ҚИШЛОҒИМ ҚАЛБИМ СУРУРИ
Биз яшаб турган маскан Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманининг даштли ҳудудида жойлашган Мойбулоқ қишлоғидир. Бу қишлоқнинг ўзига яраша файзу-таровати ва фазилатлари бор. Қишлоғимизда бир неча турдаги шифобахш табиий гиёҳлар ўсади. Лалмикор ва сувли ерларидан турли хил нозу-неъмат мевалар етиштирилади. Нўхат, кунжит, буғдой, қовун, тарвуз, узум дейисизми, уларнинг таъми ўзгача. Мойбулоқнинг майизи дунёга машҳур. Айниқса “кўк”, “ош майиз”, “қора майиз”, “сояки”, “кунаки”, “илма сояки”, “илма кунаки” каби бир неча турдаги майизларнинг тайёрланиш усулларини маҳаллий аҳоли маҳорат билан амалга оширади. Қора майиз инсонларнинг зеҳн, юрак, мия фаолиятига қувват бўлишини тиббиёт соҳаси ҳам тасдиқлаган.
Ҳар бир жойнинг ўз ўтмиш тарихи бўлгани каби қишлоғимизнинг ҳам ўз тарихи бор. Пиру-бадавлат нуронийларимизнинг сўзларига кўра “Мойбулоқ” аслида “Морбулоқ” (яъни “Илон булоқ”) бўлган. Бу ном билан аталишига сабаб, бу ҳудудда бир неча асрлар илгари булоқ бўлиб, унинг атрофи қамишзор, тўқайзор бўлган. Булоқ атрофи, чангалзорда катта-кичик илонлар яшаган. Кейинчалик булоқ борлиги сабаб атрофлар одамлар келиб яшай бошлашган. Лекин илонлар зиён етказиб одамларни тинч яшашларига қўймаган. Шунда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу келиб илонларнинг бошлиғини зулфиқор қиличи билан бўлакларга бўлиб ташлаган ва бу бўлаклар вақт ўтиши билан тошга айланиб қолган. Одамлар буни Илонтош, дейишган. Бу бўлаклар булоқ атрофида бўлгани боис бўлоқни Морбулоқ- яъни Илонбулоқ деб атай бошлаганлар. Кейинчалик илонлар бу масканни тарк этиб, аҳоли кўпайган ва тўқайзор ўрнини боғу-роғлар эгаллаган. Морбулоқ эса – Мойбулоқ деб атала бошлаган. Нима бўлганда ҳам бу ўтган аждодларимиз томонидан айтиб келинган бир ривоятлар. Аслида буларнинг тўғрисини билгувчи Аллоҳдир.
Қишлоғимизнинг кун ботиш томонида Қоқсой қишлоғи бор. Уни “Қоқ ота” ҳам дейишади. Кун чиқар тарафида эса Андоқ қишлоғи жойлашган. Андоқсой тоғли ҳудуд бўлиб, икки тарафи сойликдан иборат. У қишлоқда Абул Ҳасан Андоқий яшаб ўтганлари сабаб “Абул Ҳасан Андоқий икки ёнида сайноқи” деб байт ҳам тўқишган. Хожа Абул Ҳасан Андоқий (ҳижрий 460 – 552 милодий 1067 – 1159 й.) ўз даврининг авлиёси саналмиш Юсуф Ҳамадонийга иккинчи халифа даражасига кўтарилган. Хожа Абул Ҳасан Андоқий Бухорода таҳсил олган илми толиблардан эди. Ул зот машҳур фиқҳ олими Абулкарим ибн Ҳанифа Андоқийнинг неварасидир. Фахриддин Али Сафийнинг “Рашахотул – Айнул Ҳаёт” асарида Андоқий ҳақида: “Ул зот одамларни илм бериб тарбиялаган Аллоҳ Таоло йўлиг адаъват қилишда ва поклик эгаси бўлишга ўргатган. Андоқий узоқ ибодат қилувчи бўлиб, Пайғамбаримиз суннатларига эргашган эди. Бир неча йил устозлари Юсуф Ҳамадоний билан Боғдод ва Хоразмга бориб ваз ва насиҳатлар ўқиганлар. Хўжа Абул Ҳасан Андоқий Юсуф Ҳамадонийни Аҳмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждивоний сингари шуҳратли шогирдларидан бўлган”, дейилган.
Ўтмишда Андоқсойнинг мағрур оқсоқоллари “Сойларимиздан оқаётган қор-ёмғир сувларини тўсиб, Мойбулоқни сувсизликдан қуритиб, Қоқсой қиламиз”, дейишса, Қоқ отанинг донишманд оқсоқоллари “Улур сойларидаги қор ёмғирдан иборат ер усти сувларини биздан тўссалар, биз уларни доғда қолдириб, ер ости сувларини олиб қўямиз, ана шунда улар андоқ бўлиб қолади”, дея бир бирларига ҳазил-мутойиба ҳам қилиб туришган.
Мақоламизга хотима ясаб сўзимнинг охирида шуни айтмоқчиманки, Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлдан адаштирмасин. Шу мусаффо осмон остида ва табаррук тупроғида қанчадан қанча мўътабар зотлар ётган муборак замин устида яшар эканмиз тилимизни зикрдан тўхтатмасин. Худо бир милллат, элатни шу қавмга раҳмат назари билан боқиб ўзларининг ичидан адолатли раҳбарни раҳнома қилиб қўяркан. Ўзига беадад, беҳисоб шукроналар бшлсинки, биз Худонинг шундай суюкли бандаларимиздан десам муболаға бўлмайди.
КАМОЛИДДИН Жиянов, Катақўрғон тумани “Мойбулоқ” жоме масжиди имом хатиби
Киритилган вақти: 08/10/2019 13:53; Кўрилганлиги: 1567
Чоп этилган вақт: 14/10/2024 14:00