Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Меҳр оқибат - Инсон ҳаётининг зийнатидир

 
 

Жамиятдаги барча инсонлар бир-бири билан муносабатда бўлар экан, уларнинг ўртасида меҳр оқибат ва ўзаро ишонч бўлсагина ҳаётлари янада гўзаллашиб бораверади. Инсоннинг қадр-қиммати унинг меҳр оқибати билан баҳоланади. Қанча бой-бадавлат ёки мансабдор бўлмасин, у инсонни меҳр-оқибати бўлмаса, қадр-қиммати, обрўси бўлмайди.

Инсон меҳр-оқибатни авало ўз ота-онасидан олади, ўрганади ва яқинларига ота-онасига  ўша олган меҳрини қайтаради. Меҳр кўрмай катта бўлган кишиларда меҳр бериш ҳам камроқ бўлади. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак бемеҳр инсон бўлади. Ундай инсонларга яқинлари томонидан кўпроқ эътибор, кўпрок меҳр берилса, яхши томонга ўзгаради иншаа Аллоҳ. Пайгамбаримиз Мухаммад саллоллоҳу алайҳи васалламдан бир куни саҳобаи киромлар сўрадилар: “Дунёни нима қутқаради эй Аллоҳнинг расули?” Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам; “Дунёни меҳр, раҳм-шафқат қутқаради”,  дедилар.

Ҳатто, гул ёки кўчат эксангиз ҳам, унга меҳр бериб тарбияламасангиз керакли натижага эриша олмайсиз. Шундай экан азизларим, бир-биримиздан меҳр оқибатимизни дариғ тутмайлик. Сарвари олам, Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг бир хадисларида  шундай ривоят килинади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам саҳобалар билан бирга ўтирганларида, бир гуруҳ одамлар тобутда маййитни кўтариб ўтиб қолдилар. Шунда ул зот ким вафот этганини сурадилар ва маййитни ким эканлигини билдилар. Шунда маййит яхши сифатлар билан эсланди. Бу ҳолатни кузатиб турган Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “вожиб бўлди”, дедилар. Яна бошқа сафар ҳам худди шундай бир гуруҳ одамлар тобутда бир маййитни кўтариб ўтдилар. Фақат бу сафар у майитни ёмон феъл ва хулқлари айтилди. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам яна:  “вожиб бўлди”, дедилар. Шунда: “нима вожиб бўлди эй Аллоҳнинг расули”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Биринчи марта олиб ўтилган майитни яхшиликлари ҳақида гувоҳлик бердиларингиз,  у маййитга жаннат вожиб бўлди. Иккинчи марта олиб  ўтилган маййит ҳақида  ёмонликларини зикр қилдингиз, унга дўзоҳ вожиб бўлди. Сизлар Аллоҳнинг ердаги гувоҳларисизлар”, дедилар.

Шундай экан азизларим, Яратганимиз бизни суйиб инсон қилиб яратди, иймонли бандаларидан қилди. Шунга муносиб яшаб, ўзимиз ва фарзандларимизга намуна бўлайлик, яшаб ўтган умримиздан яхши из колдирайлик.

Э.Абдувохидов - Қўшрабод тумани “Қийқим” жоме масжиди имом хатиби

 


Киритилган вақти: 08/06/2020 11:08;   Кўрилганлиги: 1380
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/mehr-oqibat-inson-hayotining-ziynatidir
Чоп этилган вақт: 28/03/2024 17:20
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг