Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

ДУНЁ ДИНЛАРИ ТАЪЛИМОТИДА ТАБИАТ МУҲОФАЗАСИ

 
 

XX асрнинг иккинчи ярмида инсоният аввалгилардан фарқли кўринишдаги муаммолар билан тўқнаш келгани сир эмас. Эндиликда уларнинг таъсиридан қутилиш ва бу борада турли ечимлар топиш асримизнинг энг долзарб масаласига айланди. XX асрнинг биринчи ярмида кўп асрлар мобайнида давом этиб келган давлатлараро ва фуқаролик урушларига барҳам бериб, азалий орзу – тинчликка эришиш инсоният учун бирламчи мақсад ҳисобланган бўлса, иккинчи жаҳон урушидан сўнг аҳоли табиий ўсишининг юқори даражаси сақланиб қолиши, фан ва техника ютуқларидан тор манфаатлар йўлида фойдаланиш ортидан иқтисодий, ижтимоий-маданий муаммоларни туғилиши билан бир вақтда қатор минтақаларда мураккаб экологик вазиятнинг вужудга келиши масалани янада чигаллаштириб юборди. Бунинг оқибатида кишиларнинг яшаш тарзи, сиҳат-саломатлиги ва ижтимоий-маданий ҳаётида туб ўзгаришлар кузатила бошланди. Хуллас, социологлар таъбири билан айтганда, инсоният “ҳозир ҳатто, сўнгги икки юз йилликлар стандарти бўйича қаралган вақтда ҳам, ундан кўра оғирроқ драматик ижтимоий ўзгаришлар даврини бошдан кечирмоқда” [2: 753].

Дин ижтимоий ҳаётда консерватив куч сифатида ҳам, прогрессив куч сифатида ҳам муайян роль ўйнаши табиий. Тан олиш лозимки, баъзи даврларда диний қарашлар ва амалиётларнинг кўпчилик шакллари ўзгаришлар йўлида тўсиқ бўлиб қолганига қарамай, диний эътиқодлар – қадриятлар кўпинча жамиятда ўзгаришлар яратиш учун ёрдам берган.

Бугунги кунда ижтимоий барқарорликни таъминлашдаги муҳим жиҳатлардан яна бири глобал экологик муаммолар, атроф-муҳитни ифлосланиши ва ижтимоий ҳаётга таъсири масаласини ўрганиб чиққан ҳолда уларни бартараф этиш йўлларини ахтариш ҳисобланади. Чунки, сўнгги икки аср ичида Ер юзининг аксарият мамлакатларида саноатлашув жараёнини жадаллашиб кетиши атроф-муҳитнинг аҳволи тобора даҳшатли равишда ёмонлашишига олиб борди. Бунинг оқибатида, айни асрда инсоният иқлим ўзгариши, саноат маҳсулотлари қолдиқлари ва маиший чиқиндилардан чиқаётган газсимон моддалар таъсирида атроф-муҳит ифлосланиши, энергия ресурслари ва хом-ашёга бўлган талабни кескин даражада ўсиши натижасида Ер ости захиралари танқислиги каби муаммоларга тўқнаш келиб турибди. Мазкур муаммолар орасида биргина атроф-муҳитнинг ифлосланиши одамзот ҳаёти ва тирикчилигига катта хавф солаётганлигини қуйидаги маълумотлар билан танишиш орқали билиб олиш қийин эмас. 2008 йил декабр ойида Ҳиндистондаги ижтимоий масалаларга бағишланиб эълон қилинган махсус ҳисоботда қайд этилишича, ҳар куни 14000 киши ифлосланган ичимлик сувидан заҳарланиш таъсирида вафот этмоқда. Айниқса, ҳар куни 1000 та ҳиндистонлик болакай ифлос сувдан истеъмол қилгани сабабли ичкетар касаллигига чалиниб дунёдан кўз юммоқда [4]. Шунингдек, “Хитойда аҳоли ўлимига таъсир кўрсатаётган энг катта омил – атмосферанинг ифлосланиши” мавзусидаги махсус ҳисоботда эълон қилинишича, тахминан ярим миллиард хитойлик тоза ичимлик суви етишмаслигидан азият чекмоқда, ҳар йили Хитойда 656.000 киши атроф-муҳитни ифлосланиши оқибатида вафот этмоқда [4]. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш лозимки, бундай экологик муаммоларнинг долзарблигини фақат Хитой ва Ҳиндистон мисолида кўриб чиқишимиз бу икки давлат саноати тараққий этиб, дунёнинг ривожланган мамлакатлари қаторида саналишига қарамай, аҳолиси юқоридаги каби ижтимоий қийинчиликларга юз тутиб турганлиги билангина боғлиқ эмас, балки сайёрамиздаги инсониятнинг энг кўп қисмини ўз бағрига сиғдирган мазкур мамлакатларда яҳудийлик, христианлик ва ислом динлари вакиллари ҳам маълум улушни ташкил қилганлари билан алоқадордир. Масалан, 1,3 миллиард аҳолиси мавжуд Хитойда тез ўсаётган ва кенгаётган динлар сифатида христианлик ва ислом динлари эътироф этилмоқда. Яъни, бугун Хитойда христианлар тахминан 45 миллион, мусулмонлар эса қарийб 30 миллиондан иборат бўлиб, бу кўрсаткич умумий аҳолининг икки ва тўрт фоизини ташкил қилади. Ҳиндистонда эса умумий аҳоли 1,2 миллиард бўлиб турганда, уларнинг аксариятини 800 миллионлик тарафдорлари билан ҳиндуийлар (80.5 %), кейин мусулмонлар (13.4 %) ва христианлар (2.3 %) ташкил қилади [4].

Демак, атроф-муҳит тозалиги масаласи дин социологияси фани доирасида ҳал қилинадиган муаммолар қаторига киритилиш сабаби ҳозирги замон саноати ва технологияси муайян ижтимоий институтлар билан боғлиқ ҳолда вужудга келганлигидир. Шу боис ижтимоий барқарорликни таъминлашда атроф-муҳит мусаффолиги зарур эканлигини инобатга олиб, юқоридаги муаммолар ечимига нисбатан уч дин мавқеини ўрганишни лозим топдик.

Мазкур динлар орасида пайдо бўлиши жиҳатидан дастлабкиси яҳудийликда экологик маданият борасида қуйидаги икки принцип марказий ўрин эгаллайди: тирик мавжудотга азият етказмаслик ва ҳалок қилмаслик. Яҳудийликка кўра, тирик мавжудотга азият етказмаслик қоидаси инсониятни ҳайвонот дунёсига нисбатан шафқат билан муносабатда бўлишини таъминлайдиган муҳим принцип ҳисобланиб, бу масаланинг аҳамияти юқорилиги Таврот оятларида ҳам акс этгандир: “Ўша (Шаббат) куни ўзларингиз, ўғилларингиз ёки қизларингиз, қулларингиз ёки чўриларингиз, ҳайвонларингиз, шаҳрингиздаги мусофирлар ҳеч қандай иш қилманг” (Чиқиш 20:10). Бошқа оятда эса атроф-муҳит, жумладан, ҳайвонот оламига ғамхўрлик кўрсатишга ундашдан мақсад улар одамзот учун тирикчилик воситаси қилиб берилганлиги таъкидланади: “Ўт ва сабзавотни сизларга емиш қилиб берганим сингари ҳамма тирик жонзотларни ҳам сизларга емиш қилиб бераман” (Ибтидо 9:3). Шунингдек, яҳудийлик таълимотига кўра, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш борасида белгиланган иккинчи қоида – “вайрон қилмаслик” табиий борлиқ ва ундаги тирик мавжудотлар (ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, ҳатто, инсонлар)га нисбатан шафқатсизларча муносабатда бўлишни таъқиқловчи принцип саналади. Бу тўғрисида келган Таврот оятида ҳатто, бирор шаҳарни узоқ вақт қамал қилиш даврида ҳам у ердаги дарахтларни вайрон этишдан қайтарилиб, балки, улардан фойдаланишга буюрилади (Қаранг: Иккинчи қонун 20:19) [1: 155-156].

Христианлик динининг католик оқимида ҳам яҳудийликда бўлгани сингари атроф-муҳит муаммоларига нисбатан муносабат турли тамойиллар, ижтимоий таълимотлар ва Рим папасининг мурожаатлари орқали билдирилган. Масалан, 1987 йил ўша даврдаги Рим папаси Иоанн Павел иккинчи мурожаатида атроф-муҳит муҳофазаси бўйича қуйидаги уч жиҳатга эътибор қаратилади: Биринчи, тараққиёт бир нарсани эътироф этиши лозимки, бу тартибли дунёда ҳар бир жонзот ўзаро боғланган занжирни ташкил қилади. Ер усти ва ости ҳамда меҳнат ресурсларидан фақат иқтисодий манфаат йўлида фойдаланиш нотўғридир. Шу сабабли ҳатто, ҳайвонот олами ҳам борлиқдаги ўз вазифасини бажарган ҳолда – католик катехизиси (диний ақидаларнинг савол-жавоб тарзидаги қисқача баёни)да айтилганидек – ҳурмат ва шараф кўрсатилишига лойиқ. Иккинчи, табиий бойликлар захираси чегараланган эканлигини ёдда тутиб, инсоният келгуси авлод ҳаёти ҳақида қайғуришга масъулдир. Учинчи, Ер юзидаги ҳар бир инсон бошқалар томонидан ҳурмат кўришга, сиҳат-саломат ҳолатида юқори турмуш даражасида ҳаёт кечиришга ҳақлидир [1: 183].

Ислом динида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича маълум кўрсатмалар берилганини Қуръони карим оятларини ўрганиш асносида билиб олиш мумкин. Аввало, шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ислом инсон, борлиқ ва уларни Яратган билан алоқадорлиги тўғрисидаги таълимотларни мужассам этган диндир. Шу боис ислом динида инсон ва табиат ўртасидаги алоқани мавжуд бўлиши Яратганнинг қудрати ҳақида мушоҳада юритиб, Унга ибодат қилишга чорловчи, борлиқ гўзалликларидан баҳра олиб, унинг компонентларини асраб-авайлашни кўзда тутувчи маънавий масъулият ҳиссини уйғотадиган ўзига хос ришта ҳисобланади [1: 194]. Ислом таълимотига биноан, инсон бу борлиқни ажралмас бир бўлаги бўлиб, бошқа мавжудотлар орасида алоҳида мавқеъга эга ҳисобланади. Табиат эса инсон манфаатларига хизмат қиладиган ўзига хос таъминот манбаи сифатида кўрилади. Инсон ва табиатга нисбатан бу тарздаги муносабатдан келиб чиқиб, борлиқдаги бирор мавжудотга етадиган хавф-хатар одамзотнинг фаровон ва саломат ҳолатда ҳаёт кечиришига монеълик қиладиган омил деб баҳоланади. Шунинг учун ислом динининг муқаддас китоби Қуръони карим оятларидан бирида ер юзидаги юрувчи ва учувчи жонзотлар инсон каби халқ (уммат) эканлиги (“Анъом”:38), бошқасида эса ўзи сингари халқ – наботот ва ҳайвонот оламини ҳалок қилиш “бузғунчилик” (“Бақара”:205) деб таърифланади. Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳадисларида ҳар бир инсон ер юзида тинчлик ва омонлик бўлиши учун масъуллиги ҳамда ушбу жавобгарлик хусусида Яратганнинг олдида саволга тутилиши ҳақида таъкидланади [3: 72].

Шу ўринда, ислом динидаги Ер юзини обод қилиш ва атроф-муҳитни муҳофаза этиш борасидаги кўрсатмалари халқимиз орасида қадрият даражасига кўтарилганлигини кўриш мумкин. Яъни, жамият ва инсониятга теккан манфаати, одамзот ҳаётида тутган роли билан муҳим аҳамият касб этиб, эъзозланадиган қадриятлардан бири – ҳашардир. Шубҳасиз, ҳашар халқимизнинг йиллар давомида сақланиб келаётган ўзига хос одатларидан бири бўлиб, у атроф-муҳитни, маҳаллаларни обод қилиш баробарида кишилар ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик туйғуларини ҳам мустаҳкамлайди. Унинг замирида ободлик, ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, хайр-саҳоват, бунёдкорлик мужассам саналади.

Юқорида келган маълумотлардан шундай хулоса қилиш мумкинки, ижтимоий барқарорликни таъминлаш борасида яҳудийлик, христианлик ва ислом динларида белгилаган йўл аввало, инсон манфаатларига қаратилган бўлиб, ушбу принцип одамзотни маънавий, иқтисодий ва тиббий жиҳатдан тўғри ҳаёт кечиришини кўзда тутади. Шунингдек, мазкур динлар эътибор қаратган асосий қадриятлар – инсоннинг ҳаёти, ақли, дини, насли ва мол-мулкини муҳофаза қилиш ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар:

1. Deep ecology and world religions : new essays on sacred ground / Edited by David Landis Barnhill and Roger S. Gottlieb. –N.Y.: State University of New York, 2001. – 291 p.

2. Гидденс Э. Социология: Олий ўқув юртлари учун ўқув қўлланма /Тарж. Н. Маматов ва Ж.Бегматов. – Т.: Шарқ, 2002. – 847 б.

3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Иймон. – Т.: “Шарқ”, 2006. – 345 б.

4. www.wikipedia.org


Киритилган вақти: 26/04/2017 00:00;   Кўрилганлиги: 24372
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/dunyo-dinlari-talimotida-tabiat-muhofazasi
Чоп этилган вақт: 26/09/2021 02:09
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг