Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Камтарга камол, манманга завол

 
 

Аллоҳ таоло борликдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан фарқли қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ўзининг каломи шарифида одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бериб шундай марҳамат қилади:

“Батаҳқиқ, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…” (Исро, 70).

Аввало инсоннинг яратилиш сурати, шакл-шамоили, кўринишига ибрат ила назар солсак, унга берилган гўзаллик, мутаносиблик бошқа махлуқотларда йўқ эканлигига гувоҳ бўламиз. Шунингдек, Аллоҳ таоло инсонни ақл ва забон, хулқу-атвор ила мукаррам қилиб қўйди. Аллоҳ таоло одамлар ичидан пайғамбарларни танлаб олиб, уларга ваҳий туширди, илоҳий китоблар нозил этди, шариат ҳукмларини юбориб, охирги индирган китобида Батаҳқиқ, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик… деб эълон қилишининг ўзи ҳам инсон зотини фақат шукр қилиб, Буюк Аллоҳга ва Расулига гўзал итоат ила ҳаёт кечиришга ундайди.

Азизлар, ҳар биримиз Аллоҳ Ўз неъматлари билан бизни азиз этган дину-шариат, Қуръони карим ва суюкли Пайғамбаримизнинг суннатлари ила маърифатланиб, тафаккур қиладиган бўлсак, инсон учун Аллоҳнинг бизга юборган динидан ташқарида бўлган барча ишлар Аллоҳга исён эканлигини англаймиз. Жумладан, кибр, манманлик, зўравонлик, ўзини бошқалардан устун қўйиш динимизда гуноҳи кабиралардан ҳисобланади. Мўмин-мусулмон инсон Аллоҳ ва Расули қайтарган барча амалларрдан сақланмоғи лозим. Аслида ҳам мўмин  “иймон”, “омон" сўзлари негизидир, яъни, иймон келтирган мўмин киши энг аввало Аллоҳ ва Расули қайтарган ва ёмон кўрган амаллар ва одатлардан омонда бўлмоғига далолат қилади. Азизлар, Аллоҳга иймон келтириш борлигимизча таслим бўлиш, яхшилик ва ёмонликни ажратиш, У Зотга итоат эса аслида камтарликдир. Мутакаббирларни эса Аллоҳ севмаслигини Ўз Каломида  баён қилган:

“…Албатта, У мутакаббирларни севмагай” (Наҳл сураси, 23-оят).

Инсон Аллоҳ ризоси учун камтарлик қилса, унинг даражасини Аллоҳ кўтариб қўяди.

Ривоят қилурларки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккаи Муакаррамадан ҳижрат қилиб Мадинаи Мунавварага етганларида, Мадинанинг аъёнлари ул ҳазратнинг истиқболларига чиқдилар. Ҳар бири туянинг арқонини тутиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни ўз уйига олиб боришни орзу қиларди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Туянинг ихтиёри ўзида, у қаерга борса, менинг манзилим ўша ерда бўлади” - дедилар. Туя бораётганда ҳар ким ўзича хурсанд бўлиб, туя меникига борса керак деб ўйларди. Улар орасида Абу Айюб Ансорий (р.а.) камбағал бўлиб, ҳеч нарсаси йўқ эди. “Шунча бой ва машҳур одамлар турганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазратлари менинг уйимга борармидилар?”- деб ўйларди. Жаброил (а.с.) шу вақтда ҳозир бўлиб дедилар: “Ё, Расулаллоҳ, Абу Айюб манзилини муборак қадамингиз нури билан мунаввар қилинг, чунки Аллоҳ  субҳанаҳу ва таоло унинг камтарлиги ва мутавозелиги учун манзилини Сизга қароргоҳ этди”.

Инсон қанчалик маърифат ила камтарлик қилса Аллоҳ унинг даражасини икки дунёда зиёда қилади.  Аллоҳ таоло бизни кибрланиш учун эмас, балки Ўзига, Пайғамбар алайҳиссаломга итоат қилиш учун яратган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ким менга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди. Кимки менга осийлик қилса, батаҳқиқ Аллоҳга осийлик қилибди. Кимки амирга итоат қилса, батаҳқиқ менга итоат қилибди. Ким амирга осийлик қилса, батаҳқиқ менга осийлик қилибди”, дедилар.

Муттафақун алайҳ.

Нотавон бўлмасдан бурун тавозе кўрсатганлар, гуноҳкор бўлмасдан бурун ҳалолдан топиб муҳтожларга ёрдам берганлар, йўқсиллар ва ҳоли забунларга кўмаклашганлар нақадар бахтлидирлар!... Нақадар бахтиёрдир фиқҳ ва ҳикмат аҳли билан ёронлик қилганлар! Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Эй одамлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас ҳаёти дунё сизни ғурурга кетказмасин. Ўта ғурурга кетказгувчи сизни Аллоҳ ила ғурурга кетказмасин” (Фотир, 5-оят).

Инсон яратилишли ила энг аввал содир бўлган гуноҳ ҳам кибр эди, уни шайтони лаин Аллоҳга итоат этмай, Аллоҳ таолонинг ғазабига лойиқ бўлишига эришган эди. Биз уммат суюкли пайғамбаримиз ҳулқлари  билан хулқлансак,  бизнинг саодатимиз шудир. Зеро, Расулуллоҳнинг  хулқлари Қуръон эдилар: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам , 4-оят).

Аллоҳ барчамизни Ўзининг солиҳ камтарин, Ўзига гўзал итоатда, бандаларига нисбатан меҳрли, мурувватли бандалардан бўлишимизни насиб айласин.

Ҳусниддин МИНГЛИБОЕВ  - Нарпай туманХўжакарзон” жоме масжиди имом хатиби 


Киритилган вақти: 23/12/2019 12:52;   Кўрилганлиги: 2116
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/kamtarga-kamol-manmanga-zavol
Чоп этилган вақт: 29/03/2024 16:30
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг