифат жиҳатдан янада яхшилаш йўлида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттиришга қаратилганлиги билан алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, унинг замирида соғлом ва баркамол авлодни камол топтириш, хотин-қизларга юксак эътибор, юрт ободлиги, фуқаролар доимо эркин, тинч ва фаровон яшайдиган жамият барпо этишдек эзгу мақсад мужассамдир.

Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бу ёруғ оламда ҳаёт бор экан, оила бор. Оила бор экан, фарзанд деб аталмиш бебаҳо неъмат бор. Ҳар қайси онгли инсон жондан азиз фарзандининг бахтини, камолини ўйлаб, ҳамиша эзгу орзу-интилишлар билан яшайди, ўз зурриёдининг ҳар томонлама соғлом ва баркамол бўлишини истайди.

Соғлом бола, соғлом авлод орзуси аждодларимиздан бизга ўтиб келаётган, қон-қонимизга сингиб кетган азалий интилишдир.

... Энг муҳими, “Она ва бола соғлом бўлса, оила бахтли, оила бахти бўлса жамият мустаҳкам бўлади” деган ҳаётбахш ғоя ҳар бир юртдошимизнинг қалбига чуқур кириб бориши, ана шу улуғ ишга муносиб ҳисса қўшиш барчамизнинг муқаддас вазифамизга айланиши лозим.

Зеро, мамлакатимизда ниманики ўз олдимизга мақсад қилиб қўймайлик, қандай буюк ишларни амалга оширишга интилмайлик барча эзгу ниятларимиз замирида фарзандларимизни ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан соғлом ўстириш, уларнинг бахту-саодати, фаровон келажагини кўриши, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни тарбиялаш орзуси мужассамдир.

Ана шундай ҳаётий қадриятни жамиятимизда янада чуқур қарор топтириш, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада юксак босқичга кўтаришимиз лозим, шуниндек хотин- қизларимиз ва фарзандларимиз ҳам орзулари ушаладиган, интилишлари қўллаб-қувватланадиган мамлакатда яшаётганликларидан бахтиёр бўлишлари, энг муҳими ана шу ғамхўрлик ва эътиборга муносиб бўлишлари лозим.

Н.Темирова

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилоят вакилининг

хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси


Киритилган вақти: 06/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 2589
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/etiborga-munosib-bolish-lozim
Чоп этилган вақт: 30/07/2021 02:32
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг