Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

Дунёда меҳмонмиз

 
 

Азиз қилиб яратгандир Аллоҳ одамни,

Шунинг учун ўйлаб босгин ҳар бир қадамни.

Савоб билан безаб яша ҳаётлик дамни,

Синов учун берилгандир бизларга имкон,

Унутмайлик, бу дунёда ҳаммамиз меҳмон.

Азизлигин кимдир сақлар, кимдир сақламас,

Еган нонин кимдир оқлар, кимдир оқламас.

Дўзахларда ёнмоқликни ҳеч ким хоҳламас,

Жаннат томон олиб борар ишончу имон,

Унутмайлик, бу дунёда ҳаммамиз меҳмон.

Тарк айлама меҳмончилик одобларини,

Ўқиб чиққин одамийлик китобларини.

Бориб кўргин ғамгин, дардман – бетобларини,

Ғаниматдир ҳар сония инсонга инсон,

Унутмайлик, бу дунёда ҳаммамиз меҳмон.

Кимдир ўтди иззат топиб ҳаётда шодон,

Кимдир ўтди номи каззоб, ҳаёсиз, нодон.

Имон билан кетмоқликни сўранг Худодан,

Гуноҳлардан тавба қилинг чиқмасидан жон,

Унутмайлик, бу дунёда ҳаммамиз меҳмон.

Эй Боқоний, кимга зулм қилган бўлсанг, бас,

Узр сўраб розилигин олгин, илтимос.

Мўминларга ярашмайди кибру ҳаво, нафс,

Охиратда ўрнатилар адолат, мезон,

Унутмайлик, бу дунёда ҳаммамиз меҳмон.

Яхшилигу эъзозларга, тўлиб кетайлик,

Меҳмонмизми, меҳмондайин бўлиб кетайлик.

Йиғлаб келдик, кетар чоғи кулиб кетайлик,

Навбат келиб фурсат етса кутмайди бир он,

Унутмайлик, бу дунёда ҳаммамиз меҳмон.


Киритилган вақти: 29/12/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3055
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/dunyoda-mehmonmiz
Чоп этилган вақт: 16/04/2024 18:14
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг