Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Фарзандларимизни жиноятга қўл уришдан сақлайлик

 
 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

     Инсоният тарихидан яхши маълумки ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам инсонлар ўз фарзандлари билан фахрланишни истайдилар. Ҳеч бир инсонга ўз фарзандининг ёмонлиги ёки жиноятчи эканлиги фахр келтирмайди. Шундай экан фарзанд тарбиясида ислом дини таълимотига риоя қилиш муҳимдир. Ислом таълимотидан  яхши маълумки фарзанд бу Аллоҳ таолонинг бандасига берган энг улуғ неъматларидандир. Инсонга ҳеч бир неъмат бесабаб ва беҳикмат берилмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:

Осмонлару ернинг мулки Аллоҳникидир. У зот хоҳлаган нарсасини яратур. У зот хоҳлаган кишисига қизлар ҳадя этур ва хоҳлаган кишисига ўғиллар ҳадя этур. Ёки уларни жуфтлаб - ўғил қиз қилиб берур ва хоҳлаган кишисини туғмас қилур. Албатта, У зот ўта билгувчи ва қодирдир” (Шууро 49-50 оятлар).

Ушбу оятдан маълум бўладики, энг аввало ҳар бир ота-она фарзандни Аллоҳ таолонинг неъмати деб билиши ва неъматни шукрини адо қилиши лозим. Шукурнинг асосийси - фарзандни Аллоҳ рози бўладиган даражада тарбиялашдир. Бугунги кунда аксарият оилаларда фарзанд тарбияси долзарб муаммолардан биридир. Чунки ўша муаммоли хонадондаги ота-оналар фарзанд тарбияси борасида ўз бурчларини адо қилмаётганлигидандир. Ўша бурч яъни фарзанд тарбияси ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис саломдан кўплаб тавсиялар бор. Жумладан, Расулуллоҳ (с.а.в): “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақа­ беришидан яхшироқдир” (Имом Термизий ривояти) - деганлар. Бошқа бир ҳадисларида: “Ота боласига чиройли тарбиядан қимматлироқ нарса мерос қолдиролмайди.”–деганлар. Ушбу ҳадислардан маълум бўладики фарзанд тарбиясида одоб-ахлоқ ниҳоятда муҳим. Одоб-ахлоқни сингдиришда ота-она тарбия бериш билан биргаликда, ўзлари ҳам ўрнак бўлиши ва боланинг вақтини тўла қамраб оладиган зарур ва  манфаатли машғулотлар, яъни илм  ва касб-ҳунар ўрганиш учун шароит ва имконият яратиши лозим бўлади.

Донишмандлар, фарзанд тарбияси ҳақида руҳий, ахлоқий, жисмоний, ақлий, нафсий, ижтимоий ва жинсий тарбия бериш лозимлигини таъкидлайдилар. Шунинг учун ота-она  фарзандига ҳалол-ҳаром, савоб ва гуноҳ, ростгуйлик ва ёлғончилик кабиларнинг фазилати ва зарарларини ўргатиши керак. Фарзанд тарбияси ҳақида Абдуллоҳ Авлоний шундай деганлар: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”. Агар фарзандга яхшилик ўргатилса у  вояга етади дунё ва охиратда бахтиёр бўлади. Ўз ҳолига ташлаб қўйилса, бахтсиз бўлади. Шунинг учун фарзандларимизни ҳаётда комил инсон бўлиб вояга етишлигида атрофидаги кишиларнинг таъсири муҳимлигини унутмаслигимиз лозим. Чунки атрофидаги инсонлар хоҳ уйда, хоҳ кўчада хоҳ мактабда бўлсин унинг намуна олишига сабабчи бўлади. Шунинг учун боланинг тарбиясида қаерга бораётгани, кимлар билан юргани ва нималар билан машғул эканлиги ниҳоятда муҳим. Болаларимизнинг бўш вақти-душманларимизни иш вақтига айланишидан доим огоҳ бўлайлик.

РАФАЭЛ РАВШАНОВ - Нуробод тумани бош имом хатиби


Киритилган вақти: 15/01/2020 11:59;   Кўрилганлиги: 1315
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/farzandlarimizni-jinoyatga-qol-urishdan-saqlaylik
Чоп этилган вақт: 25/04/2024 22:58
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг