Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Эрта турмуш бахтсизлик гирдоби

 
 

Шарқда қадим-қадимдан оила муқаддас даргоҳ ҳисобланади.Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчилик ва хотиржамликка эришилади. Зеро оила фаровонлиги-миллий фаровонлик асосидир. Дарҳақиқат, биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, оила ҳаёт абадийлиги, авлодлар давомийлигини таъминлайдиган, халқимизнинг муқаддас урф-одатлари сайқал топадиган, келажак авлод камолотига бевосита таъсир кўрсатадиган тарбия ўчоғидир.

Асосий қонунимизнинг 63-моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади”, дея белгилаб қўйилган. Мазкур тамойил асосида мамлакатимизда оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унга моддий ва маънавий кўмак бериш чоралари кўрилмоқда.

Янги оила никоҳ билан барпо бўлади. Мутахассисларнинг фикрича, йигит-қизларнинг турмуш қуриш ёши оила мустаҳкамлигига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан биридир. Афсуски, айрим ота-оналар кўпинча фарзандининг келажак тақдири, бахт-саодати ҳақида ўйламай, ҳали балоғат ёшига етмаган қизини узатиш ёки қариндошимнинг қизи бегона бўлмасин, деб ўғил уйлантириш тараддудига тушади. Бунинг оқибатида қизларни ўн олти, ҳатто ундан кичик ёшда турмушга узатиб юбориш ҳоллари учраб туради. Аммо бу кўп ҳолларда бўлғуси онанинг саломатлиги ва руҳиятига, қолаверса, ёш оиланинг мустаҳкамлиги, туғилажак фарзанднинг соғломлигига салбий таъсир кўрсатади.

Соғлом фарзандни тарбиялаш, ҳар бир ота-онанинг орзусидир. Шундай экан ҳали ўзи бола бўлган фарзандларимизни турмушга бериш ёхуд уйлантириш натижасида уларга нафақат жисмоний, балки маънавий жиҳатдан ҳам жуда катта зарар етказиб қўйишимиз мумкин. Зеро, 2008 йил давлатимизда “Болалар ҳуқуқларини кафолатлаш” ҳақида қонун қабул қилинган ва ушбу қонуннинг биринчи бобида 18 ёшгача бўлган шахс бола ҳисобланади, деб белгиланган. Шундай қилиб, 16-18 ёшда турмуш қураётган ва она бўлаётган ўсмир қизлар давлатимиз қонунлари бўйича ҳам ҳали бола ҳисобланади.

Юртимизда қиз болаларнинг – бўлғуси оналарнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий соғлом бўлиб вояга етиши, уларнинг ўрта мактабдан сўнг лицей ва коллежларда албатта таълим олишини таъминлаш, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши бугунги кунда давлат сиёсати даражасига кўтарилган.Соғлом ва ҳаётга мослашувчан фарзандларни 20 ёшдан 40 ёшгача бўлган аёллар дунёга келтиришади. Улардан туғилажак фарзандлар босиқ, соғлом, ақлли бўлиб етишишлари мумкин”, - деган экан юнон файласуфларидан бири Афлотун.

Никоҳ - муқаддас. Айниқса, бизнинг ўзбек халқида бу ришта жуда қадрланади. Лекин негадир, ёшларнинг тезроқ турмуш қуришлари, айниқса, қиз болани эрта харидорига узатиб юбориш керак, деган тушунча мавжуд. Бизнинг миллий хусусиятларимиздан бири келажак авлод ҳақида қайғуриш, соғ­лом, баркамол наслни тарбия­лаб етиштиришга интилишдир. Шу боис комил инсон бўлиш орзуси ҳамма даврларда ҳам асосий масала бўлиб келган ва бу масалада ҳам асосий урғу оналарга берилган. Сабаби, бу улуғ ва масъулиятли иш фақат оналарнинг қўлидан келади.

«Ҳар нарсанинг табиий бир ўлчови бордир. Ўлчовсиз иш ҳеч вақтда фойда бермайди. Никоҳнинг ҳам маълум вақти бўлиб, ундан олдин ёки кеч қолиш ё тиб, ё ахлоқ жиҳатига кўра зарар келтиради. Никоҳ вақтида эр билан хотун орасида ёш эътиборига қараб мувофиқ бўлиши табиий бир ишдир. Никоҳ учун табиий бўлган ёш эрларда йигирма билан қирқ орасида, қизларда ўн саккиз билан ўттиз орасидадир. Бундан сўнг ёки илк бўлган никоҳлар фойдасиз бўлади». Икки аср илгари маърифатпарвар олим Ризоуддин ибн Фахруддиннинг «Оила» номли асарида илгари сурилган ушбу фикрлар бугун ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.

Ҳазрат Алишер Навоий:

“Юз жафо қилса манга, бир қатла фарёд айламон,

Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам”,

– дея хитоб қилганида эл бошига тушган жафонинг юки қанчалар оғир эканлиги, унга бефарқлик эса кўпчиликнинг бу кулфат домига тортилишига сабаб бўлишини назарда тутган бўлса, не ажаб?! Зотан, элнинг дарди билан яшаш, унинг қувончу ташвишларини ўзиники деб билиш халқимизга хос фазилатдир. Шундай экан, эрта никоҳлар, уларнинг салбий оқибатлари масаласи ҳам мутасадди ташкилотларнинггина эмас, балки барчамизнинг оғриқли муаммоларимиздан биридир.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, деб таъкидлаганлар (Байҳақий ривояти). Зарурий кўникмаларни эгалламай, билим олмай туриб турмушга чиққан қиз аёл, рафиқа, она, бека, жамият аъзоси сифатидаги вазифаларини тўкис адо этишга қийналади. Ёшлар 9 йил ўрта умумтаълим мактаби, ундан сўнг лицей ва коллеж таълимини олишлари шарт. Зеро, динимиз таълимотларига кўра илм олиш, маърифатли бўлиш, ҳаёт учун зарур бўлган барча кўникмаларни ўрганиш ҳар бир қиз бола учун ҳам фарздир. Борди-ю, шундан олдин турмуш қурсалар, ўқиш ҳам чала, оила юмушлари ҳам, уй бекалиги ва бошқа ишлар ҳам чала бажарилишига йўл очилган бўлади. Муҳими, илмли ва касб-ҳунарли аёлгина фарзандининг комил инсон бўлишига интилади.

Турмуш қуриш, оила тебратиш ва фарзанд тарбияси каби муҳим ишларда диний ва миллий анъаналаримизга риоя қилиш, оила­ ва никоҳ борасида давлатимиз чиқарган қонун-қоидаларга қатьий амал қилиш зарур. Афсуски, ҳозирги кунда баъзи чаласавод кишилар ўзбошимчалик билан никоҳ шартлари бажарилишини сўраб-суриштирмай, боз устига, ёшларга оилада эр ва хотиннинг ҳақ-ҳуқуқларини, талоқ масалаларини тушунтирмасдан, келин-куёвларга насиҳат қилмасдан, енгил-елпи шаръий никоҳ ўқимоқдалар. Ўзларининг чаласавод эканликларини билганликлари учун икки ёшни никоҳлашдек масъулиятли ишни “енг ичида” ўтказишга уринадилар. Улар пойдевори мустаҳкам бўлмаган оила­лар қурилишига сабабчи бўлмоқдалар. Оқибатда ажримлар кўпаймоқда, болалар тирик етим қолиб, ёшгина аёллар бир умрга бахтсиз бўлиб қолмоқда.

Ноқонуний ни­коҳ­­лар­­нинг олдини олиш учун шаръий никоҳларни фақат расмий жоме масжидлар имом-хатиблари ёки имом ноиблари ўқишини, шаръий никоҳ ўқишдан олдин келин-куёвларнинг расмий оила қурганлиги ҳақида ФҲДЁ бўлимлари гувоҳномаси олинишини, шунингдек, Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий этган никоҳнома китобчаси бўйича барча маълумотлар тўлиқ қайд этилиб, никоҳланувчиларга тақдим этилишини, қонуний никоҳ ёшига етмаган ёшлар ўртасида шаръий никоҳ тузиш қатъий тақиқланишини, имом-хатиблар жойлардаги МФЙ мутасаддилари билан ҳамкорликда норасмий шахслар никоҳ ўқишига қарши тушунтириш ишлари олиб боришларини йўлга қўйиш керак.

Ҳанафий мазҳаби мўътабар манбаларидан «Дуррул мухтор» китобининг «Никоҳ фасли»да бундай дейилади: “Одамзодга никоҳ ва имондан бошқа ҳатто жаннатда ҳам давом этадиган ибодат йўқ. Оила шундай саодатбахш бир боғки, у ҳатто жаннатда ҳам давом этади. Ҳар қандай шартнома маълум муддатдан сўнг кучини йўқотади, аммо бир-бирларидан рози бўлган умр йўлдошларнинг биргаликдаги ҳаёти ўлим билан ҳам тугамайди”.

Никоҳ икки дунё саодатига йигит ва қизни бирга элтувчи муқаддас ришта бўлиши учун ёш йигит қизлар оила қуришларда балоғат ёшдан ташқари камолат ёшига ҳам тўлишлари кераклигини унутмайлик.


Киритилган вақти: 28/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 2104
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/erta-turmush-baxtsizlik-girdobi
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 04:46
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг