Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Таълим-тарбия

Фарзанд тарбияси — масъулият ва улуғ шараф

 
 

Муқаддас ислом дини таълимотида кишининг фарзанд тарбияси, аҳли оиласи равнақи, фаровонлиги, моддий ва маънавий камолоти йўлида меҳнат қилиши энг улуғ ажру савобли амаллардан ҳисобланади. Шунингдек, ўта муҳим амаллардан ҳисобланиб, масъулият ҳам юклайди. Фарзанд тарбияси билан шуғулланиш икки дунё саодатини қўлга киритиш дея таълим беради.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо (с.а.в) ўзларининг муборак ҳадисларининг бирида:  “Фарзандларни севишлик дўзахдан пардадир, улар билан бирга дастурхон атрофида ўтириб таомланишлик дўзахдан омонлик хатидир”- дея марҳамат қилганлар. Бошқа бир ҳадисларида: “Фарзандларингизни тез-тез ўпиб туринглар бас, сизларнинг ҳар бир ўпичларингиз жаннатдан даражадир”, деб марҳамат қилганлар. Саҳобалардан Ақроъ ибни Ҳобис (р.а) бир куни Набий (с.а.в) нинг набиралари ҳазрати Ҳасан (р.а) ни тиззаларига олиб, пешонасидан ўпиб, эркалатиб ўтирганларини кўриб, ё Расулаллоҳ набирангизни ўпаяпсизми? Мени ўнта фарзандим бор бирортасини ўпмаган эканман деганида Набий (с.а.в) “Кимки раҳм қилмаса унга ҳам раҳм қилинмас”, деб жавоб берган эканлар.

Анас ибн Молик (р.а) дан ривоят қилинган ҳадисда у киши Расулаллоҳ (с.а.в) дан : “Ё Расулаллоҳ кишининг оила даврасида аҳли аёли, фарзандлари билан ўтириши яхшими ёки масжидда ўтиришими? — деб сўрадим. Расули акрам (с.а.в): “Кишининг бир соат аҳли оиласи, фарзандлари даврасида ўтириши менинг мана бу масжидимда эътикоф ўтиришидан кўра яхшидир”, дедилар. Ҳазрати Анас ибни Молик (р.а): “Ё Расулаллоҳ (с.а.в) кишининг аҳли оиласига нафақа қилиши яхшими сиз учун ёки Аллоҳ йўлига нафақа қилишими?”, деб сўрадим. Расулуллоҳ (с.а.в)  “Кишининг аҳли оиласи учун бир дирҳам (кумуш танга) инфоқ қилиши мен учун яхшидир Аллоҳ йўлига бир динор (олтин танга) инфоқ қилмоқлигидан”, деб жавоб бердилар. Мўмин мусулмон кишининг аҳли оиласи нафақаси учун қиладиган меҳнатларига нақадар улуғ ажру савоб олиши ҳақидаги хабарни қуйидаги ҳадисдан ҳам билиб олсак бўлади.  Манбаъул одоб ва Иҳёда келтирилишича, суюкли Пайғамбаримиз Мухаммад Мустафо (с.а.в): “Аҳли аёл хизмати Робби таолонинг ғазабини ўчиради, ҳасанот ва даражотни зиёда қилади. Нафақаи аҳли аёл жаннатдаги ҳурул ийнга маҳрдир. Киши модомики аҳли оиласини хизматини қилар экан унинг номини Аллоҳ таоло  шаҳидлар девонига ёзади. Аллоҳ таоло у учун аҳли оиласига хизмат қилган ҳар бир кеча  ва кундузига мингта шаҳидлик савобини беради. У бандасининг ҳар бир босган қадами учун бир ҳаж ва бир умрани савобини беради. Аллоҳ таоло унинг танасидаги томирлари ададича жаннатдан шаҳар ато этади”. Пайғамбаримиз (с.а.в) яна шундай марҳамат қилганлар: “Қайсики мўмин банда  хотинига уй рўзғор ишларида ёрдам берар экан Аллоҳ таоло у учун Айюб, Довуд ва Яқуб алайҳумуссаломлар савобини ато этади”.

Анас ибн Молик (р.а) дан ривоят қилинади:  Ёши улуғ бир киши ёш гўдаги билан Набий (с.а.в) нинг ҳузурларига келиб турар эди. Тақдир экан фарзанди вафот этди. Шундан сўнг у киши Расулуллоҳни ҳузурларига келмай қўйди. Пайғамбаримиз (с.а.в) у киши ҳақида сўрадилар. Саҳобалар “сизни олдингизга олиб келиб турган фарзанди вафот этган. Шу сабаб келмай қўйди”, деб жавоб бердилар. Пайғамбаримиз (с.а.в) “Нега менга бу ҳақда хабар бермадиларингиз, юринглар биродаримизни ҳолидан хабар олиб, унга таъзия изҳор қилайлик”, дедилар. Набий (с.а.в) саҳобалар билан борганларида ҳалиги киши маҳзун ҳолатда “Ё Расулаллоҳ (с.а.в) фарзандимдан умидим катта эди. Қариган чоғимда менга суянчиқ бўлади деб умид қилган эдим”, деб кўзига ёш олиб кутиб олди. Расулуллоҳ (с.а.в) “Қиёмат қоим бўлганида Аллоҳ таоло фарзандингизга “жаннатга кир”, дейди. Фарзандингиз “ота-онамчи улар кирмайдиларми”, дейди. Яна бир бора жаннатга кир дейилганда ота-онамчи дейди. Учинчи марта айтилганида жаннатга ота-онасиз киришдан бош тортади. Шунда Аллоҳ таоло сизларни биргаликда жаннатга киришга изн беради. Фарзанд ота-онасини шафоат қилиб, жаннатга қўлидан тутиб олиб киради бу сизни хурсанд қилмайдими”, дедилар. Шунда унинг юзидаги хафалик кетди”. Демак, фарзандларимиз бизга бу дунё ва охиратда фойдаси тегадиган улуғ неъмат экан уларнинг қадрига етиб, чиройли тарбия бериш биз ота-оналарни зиммамиздаги буюк бир масъулият ҳисобланади.

 М.Абдухолиқов - Пайариқ тумани  бош имом хатиби


Киритилган вақти: 03/07/2020 14:46;   Кўрилганлиги: 1970
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/eductaion/farzand-tarbiyasi-masuliyat-va-ulug-sharaf
Чоп этилган вақт: 11/11/2024 01:24
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг