Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Самарқанд вилояти вакиллиги
w w w . s a m m u s l i m . u z

Мақолалар

БУЗҒУНЧИ ОҚИМЛАРНИНГ СОХТА ДАЪВОЛАРИГА РАДДИЯЛАР

 
 

Мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этаётир. Лекин, афсус, бу неъматлардан фойдаланиб, шукр ўрнига ношукрлик қиладиганлар, ғанимларимиз ноғорасига ўйнайдиганлар, ўз юртига тош отадиган нобакорлар ҳам йўқ эмас.

ХХ ва ХХI асрларда ҳизбут таҳрир, нурчилар, салафийлар, жиҳодчилар, такфирчилар ва ҳижратчилар каби ўнлаб адашган оқимлар пайдо бўлиб, дунё мусулмонлари ўртасида бузғунчилик қилишяпти. Турли жанжаллар, низолар чиқишига сабаб бўлмоқда.

Ҳижрат масаласида

Ҳижрат: гуноҳ-маъсиятларни тарк этиш. Шу маънодаги ҳижрат тўғрисида Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир қатор кўрсатмаларни баён қилганлар. Жумладан, Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда У зот: “Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, дейдилар. Ақидапараст гуруҳлар эса ҳижрат тушунчасини ўз мафкуравий қарашларига мос равишда нотўғри талқин қилмоқда.

Бу кучлар таассубга берилган шахсларни дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадларни амалга оширишга интилмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни Ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, Исломнинг беш аркони эмин-эркин адо этиладиган, мусулмонлар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанни тарк этишга тарғиб қилмоқдалар. Ваҳоланки, она юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш Ислом таълимотига зиддир.

“Шаҳидлик” масаласида.

Ушбу сўз “ҳозир, гувоҳ, кўрган-билганлари ҳақида хабар берувчи” маъноларини ифодалайди. Шунингдек, “Шаҳид” Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири бўлиб, “гувоҳлиги ишончли, ҳар доим ҳозир бўлувчи Зот” деган маъноларни англатади.

“Шаҳид” сўзининг яна бир маъноси ўзга шахс томонидан ноҳақ ўлдирилган мусулмондир. Кишининг ўзини ўзи ўлдириши, гарчи нияти дин йўлида деб эълон этилса-да, “ўз жонига суиқасд қилиш” деб баҳоланади.

Шариат нуқтаи назаридан бу ҳаракат Парвардигор берган ҳаётга тажовуз қилиш даражасидаги гуноҳи кабира ҳисобланади.

Ҳозир баъзи гуруҳ ва шахслар “ўзини ўлдириш” тушунчасини шаҳидлик билан қориштириб талқин қилишяпти. Шахснинг маълум мақсадлар йўлида “ўзини ўзи ўлдириш”и “шаҳидлик амалиёти” деб баҳоланиши айни адашишдир. Ёвуз ниятли кучлар ўз ҳаракатларини оқлаш мақсадида келтирган барча далилларни Ислом уламолари қоралашган ва асоссиз деб топишган.

Жиҳод масаласида.

Ушбу сўз араб тилидан таржима қилинганда “ғайрат қилмоқ”, “ҳаракат қилмоқ”, “интилмоқ”, “зўр бермоқ”, “бор кучини сарфламоқ”, “курашмоқ”, “меҳнат қилмоқ” каби маъноларни ифодалайди.

Дастлаб “жиҳод” дейилганида Исломни ҳимоя қилиш ва ёйиш учун кураш тушунилган. Бу сўзнинг истилоҳий маъноси “душмандан ҳимояланишда қўли, тили ёки кучи билан курашишдир”.

Макка даврида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) Аллоҳ таолонинг: (Эй Муҳаммад), Раббингизнинг йўлига (динига) ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!” (Наҳл, 125) деган кўрсатмаси асосида фаолият олиб борганлар.

Агар “жиҳод” Ислом давлатини қуриш учун ёки инсонларни динга киришга мажбурлаш учун жорий этилганида эди, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзлари бу борада намуна кўрсатган бўлур эдилар. Бироқ Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай йўл тутмадилар. Аксинча, мусулмон жамияти тинч йўл билан табиий равишда юзага келгач, унинг ҳимояси учун жиҳодга чиққанлар.

Ҳозир эса бузғунчи тоифалар айрим мусулмонларнинг Ислом ахкомларини билмаслиги, илмий савияга эга эмаслигидан фойдаланиб, “жиҳод – муқаддас уруш” деган тушунчани тарғиб қилиб, ноҳақ қон тўкилишига сабабчи бўлишади. Бунга дунёнинг турли чеккаларида “жиҳод” ниқоби остида содир этилаётган қўпорувчилик ҳаракатлари мисол бўла олади.

Мазҳабсизлик.

ХХ аср сўнгида мусулмон оламида Ислом ниқоби остида яна бир янги таҳдид – мазҳабcизликка чақирувчилар тоифаси намоён бўлди.

Ушбу ҳаракат тарафдорлари даъво қилишларича, Исломда суннийликдаги тўрт фиқҳий мазҳабнинг бирига эргашиш шарт эмасмиш. Агар мусулмон бирор шаръий масалада улардан бирининг йўлини тутса, у кўр-кўрона тақлид қилгани учун хатокор, мутаассиб ва диндан ажралган фирқа ва гуруҳлардаги шахслар каби адашганлардан бўлар эмиш. Бу тоифа кишилари фиқҳий мазҳабларга эргашиш ёки бирор-бир мужтаҳид имомга эргашиш Аллоҳни қўйиб, уларни раб қилиб олишдир, деган иддаони илгари суришади. Афсус, улар ҳар бир мусулмон якка тартибда “ижтиҳод” қилаверадиган бўлса, мазҳабларнинг сони тўртта эмас, мингтадан ҳам кўпайиб кетишини тан олишмайди.

Имом Аҳмад (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ким динда тақлид йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Унинг сўзи Сунна ва солиҳ кишилар қарашларини рад қилишдир”, деганлар.

Такфир.

Бу ибора арабча “куфр” сўзи ўзагидан олинган. Луғатда “инкор қилиш”, “ёпиш”, “каффорат бериш” каби маъноларни англатади. Истилоҳда эса мўмин кишини асоссиз сабаблар билан кофирга чиқариш демакдир.

Қуръонда “куфр” сўзи бир неча ўринларда келган. Бир жойда кофирликни билдирса, бошқа жойда ношукрликни ифода этади.

Мусулмонни кофирга чиқаришдан келиб чиқадиган хатарлар боис Қуръон ва Суннада бировларни кофирга чиқаришдан қайтарилади. Аллоҳ таоло бундай дейди: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳ йўлида сафарга чиққанингизда аниқ иш тутингиз! Сизларга салом берган (ёки таслим бўлган) кишига бу дунё матоҳини (ўлжани) кўзлаб: “Мўмин эмассан”, демангиз! Аллоҳнинг ҳузурида кўп ўлжалар (бордир). Илгари сизлар ҳам шундай (имонингизни сир тутар) эдингиз, (сўнгра)сизларга Аллоҳ неъмат ато этди. Бас, аниқлаб иш тутингиз! Албатта, Аллоҳ (барча) ишларингиздан хабардордир (Нисо, 94).

Имом Бухорий Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Агар киши биродарига “Эй кофир”, деса, у (сўз) иккисидан бирига қайтади”.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) даврида пайдо бўлган хорижийлар фирқаси такфир тушунчасини ўзларига эргашмаганларга нисбатан қўллаган.

Хорижийлар қурол ишлатиш билан ўз эътиқодини тарқатиш ва ҳокимиятга эришишни мақсад қилишади. Улар мусулмонларни ўлдиришни ҳалол санашган. Улар “Жамал воқеаси” иштирокчилари, Усмон, Али, Муовия, Амр ибн Ос, Абу Мусо каби саҳобаларни ҳам куфрда айблашади. Катта гуноҳ қилган кишини кофирга чиқариб, уларнинг авлоди, моли ва жонини ўзларига ҳалол санашган. Хорижийларнинг такфир тушунчаси орқали минглаб мусулмонлар, жумладан, ҳазрат Алининг (розияллоҳу анҳу) ҳам ҳаётига тажовуз қилинган.

Ислом уламолари хорижийларнинг катта гуноҳ бўйича даъволарини таҳлил этиб, уларнинг гаплари исломий тушунчалардан жуда йироқ эканини таъкидлашади. Ислом тарихида хорижийлар қўллаган услуб бугун ҳам жиҳодий жамоалар мафкурасида давом эттириляпти. Улар ўзларига эргашмаган шахслар ва тузумларни кофирликда айблашади. 2005 йил июл ойида Оммон (Иордания) шаҳрида Ислом олами етакчи уламолари қабул қилган фатвода: “Тўрт сунний мазҳабга эътиқод қилувчиларнинг барчаси мусулмон ҳисобланади. Уларни имонсизликда айблаш, жонига, номусига ва мулкига қасд қилиш жоиз эмас”, деб эълон қилинган.

Зайниддин ЭШОНҚУЛОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Самарқанд вилояти вакили ўринбосари


Киритилган вақти: 07/01/2016 00:00;   Кўрилганлиги: 3566
 
Материал манзили: https://www.sammuslim.uz/articles/buzgunchi-oqimlarning-soxta-davolariga-raddiyalar
Чоп этилган вақт: 19/04/2024 23:15
 
 
Ўқиш учун ушбу тугмани босинг