Болаларингиз тарбиясини гўзаллаштиринг
Бугунги ёшларимиз тарбияси ҳақида жуда кўп гапирилади. Чунки тарбия инсон камолоти даврида муҳим ўрин эгаллайди. Кўз қувончи бўладиган фарзанд ўстириш учун ота-она фарзандига эътибор кўрсатиши, нозик ниҳолдек асраб авайлаши, тарбиялаши зарур. Уни барча ёмон иллатлардан ҳимоя қилиб, фақат яхшиликлар ила етаклаши, яхшиликлар билан тарбиялаши керак. Бола ота-она учун бир имтиҳон. Бу синовдан муваффақиятли ўтишнинг бош омили эса болани гўзал ахлоқ эгаси қилиб тарбиялашдир.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларга муносабатда диққатли бўлишни амр этганлар: “Болаларингизга меҳр кўрсатинг, уларга ҳурмат билан қаранг, одоб ва тарбиясини гўзаллаштиринг!”(Имом Ибн Можа ривояти).
Маълумки, меҳр-муҳаббат, шавқат кўриб ўсган болаларнинг ўзлари ҳам меҳрибон бўлишади. Зулм кўрган, кўп танбеҳ эшитган бола эса аламзада ва зулмкор бўлади. Шунинг учун бола тарбиясида меҳр-муҳаббат кўрсатиш алоҳида аҳамиятга эга. Яқинда маҳалламиз мактабларидан бирида бўлганимда ёшгина қизчалар ва болаларнинг чиройли мактаб формаларида одоб билан олдимдан салом бериб ўтишларини кўриб дилим қувнади. Уларга қараб туриб ўйланиб қолдим. Мана шулардан яхши тарбия, яхши илм топганлари келажакда етук инсонлар бўлиб етишиши шубҳасиз. Аммо етарли билим ва тарбия топмаганлари бўлса-чи? Улар эртага ким бўлишади? Уларнинг жамиятга қандай фойдаси тегишади? Улардан одамлар озор топмайди-ми? Ҳа, улар жамиятимизнинг ашаддий кушандаси бўлиши шубҳасиз. Шунинг учун эй азиз ота-оналар, ҳурматли устозлар тарбияда ҳозирдан эҳтиёт бўлайлик. Бу ишга ҳар биримиз масъулият билан ёндашайлик. Эртага эса кеч бўлмасин.
Ёшлар тарбиясига ота-оналарнинг нописандлик билан қараши хунук оқибатларга олиб келади. Фарзандларимиз дини, маданиятидан узоқлашади, маънавияти бегоналашади, жоҳиллик сари юз тутади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ахлоқли ва жамиятга фойда келтирадиган фарзанд ўстирган ота-онанинг амал дафтари вафотидан кейин ҳам ёпилмаслиги ҳақида хабар берганлар ( Имом Насоий ривояти).
Меҳрибон Раббимиз бизларга марҳамат ва раҳмати туфайли бандалик илмини яхши эгаллашимиз учун китоблар ва Пайғамбарлар юборди. Бу Пайғамбарлар умматлари учун энг яхши намуна бўлдилар. Фарзандлар тарбиясида биз улардан ибратланмоғимиз даркор. Бу ҳақиқат ҳисоб-китобини бугун қилиш керак. Чунки қиёматда надоматлар фойда бермайди. Шундай экан, топган тутганларимиз ҳалол-поклигига, устозларимиз кимлигига аҳамият қаратишимиз, ҳақиқий илм ва самимий таҳсил талабгори бўлишимиз зарур. Демак, фарзандларимизга гўзал келажак истасак, биринчи шарт ўзимизни Қуръон ва суннат асосида тарбиялашни унутмайлик. Фарзанд тарбиясига жиддий ёндашилмас экан, муаммолар ечимсиз қолаверади. Ёш авлод онгига Аллоҳдан қўрқишни, гуноҳлардан тийилишни, шарму ҳаёнинг моҳиятини теран сингдиришимиз, уларни турли нотўғри ғоя ва қарашлардан асрашимиз зарур. Болаларимизни инсон шарафини сақлаб яшайдиган маънан етук шахслар қилиб тарбиялайлик. Ёддан чиқармайлик, фарзандларимиз Аллоҳ тамонидан бизларга берилган омонатдир. Ҳурматли ота-оналар биз фарзандларимиз учун масъул эканлигимизни унутмайлик.
Лутфулло ҳожи ҲОЖИҚУРБОНОВ, Пастдарғом туман “Салим ота” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 27/09/2019 12:39; Кўрилганлиги: 1369
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 13:04